Яъни Бекобод туман тиббиёт бирлашмаси Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда юрагида туғма нуқсони бўлган болаларга бепул юрак жарроҳлиги ўтказишни бошлади.
Мазкур ташаббус доирасида кам таъминланган оилалар реэстрига киритилган 43 нафар бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. 12 нафарида эса туман ва республика миқёсида очиқ ҳамда ёпиқ турдаги амалиётлар қилиниши бўйича шифокорлар хулосаси берилган.
Шу йилнинг 4 июнь куни эса илк маротаба Бекобод туманида 3 нафар болада ёпиқ турдаги юрак амалиёти, яна 1 нафар болада эса юқори технологияли “Аорта-коронар шунтлаш” (очиқ юракда) жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Бу эндиликда тумандаги болалар ўз ҳудудида малакали шифокорлар ва замонавий тиббий технологиялар ёрдамида соғлом ҳаётга қайтарилишини англатади.
Бекобод тиббиёт марказида нафақат болалар, балки катта ёшдаги беморларга ҳам мураккаб юрак амалиётлари бажарилиб келинмоқда. Яқинда бир беморда юрак қон айланишини тикловчи мураккаб операция муваффақиятли якунланиб, унинг ҳаётга бўлган умиди қайта тикланган эди. Шунингдек, юрак қон томирларида стентлаш орқали инфарктнинг олдини олиш ва зарур ҳолларда зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти ҳам бугунги кунда мавжуд.
Марказ айни пайтда замонавий тиббий ускуналар — оксигенаторлар, перфузиологлар, компютер томографияси, коронарография каби технологиялар билан таъминланган. Шунингдек, янги болалар поликлиникаси ҳам барпо этилмоқда, она ва бола туғруқ комплекси қурилиши ҳам режалаштирилган.
Босқичма-босқич шу каби юксак тиббий имкониятларнинг жойларда ташкил этилаётгани туфайли эндиликда кўплаб юртдошларимиз хорижда даволанишга эҳтиёж сезмаётир.
Бир сўз билан айтганда, бундай эзгу саъй-ҳаракатлар — мамлакатимиз раҳбарининг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб бораётган сиёсатининг амалий натижасидир. Бу борадаги ҳар бир ташаббус — инсон саломатлигига қаратилган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир, десак муболаға бўлмайди.








