“Бу шунчаки статистика эмас. Бу мактабга кетаётган болалар, ишга кетаётган ота-оналар, ҳаёти бир зумда барбод бўлган одамлар”, деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.
Йўл-транспорт ҳодисалари дунё бўйлаб ўлимнинг саккизинчи асосий сабаби ва беш ёшдан ошган болалар ва ёшлар ўлимининг асосий сабабидир. Муаммо барча йўл-транспорт ҳодисаларининг 90 фоизи содир бўладиган паст ва ўрта даромадли мамлакатларда, айниқса, долзарбдир. Пиёдалар, велосипед, мотоцикл ҳайдовчилари ва болалар – хавфсиз транспорт ва йўл инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаганлар ана шундай аянчли ҳодисаларнинг қурбонига айланмоқда.
БМТ Бош котиби шаҳарсозликни яхшилаш ва хавфсиз жамоат транспортидан фойдаланиш, мажбурий шлем ва хавфсизлик камарларидан фойдаланиш, тезликни назорат қилиш ва самарали фавқулодда вазиятлар баённомаларини жорий этиш мазкур муаммонинг ечими бўла олишини таъкидлади. Бу чоралар минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради.
Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ муаммонинг аҳамиятини ва чоралар кўриш зарурлигини инобатга олган ҳолда, мамлакатлар БМТ Бош Ассамблеясининг бу борадаги резолюциясини бир овоздан қабул қилишди, 2021 – 2030 йиллар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича иккинчи ўн йилликдаги ҳаракатлар босқичи деб эълон қилинди ва бу даврда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим ва жароҳатларни камида 50 фоизга камайтириш бўйича аниқ мақсад белгилаб берилди.
“Vision Zero” дастури – самарали ечим
Статистик маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари асосан автомашинани маст ҳолда бошқариш, тезликни белгиланган меъёрдан ошириш, хавфсизлик камарларини тақмаслик, носоз транспорт воситаларини бошқариш, диққатнинг чалғиши, ҳайдовчининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар оқибатида юз бермоқда.
Хўш, бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида дунё миқёсида қандай чоралар кўрилмоқда? Улар ўз самарасини беряптими?
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида автоҳалокатларнинг олдини олиш бўйича турли дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, бу йўл-транспорт ҳодисалари пайтида ўлим ва жароҳат олиш билан боғлиқ аянчли ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Ана шундай давлатлардан бири – Швеция.
1997 йилдан 2024 йилгача Швецияда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим ҳолатлари сони 60 фоиздан кўпроққа камайди. Ҳозирда ҳар 100 000 кишига тахминан 2,5 та ўлим тўғри келади. Бу дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан биридир. Швеция бундай натижага қандай қилиб эришмоқда?
Гап шундаки, Швецияда 1997 йилда “Vision Zero” (Йўлда 0 ўлим) дастури ишга туширилган. Мазкур дастур “Инсон ҳаёти тезлик ва қулайликдан муҳимроқ” деган ғояга асосланади. Дастур Швеция ҳукумати томонидан муҳандислар, полиция ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жиддий жароҳатларни олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган. Мазкур дастур халқаро эталон сифатида тан олинган бўлиб, Нидерландия, Буюк Британия, АҚШ, Канада ҳам қўлланилмоқда.
Концепция йўл ҳаракати хавфсизлиги учун асосий масъулиятни лойиҳачилар ва қурувчиларга юклайди. Улар қурилиш босқичида инсон омилини ҳисобга олишлари шарт, бу эса бахтсиз ҳодисалар эҳтимолини минималлаштиради. Бундан ташқари, лойиҳачилар тезлик ва ҳаракатланиш қулайлигидан кўра, барча фойдаланувчилар учун йўлларнинг хавфсизлигига устувор аҳамият беришлари керак.
Ҳамма транспорт воситалари бир йўналишда ҳаракатланадиган пиёдалар йўлаклари бўлмаган кўчаларда тезлик чегараси соатига 10 километр қилиб белгиланган ва мувофиқликни таъминлаш учун тезликни пасайтиргичлар ўрнатилган. Пиёдалар кўчани исталган жойда кесиб ўтишлари мумкин бўлган ва велосипедлар ва автомашиналар параллель равишда ҳаракатланадиган кўчаларда тезлик соатига 30 километр этиб белгиланган. Назорат қилинмайдиган пиёдалар ўтиш жойлари бўлган кўчаларда тезлик чегараси – соатига 40 километр. Велосипед йўлакчаларига фақат битта автомобиль йўлаги бўлган йўлларда рухсат берилади, кўп чизиқли йўлларда махсус велосипед йўлакчалари талаб қилинади.
Шаҳарларда – соатига 30 – 50 километр тезликда ҳаракатланиш мумкин. Бундан мақсад тўқнашувда ўлим хавфини камайтиришдан иборат. Мамлактда хавфсиз инфратузилма яратилган. “Ақлли” светофорлар ва айланма йўллар қурилган. Йўл ҳаракати қоидаларини бузилишнинг электрон қайд этиш тизимлари йўлга қўйилган. Шунингдек, йўлда ҳаракатланиш маданияти ҳам аъло даражада. Бу мактаблар ва оммавий ахборот воситалари орқали йўл ҳаракати иштирокичиларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш фаол равишда тарғиб қилинаётганининг маҳсулидир.
Умуман олганда, мамлакатда жорий этилган бундай комплекс чора-тадбирлар йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтиришда ажойиб ечим бўлди.
Автоҳалокатлар сони бўйича қайси мамлакатлар етакчи?
АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон йўл-транспорт ҳодисалари умумий сони бўйича етакчилик қилади. Ҳар йили АҚШда 2 миллиондан, Хитойда 500 мингдан, Ҳиндистонда 450 мингдан зиёд автоҳалокатлар содир бўлади. Йўл-транспорт ҳодисаларининг кўп юз бериши мазкур мамлакатлар аҳолиси ва автомобиллар сонинг кўплиги билан ҳам боғлиқ.
Статистик маълумотларига кўра, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим ҳолатларининг энг юқори кўрсаткичлари Гвинея, Либерия, Гаитида кузатилган. Нега айнан мазкур мамлакатларда ўлим кўрсаткичлари юқори, деган савол туғилиши табиий.
Маълумки, мазкур давлатлар дунёдаги энг камбағал мамлакатлардан саналади. Иқтисодий муаммолар мамлакатларда йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун имкон бермайди. Шу боис, ушбу мамлакатлардаги йўлларнинг сифати талаб даражасида эмас. Шу билан бирга, мазкур мамлакатларда йўл ҳаракати қоидаларига нисбатан назоратнинг сустлиги, қоидабузарликлар учун жарималарнинг камлиги, жароҳатланган одамларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш тизимнинг йўлга қўйилмагани, хавфсиз транспорт воситаларидан эмас, балки кўпроқ мотоцикллардан фойдаланилиши, ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмаслиги билан боғлиқ омиллар автоҳалокатлар ва у билан боғлиқ ўлимлар сонининг ошишига сабаб бўляпти.
2024 йилда йўл-транспорт ҳодисалари туфайли ўлим ҳолатлари энг кам кайд этилган мамлакатлар – Норвегия, Швеция ва Исландия. Бу мамлакатлар ушбу натижаларга юқори сифатли йўл инфратузилмаси, йўл ҳаракати қонунларига қатъий риоя қилиш, самарали соғлиқни сақлаш тизими ва жамоат транспорти ва велосипедлардан фаол фойдаланишни ўз ичига олган комплекс ёндашув орқали эришишмоқда.
Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чоралар
Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан бери йўл ҳаракати хавфсизлиги, йўл ҳаракати қоидалари, ўқитиш ва таълим, транспорт воситаларини текшириш, суғурталаш ва бошқа соҳаларга оид 100 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинди. Айтиш жоизки, умумий ҳуқуқий асос, йўлларни лойиҳалаш стандартлари, транспорт воситаларини лойиҳалаш спецификациялари ва йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш тамойиллари мавжуд.
Олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамай, мамлактимизда автоҳалокатлар ва у билан боғлиқ бўлган ўлим ҳолатлари ва жароҳатлар қайд этиб келинмоқда. Бу мамлакатимиз йўлларида автомашиналар сони кундан-кунга кўпайиб бораётгани билан ҳам боғлиқ. Ўтган йили мамлакатимизда 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, уларда 2203 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган ва 8901 нафар фуқаро жароҳатланган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 47,1 фоизи ҳайдовчилар томонидан пиёдага йўл бермаслик, 3,7 фоизи ухлаб қолиш, 22,8 фоизи белгиланган тезликка ва 3,6 фоизи светофор ишорасига амал қилмаслик оқибатида содир бўлган.
Юртимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида муҳим чоралар кўриляпти. Мисол учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 мартдаги қарорига мувофиқ, Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоят ва туман марказларида ҳамда шаҳар чегаралари ичида рухсат этилган тезлик соатига 60 километрдан ошмаслиги белгилаб қўйилганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Аввалги тезлик чегараси соатига 70 километр эди. Халқаро тажрибага қарайдиган бўлсак ҳам дунёда шаҳар ҳудудларида максимал тезлик чегараси соатига 70 километр бўлган мамлакатлар камлигини кўрамиз.
Тезлик билан боғлиқ бундай меъёрнинг киритилгани бежиз эмас. Маълумки, тезликни оширганда бахтcиз ҳодиса ва унинг жиддий оқибатлари эҳтимоли ошади. Масалан, тезликнинг 1 фоизга ошиши ҳалокатли бахтсиз ҳодиса эҳтимолини 4 фоизга, жиддий бахтсиз ҳодиса эҳтимолини эса 3 фоизга оширади. Ўртача тезликни атиги 5 фоизга камайтириш орқали ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисалари сонини деярли 30 фоизга камайтириш мумкин. Шу боис, шаҳар йўлларида тезликни соатига 60 километрдан оширмасликни белгилаб қўйилганининг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини англаш қийин эмас.
Тарғибот хабардорликни ва йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш учун жуда муҳим ҳисобланади. Шунинг учун мактаб ёшидаги болалар ўртасида мунтазам равишда “Яшил чироқ” мусобақалари ўтказилиб келинмоқда. Қолаверса, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати болалар боғчалари ва мактабларда мунтазам равишда ўргатиш ва хабардорлик тадбирларини ўтказиб келади. Шунингдек, ҳукуматнинг тегишли қарори билан болалар 14 ёшга тўлгандан кейингина жамоат йўллари ва кўчаларида велосипедда ҳаракатланишлари мумкинлигининг белгилаб қўйилгани ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, ҳар ойнинг тўртинчи чоршанбасида “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилмоқда. Бу нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, балки катта шаҳарларда автомобиль тирбандлигини камайтириш, жамоат транспорти тизимини ривожлантириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишда муҳим ўрин тутади.
Жамоат транспортини кўпайтириш, инфратузилмани яхшилаш йўловчиларга қулайлик яратиши баробарида, йўл-транспорт ҳодисалари сонининг сезиларли камайишига имкон беради. Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида ер усти метро йўналишларининг ишга туширилгани, янги замонавий автобусларнинг харид қилинаётгани йўловчиларнинг узоғини яқин қилиб, уларга қулайликлар яратмоқда.
Яна бир гап. Транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида пойтахтимизнинг бир неча туманларини боғловчи Шота Руставели кўчасидаги йўлнинг Миробод кўчасидан Чоштепа кўчасигача бўлган қарийб 7 километр қисми реконструкция қилинди. Кўча ўртасида ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, BRT (Bus Rapid Transit) тизими асосида йўл ўртасида ажратилган автобус йўлаги Тошкент шаҳрида биринчи бор амалиётга татбиқ қилинди. Пойтахтимизда мазкур тажрибадан келиб чиқиб, яна 10 та кўчада шундай қурилиш ишлари бошланади. Бу жамоат транспорти қатновини тезлаштириб, йўловчиларга қулайликлар яратиши баробарида, йўлда хавфсизлик даражаси ошиб, йўл-транспорт ҳодисалари камайишига ҳам хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, йўл – қоидаларга бўйсинишни, диққат-эътиборни, бошқа ҳаракат иштирокчиларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб этади. Хоҳ у ҳайдовчи бўлсин, хоҳ у пиёда қоидалар барчага баравар. Чунки кўчага чиққач ҳамма йўл ҳаракати иштирокчисига айланади. Биргина эътиборсизлик, йўл қоидаларига амал қилмаслик мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлиши мумкин. Ана шуни эсдан чиқармасак бўлгани.
Шаҳзод Ғаффоров,
“Yuz.uz” шарҳловчиси









