Бахшичилик  дунё билан бўйлашади 

    Маданият 16 август 2023 1213

    Ўзбек бахшичилик санъатининг “ЮНЕСКО”нинг Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилиши Республика бахшичилик санъати маркази давлат муассасаси ходимлари зиммасига янада катта масъулият ҳам юклайди.

    Марказ илмий ходимлари томонидан Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда Маданият марказларида фаолият юритаётган “Бахшичилик” синфлари ва тўгаракларида фойдаланиш учун “Бахшичиликка ўқитиш методикаси” (Бахшичилик мактабларининг 1–5 синф ўқувчиларига мўлжалланган), “Ўзбек бахшичилик санъати тўғрисида маълумотлар”, “Ўзбекистон бахшилари” китоб албомининг II қисми, “Бахшичилик санъати дарғалари” номли деворий кўргазмали суратлар жамланмаси тайёрланди.

    Шунингдек бахшичилик синфхонасини жиҳозлаш бўйича методик тавсиялар Маданият муассасаларига тақдим этилди. Ёшларда бахшичилик санъати ҳақида илк тасаввурни уйғотиш мақсадида мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида бахшичилик тўгаракларини ташкил этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Соҳа вакиллари ва таниқли фольклоршунос олимлар билан ҳамкорликда республикамиз ҳудудларида яшаб, ижод этган бахшилар, оқин ва жировлар ижодини ўрганиш, тадқиқ этиш мақсадида бир қатор илмий экспедициялар олиб борилмоқда.

    Бахшичилик йўналишида Халқаро ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, турли халқаро анжуманлар, фестиваль ва танловлар, концерт ҳамда маҳорат дарсларини ташкил этиш юзасидан бахшилар, оқин ва жировлар иштирокида чет элларга гастрол сафарлари ташкил этилди. Ўзбек бахшичилик санъати ва унинг тарихини хорижий давлатларга танитишга хизмат қилувчи миллий бахшичилик чолғу асбоблари ва саҳна либослари кўргазмасини ташкил этиш масалларига алоҳида эътибор бериляпти. Маҳаллий ҳокимликлар, жойлардаги ҳунармандлар уюшмаси билан ҳамкорликда миллий бахшичилик чолғу асбоблари ҳамда либосларини яратиш мақсадида махсус устахона ва тикув цехлари ташкил этиш орқали ишлаб чиқарилган махсулотлар сотувини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

    Шуни ҳам айтиш керакки, марказдаги “Олтин фонд” архивида бахшиларимизнинг ижро намуналари сақланмоқда.

    Марказ веб сайтида республикадаги таниқли бахшиларнинг индивидуал каталоглари яратилгани, унда ҳар бир бахши, оқин ва жировларга тегишли бўлган маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз) ёритилаётгани ёш бахшиларга маҳорат мактаби вазифасини ўтаяпти, дейиш мумкин.

    Ёшлар ва жамоатчилик ўртасида жойларда достон кечаси, ижодий учрашувлар ҳамда ўқув-амалий семенарлар мунтазам ташкил этилаётгани келгусида бахшичилик санъати йўналишида “устоз-шогирд” анъаналарининг давомийлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.

    Дилдора ЙЎЛДОШЕВА,

    Республика бахшичилик санъати маркази бош мутахассиси