Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига кўра, анжуманда мамлакатимизда халқ оғзаки ижодининг гўзал ва бетакрор намунаси бўлган бахшичилик санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Президентимизнинг бу борада қабул қилинган фармон ва қарорлари соҳа равнақига янги ҳаёт бағишлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш йўлга қўйилди.
Конференция иштирокчилари бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, «устоз-шогирд» анъанасининг аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидлаш керакки, юртимизда бахши-шоир ва оқинлар ўртасида халқаро кўрик-танловлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда, таълим муассаларида бахшичилик санъати сирларини ўқитиш, келажак авлодларга етказиш борасида ҳам амалий ишлар амалга ошириляпти.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси томонидан Бахшичилик санъатини Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи сифатида барчамизга алоҳида ғурур бағишлайди.
Умуман, бахшичилик санъати юртимиздаги турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни она юртга, миллий-маданий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилаяпти.