Якунланган ҳафта сўнгида сўлим Сурхоннинг кўхна Термизи карнаю сурнай, доира садолари, дўмбиранинг дилтортар овозлари билан тўлди. Кузнинг одатий инжиқликлари, фарахбахш ёмғирга ҳамоҳанг жаранглаган бахши, оқин ва жировлар фестивалининг тантанаси эди бу.
Фестивал давлатимиз раҳбарининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2022 йил 2 февралдаги қарори ҳамда Маданият вазирининг 2022 йил 10 октябрдаги “Бахшичилик санъати йўналишида бахши, оқин ва жиров ижрочиларининг республика фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан 27-28-29 октябрь кунлари Термиз шаҳридаги санъат саройида бўлиб ўтди.
Бахшичилик ва достончилик саньати йўналишида илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган олим ва мутахассислар, кўплаб оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган фестивалнинг очилишида сўз олганлар бахшичилик санъатига юртбошимиз томонидан қаратилаётган юксак эътибор ҳамда эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этдилар.
Юртимизнинг 70 дан зиёд бахши, оқин ва жировларини қамраб олган тантанали тадбирда фольклоршунослар, фольклор этнографик жамоалар ҳам муносиб иштирок этишди. Айниқса, “Алпомиш” достонидан намойиш этилган парчалар, бахшичилик санъатига доир саҳна кўринишлари, фольклор этнографик жамоалари лапарлари йиғилганлар эътиборини тортди.
Фестивал доирасида Термиз шаҳридаги Археология музейида "Ўзбекистон бахшичилик санъатининг шаклланиши, тараққиёти ва истиқболлари" мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Термиз шаҳридаги Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб интернатида маҳорат дарслари ўтилиб, иштирокчилар мактабдаги шарт-шароитлар билан танишдилар.
— Ёшларни ўз юртига, халқимизнинг узоқ йиллик қадриятларига муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни адолат ва инсонийликка чорлаш, қолаверса, халқ оғзаки ижодининг асл моҳиятига етишларида бахшичилик санъати ва мана шундай фестивалларнинг таъсири беқиёс, — дейди Республика бахшичилик санъати маркази директори Умид Норбоев. — Шу маънода ҳам Президентимиз бахшичилик санъатини ривожлантиришга юксак эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Куни кеча якунланган навбатдаги фестивалга ҳам катта тайёргарлик кўрилди. 7 ёшдан 70 ёшгача қуръа ташлаш йўли билан танловга келган 70 дан зиёд иштирокчилар орасидан ғолибларни аниқлаш жараёни осон кечмади, албатта. Зеро, ҳар бир иштирокчи ўзига хос. Ҳар бир бахши, оқин ва жиров ижрочиси бор маҳорати, салоҳиятини юқори даражада намоён этишга ҳаракат қилди. Соҳа олимлари ва мутахассисларидан иборат 7 нафар ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни холисона баҳолаб борди.
Якуний натижалар Азамат Элмуродов, (Қорақалпоғистон Республикаси), Зиёдулло Ахмедов (Қашқадарё вилояти), Равшан Маматмуродов (Сурхондарё вилояти)ларнинг фестивал биринчилигига сазовор бўлганини кўрсатди. лат берса, “Энг яхши достон ижрочиси” (Ўрал Раҳимов, Сурхондарё вилояти), “Энг яхши терма ижрочиси” (Бекжон Раҳимов, Қашқадарё вилояти), “Энг яхши жиров” (Адилбек Бахтибаев, Қорақалпоғистон республикаси), “Энг яхши аёл бахши” (Мияссар Жуматаева, Қорақалпоғистон) каби номинациялар чинакамига ўз эгаларини топди, дейиш мумкин.
— Бизларда асли қиз бахшилар жуда кўп, қувонарлиси, кундан-кунга тобора уларнинг сафи кенгайиб боряпти, — дейди қорақалпоғистонлик бахши Сапаргул Баширова. — 20 йилдан зиёд вақт мобайнидаги иш тажрибамга таяниб, мусиқа мактабида ёш қизларга бахшичиликни ўргатиб келяпман. Зеро, халқимиз ўтказадиган ҳар қандай маросимда бахши қизларимизнинг ўз ўрни бор.
Фестивалда Сурхондарё вилояти жамоаси 1-, Хоразм вилояти жамоаси 2-, Қашқадарё вилояти жамоаси 3-ўринга лойиқ кўрилди. Фестивалнинг олий мукофоти — Гран при — Қорақалпоғистон республикаси жамоасига насиб этди.
Фестивал низомига кўра, бахшилар, оқинлар ва жиров ижрочилари турли номинациялар, алоҳида, жамоавий ва олий ўрин билан Маданият вазирлигининг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Термиз шаҳрида жаранг сочган қадимий наволаримиз, боқий достонларимиз садоси бахшичилик бўйича ўтказиладиган халқаро фестивалларга мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтагани аниқ. Зеро, ҳар қандай улкан ютуқ сари кичик муваффақиятлардан борилади. Муваффақиятлар майдони бўлиб эса, мана шундай тадбиру фестиваллар хизмат қилади.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири