Давлатимиз раҳбари 2021 йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф давомида вилоятдаги Бахшичилик мактаби ўқувчилари учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбариятига 150 ўринли ётоқхона қуриб бериш топшириғини берган эди.
Жорий йилнинг 28 декабрь куни ушбу замонавий ва кўркам ётоқхона фойдаланишга топширилди. Темирйўлчилар томонидан кўркам, замонавий шароитларга эга ҳолатда бунёд этилиб, барча қулайликлар мужассам бўлган ушбу ётоқхона мазкур мактаб ўқувчилари учун Янги йил совғаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.
4 қаватли бино 150 ўринли бўлиб, лойиҳа қиймати 9 миллиард 666 миллион 127 мингни ташкил этади. Мазкур лойиҳани қуришда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти буюртмачи, “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси эса бош пудратчи бўлиб фаолият олиб борди.
Ўтган бир йил мобайнида қурилиш объектида малакали қурувчилардан иборат мутахассислар замонавий техникаларни жалб қилиб, лойиҳа бўйича бинони сифатли ва мустаҳкам қуриб, якунига етказишди.
Бино кутубхона, ошхона, спорт зали, дарс хонаси, маънавият хонаси, кир ювиш ва қуритиш хоналари ҳамда ётоқхоналардан иборат. Сув иситиш замонавий аристон мосламалари билан жиҳозланган. Бундан ташқари 2 та ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун ҳам хоналар мавжуд.
Бино тархида икки томонлама зина лойиҳаланган ва кузатув камералари билан таъминланди. Турар жой биносининг ҳар бир хонаси янги мебел жиҳозлари билан ҳам таъминланди. Хусусан, ҳар бир ётоқ хонаси ойналарига жалюзи пардалар, краватлар, иститиш ва совитишга мослаштирилган кондиционерлар ҳамда ҳар ўринда алоҳида ёритув чироқлари, иситиш радиаторлари ўрнатилиб, ҳар бир ўқувчи учун қулай шароитлар яратилди.
Бундан ташқари, бино орқа томонида 400 м2 майдонга 32 квт.лик қуёш батареяси ўрнатилади, жумладан ётоқхона биноси сарфлайдиган элетр энергиянинг 25 фоизини таъминлаб бериш кувватига эга бўлади. Шунингдек, алоҳида кўмир ва газ ёрдамида ишлайдиган қозонхона ҳам ташкил этилган бўлиб, сув танқислигини олдини олиш учун 100 тонналик ёпиқ сув хавзаси ва 25 м3 ҳажмга эга сув минораси қурилди.
Бино ҳовлиси ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилган қисмида турли манзарали дарахт кўчатлари ҳамда анвойи гуллар экилди.
Рустам ҲАЙДАРОВ