Барқарор иқтисодий ўсиш – халқ фаровонлиги гарови

    Ўзбекистон ўз олдига халқ фаровонлигини таъминлашдек муҳим мақсадларни қўйган ҳолда сиёсат олиб бормоқда.

    Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган стратегик режаларга кўра, юртимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, рақамли технологияларни, ташқи ва ички туризмни ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсад қилинган. Табиийки, бу ҳозирги куннинг талабидир.

    “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Президент фармони лойиҳасида 2024 йилда юртимизда амалга ошириладиган муҳим ислоҳотлар қамраб олинган.

    Хусусан, “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши бўйича муҳим вазифалар белгиланмоқда.

    Жумладан, Макроиқтисодий барқарорлик борасида 2024 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатларини 6 фоиздан кам бўлмаган даражада таъминлаш, консолидациялашган бюджет тақчиллигининг ЯИМга нисбатини 4 фоиздан юқори бўлмаслиги ҳамда экспорт ҳажми ўсишини 25 фоиз даражасида таъминлаш кўзда тутилган.

    Шунингдек, фискал барқарорликни таъминлаш ва давлат мажбуриятларини самарали бошқариш бўйича Ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида овоз беришда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида “Бир фуқаро – бир овоз” тизимини жорий этиш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича эса 35,5 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, 309 та йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш орқали 36 мингта янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда илғор, ривожланаётган бозорларнинг инвесторлар ва экспертларини бирлаштирган (Капитални ривожлантириш жамғармаси БМТнинг) “Agora” веб-платформаси имкониятларини ўрганиб чиқиб, тегишли таклифларни киритиш мақсад қилинган.

    Бундан ташқари, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини ошириш бўйича республика бўйлаб қўшимча 1270 МВт қувватли қуёш фотоэлектр ва 200 МВт қувватли шамол электр станцияларини, шунингдек 20 та микро ва кичик ГЭСларни ишга тушириш назарда тутилган.

    Шу билан бирга, ҳудудларда умумий қуввати 350 МВт бўлган кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш, жамоат транспортини экологик тоза ёқилғига ўтказиш бўйича ишларни жадаллаштириш ва ҳудудларда тизимни ривожлантириш, Республика ҳаво кемалари паркини 80 тага етказиш ва авиаташувлар ҳажмини 20 фоизга ошириш ҳам асосий мақсадлардан биридир.

    Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш бўйича эса ҳосилдорликни пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича 80-100 центнерга етказиш, қуввати 45 минг тонна бўлган 11 та агрологистика марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, чорвачиликда йиллик ўсиш суръатини камида 3,8 фоизга етказиш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажмини камида 2,5 миллиард долларга етказиш ҳам айни жараёнларда муҳим вазифалар сифатида кўрсатилган.

    Экспорт салоҳиятини кучайтириш ва унинг таркибида қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар улушини кўтариш бўйича “Экспорт акселератор” дастурини амалга ошириш ва драйвер соҳаларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш йўлида ҳам муҳим ҳаракатлар назарда тутилган.

    Дарҳақиқат, рақамли технологияларни ривожлантирган ҳолда мамлакатни минтақавий “IT-НUB”га айлантириш мақсадлари замон талабига айланмоқда.

    2024 йилда бу борада Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар ва сервислар сонини 700 тага етказиш, халқаро интернетга уланиш тезлигини 4 200 Гбит/с.га етказиш, магистраль телекоммуникация тармоғи ва аҳоли яшаш масканларида 30 минг километр оптик толали алоқа линиялари қуриш орқали уларнинг умумий узунлигини 260 минг километрга етказиш ва халқаро аҳамиятга эга автомагистраль ҳамда темир йўлларнинг мобил интернет билан қамров даражасини 90 фоизгача етказишга алоҳида эътибор қаратилган.

    Компьютер дастурлаш ва аутсорсинг хизматлари ҳажмини 10 триллион сўмга, уларнинг экспорти ҳажмини эса 800 миллион долларга етказиш, шунингдек, халқаро курьерлик жўнатмалари ҳисобини юритишга қаратилган “Курьерлик жўнатмалари” ахборот тизимини яратиш муҳим масалалар сифатида кўрсатилган.

    Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш бўйича хорижий туристлар сонини 10,5 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 3,5 миллиард долларга, жумладан, тиббиёт ва таълим туризми экспортини йилига 200 миллион долларга етказишга эътибор қаратилган.

    Бундан ташқари, ички сайёҳлар сонини 21 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиган туристлар сонини 1,5 миллионга етказиш, “Меҳмонхона – транспорт – тур-оператор – савдо ва сервис” корхоналари кооперация асосида фаолият юритадиган 4 та йирик туризм кластер (мажмуа)ларини ташкил этиш ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига ҳудудларда 600 та жойлаштириш воситаларини ташкил этиш назарда тутилган.

    Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, урбанизация стратегиясини амалга ошириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш даражасини ошириш ҳам юртимизда муҳим масаладир. Шу маънода аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш, урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, “Янги Ўзбекистон” массивлари сонини 45 тага ва уй-жой қурилиши ҳажмини 80 мингтага етказиш, кўп квартирали уйлар ҳамда бошқа кўчмас мулк объектларининг улуш киритиш асосида қурилишини тартибга солувчи қонунчилик асосларини шакллантириш каби муҳим масалалар илгари сурилмоқда.

    Юқоридаги вазифалар амалга оширилиши мамлакат иқтисодиётининг ўсишида муҳим аҳамият касб этган ҳолда халқ фаровонлигини таъминлаш учун хизмат қилади. Ушбу чора-тадбирлар мамлакат ривожи ҳамда унинг келажагини белгилаши билан аҳамиятлидир.

    Умуман олганда, мазкур фармон қабул қилиниши Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга, фуқароларнинг иш билан бандлик даражасини оширишга, шунингдек, аҳоли даромадини ўсишига оид муҳим вазифалар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади, десак, муболаға бўлмайди.

    Искандар Ўроқбоев,

    “Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates