“Қуйма қулоқ” бахшиларнинг сардори

    Маданият 24 июл 2023 1311

    Ўзбекистон халқ бахшиси Чори бахши Умиров 85 ёшда

    Жорий йил март ойида Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро бахшичилик санъати фестивалида ушбу боқий санъатни асраб-авайлаш кераклиги, таниқли бахшиларнинг маҳорат мактаблари аҳамиятини янада чуқур англаб етдик. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 апрелдаги “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўзбек бахшичилик санъати ривожига катта ҳисса қўшган атоқли бахши-шоирларнинг хотира кечаларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини кенг тарғиб қилиш вазифалари белгилаб қўйилган.

    Яқинда мазкур қарор ижроси доирасида Республика бахшичилик санъати маркази томонидан Чори бахши Умиров таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан Умировлар сулоласига оид 60 дан ортиқ экспонатлар жойлаштирилган музейнинг очилиши ҳамда Қодир бахши Раҳимовнинг “Сайланма” 1–2 китоблари тақдимоти ташкил этилди. Тадбирга юртмизнинг турли ҳудудларидан 100 нафарга яқин бахши, оқин ва жиров ижрочилари, профессор олимлар, соҳа вакиллари ташриф буюрди.

    Шеробод достончилик мактабининг жонкуярларидан бири, тиниб-тинчимас устоз Чори бахши Умиров ижро этган достонлардан парчалар, хоразм бахшичилик вакилларининг шўх термалари, фольклор жамоалари ва хонандаларнинг чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

    Июль ойи бошларида Бахшичилик санъати маркази бўлим бошлиғи Бахтиёр АҲМЕДОВ таҳририятимизга Чори бахши Умировнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида мақола юборган эди. Бешафқат ўлим бугун уни орамиздан олиб кетди. Бахтиёр Аҳмедовнинг таниқли бахши ҳақидаги самимиятга йўғрилган мақоласини эълон қилишга қарор қилдик.

    ***

    Бахшилар халқ тарихи, ҳаёти, меҳнати, кураши ва орзу-умидларининг баёнчи куйчиларидир. Шунинг учун ҳам Ватан мадҳи, ватанпарварлик мавзуси халқ оғзаки ижодида, бахши шоирлар репертуарида етакчи ўрин эгаллайди.

    Мустақиллик туфайли халқ бахшилари она Ватан — Ўзбекистонни юксак эхтиром билан баралла куйлашга ўтди. Юртимизда бўлаётган ўзгаришларни, халқ жасорати ва матонатини тарих ва қадриятларини завқланиб куйлашга имкон туғилди.

    Халқ оғзаки ижодининг кўплаб жамоалари орасида эса достончилик алоҳида ўрин тутади. Бахши шоир қаерда туғилиб, ўсиб-улғайиши-ю яшашига қараб эмас, устоз-шогирдлик анъанаси, устозининг репертуарини айтиш усулларини, соз чертиш йўлларини ўрганиши, ўзлаштиришига кўра достончилик мактаби давомчиси бўлади.

    Шу нуқтаи назардан, Чори бахши Умиров Шеробод достончилик мактабининг йирик вакили ҳисобланади. Ушбу мактабнинг асосчиси эса Шерна номи билан машҳур Шерназар Бердиназар ўғлидир. Чори бахшининг отаси Умир шоир Сафаров ўз вақтида Шерназар Бердиназар ўғлининг шогирди бўлган. Чори бахши ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган улуғ алломалар, тарихий шахслар ҳақида ривояту афсоналар, хусусан, “Амир Темурнинг туғилиши ва ёшлиги”, “Улуғ Соҳибқирон” достонларини яратди.

    Етти аждоди бахши ўтган, невара, чевараларига достончилик сирларини ўргатиб келаётган Чори бахши Умиров 1938 йил 28 февраль куни Қашқадарёнинг Деҳқонободига қарашли “Етимқудуқ” қишлоғида, бахши шоир оиласида дунёга келган. Қўнғирот уруғининг “Қўштамғали” даҳаси ўтроқи шоҳидан бўлган. Отаси Умир шоир Сафар ўғли ҳам Қашқадарё, Сурхондарёдан ташқари, Тожикистон, Туркманистонда донг таратган етук бахши бўлган.

    Бахшичилик авлоддан-авлодга ўтар экан, Умир бахшининг ўғиллари Сувон, Қора ва Чори Умировлар ҳам бу ноёб санъатдан бебаҳра қолмаган. Отаси вафотидан сўнг Деҳқонободдан Сурхондарёга, Музработ туманига кўчиб келишган.

    Етук бахши, ҳозирги ўзбек достончилигининг кекса вакилларидан бири Чори бахши Умиров элда ўз ижоди билан танилди. У қатор терма, достонлар яратган. Репертуаридаги асарлари сеҳрли соз оҳанглари, янгроқ овози учун республика ва ҳорижда минглаб мухлислар эътиборини тортди.

    Чори бахши отасидан ўрганган “Алпомиш”, “Болҳувон”, “Ойпарча”, “Авазхон”, “Санамгавҳар”, “Малла савдогар” достонларини маҳорат билан ижро этган. Унинг ўзидан эса 21 та достон ёзиб олинган. Бахшининг ўзбек достончилигидаги улкан хизматлари ўн саккиз минг мисрадан иборат. “Таркибадаҳшон”, “Ғойибнома ёки Гўрўғлининг туғилиши” достонлари айниқса машҳур. Бахшининг “Шерали” достони 2019 йил Термизнинг “Сурхон-нашр” нашриётида чоп этилди.

    Чори бахшининг термалари баъзан ҳазил, баъзан аламли, баъзан ҳаётнинг ўткинчилигини ифодалайди. “Ўтди-да”, “Зўр бахшилар қони”, “Менинг вафот этган куним” каби термаларни айтиш учун бахшида катта куч, тоғдек бардош бўлиши зарур.

    Бахшилар ҳақида гап кетганда, “Қуйма қулоқ” деган сўз ишлатилади. Бу бир эшитганини ёдда сақлаб қолиш қобилиятини англатади. Чори Умиров ҳам “Қуйма қулоқ” бахшилардан бири.

    Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидаги “Меҳригиёҳ” маҳалласида истиқомат қилаётган Чори бахши ёшлигиданоқ отасига эргашиб, 10–12 ёшларида дўмбира чертиб, термалар куйлай бошлаган. 15–16 ёшларида терма ва достонларни мустақил айта олган. Айни пайтда репертуарида 30 дан ортиқ достон ва 100 дан ортиқ терма бўлиб, уларнинг аксарияти “Устоз бахшининг дуоси” номли тўпламда нашр этилган. “Дўмбирам”, “Қолар”, “Келтирар”, “Бўлар”, “Не билсин”, “Сулув кўрсатар”, “Сурхондарём” каби термалар ва “Гўрўғлининг туғилиши”, “Ғойибнома”, “Алпомиш”, “Темурбекнинг туғилиши”, “Буюк Амир Темур” каби қатор достонлар Чори бахши репертуарини безаб келяпти.

    Бахши, шунингдек, ўз устида ишлайдиган, бахшичилик санъатини эъзозлайдиган, унинг давомийлигини таъминлаш иштиёқида тинимсиз меҳнат қиладиган ижодкор, шоир ҳамдир. У асрлар оша давом этиб келаётган бу санъатни келажак авлодларга ҳам етказишни мақсад қилган. Унинг 1978 йил республика радиосида бахшилар ҳақидаги эшиттиришлар, 1979 йилда республика телевидениесида бахшиларнинг илк чиқишларини ташкиллаштиришда ташаббускор бўлгани ҳам мақсадининг хайрли эканидан далолатдир.

    Умировлар бахшичилик сулоласини давом эттириб келаётган Чори бахши кўплаб шогирдлар етиштириб, уларни ҳам бахшичилик санъатига олиб кирди. Шогирдлари Абдимурод бахши Раҳимов, Расул бахши Умиров, Шодмон бахши Хўжамбердиев “Ўзбекистон ҳалқ бахшиси” фахрий унвонини олган.

    Халқимизнинг анъанавий бахшичилик санъатини қайта тиклаш ва кенг тарғиб этиш, ўсиб келаётган ёш авлодга ушбу ноёб санъат сирларини ўргатишда, келажак авлодларга ўзи яратган достонларни мерос қолдириш йўлида қилган хизматлари учун 2017 йилда давлатимиз томонидан Чори бахши Умировга “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони берилди. Бугун 55 йилдан буён ўзининг сеҳрли овози ва сози билан эл олқишига сазовор бўлган бахши сифатида Шеробод достончилик мактабига мансуб ёш бахшиларга устозлик қилиб келмоқда.

    Бахтиёр АҲМЕДОВ