Таълимдаги янги давр замонавий фикрлашга ундайди

    Мамлакатимизда фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса тиббиёт соҳаси халқимиз саломатлиги, миллат генофонди ва мамлакат тараққиётининг энг муҳим пойдеворларидан бири сифатида доимий эътиборда.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 апрелдаги қарори айни йўналишда катта бурилиш ясайдиган ҳуқуқий ҳужжат бўлди. У тиббий олий таълим, илмий-тадқиқот фаолияти ва амалий соғлиқни сақлаш тизими уйғунлигини таъминлаш, глобал меъёрларга мос кадрлар тайёрлаш, ва рақамлаштириш орқали тиббиётнинг замонавий қиёфасини яратишга хизмат қилади.

    Қарор асосида Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институтининг кучли жиҳатлари бирлаштирилиб, ягона марказлашган илмий-таълим муассасаси — Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Бу ёндашув, бир томондан, ресурсларни самарали тақсимлаш ва инфратузилмани замонавийлаштириш имконини берса, иккинчи томондан, халқаро стандартларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашга замин ҳозирлайди.

    Энди университет олий таълимда академик, молиявий ва ташкилий мустақилликка эга бўлади. Бу эса янги ва илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда халқаро аккредитация ва глобал илмий алоқалар учун мустаҳкам пойдевор яратади.

    Янги университет таркибида Тошкент тиббиёт академиясининг алоҳида ўрни бор. Академия бой тажрибаси, етук илмий мактаблари ва салоҳиятли профессор-ўқитувчилари билан нафақат янги университетнинг, балки бутун мамлакат тиббиёт соҳасининг таянчларидан бирига айланди. Қарор асосида ўқув бинолари, илмий лабораториялар, клиникалар ва академик лицейлар модернизация қилинади, янги симуляция марказлари, IT лабораториялар ва ахборот-ресурс марказлари барпо этилади.

    Шунингдек, янги университет негизида ташкил этилаётган Тиббиёт илмий-инновацион тадқиқот институти фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар учун асосий илмий платформага айланиши кутилмоқда. Бу марказ орқали илм-фан ва амалиёт ўртасидаги тафовут бартараф этилиб, диагностика, даволаш ва профилактика бўйича янги методикалар ишлаб чиқилади.

    Биотиббиёт муҳандислиги, информатика ва биофизика ҳам мазкур қарор асосида юқори натижаларга эришиш салоҳиятига эга бўлган йўналишлардан. Кафедрада инсон организмидаги физиологик жараёнларни математик моделлаштириш, диагностика тизимлари учун сунъий интеллект асосидаги алгоритмлар ишлаб чиқиш, биотиббий маълумотларни таҳлил қилиш, тиббий тасвирларга ишлов бериш ҳамда геномика ва протеомика соҳасидаги биоинформатик таҳлиллар изчил йўлга қўйилган.

    Янги университетнинг халқаро доираларда фаолият юритиши, хорижий грантлар ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйиши орқали илмий салоҳиятни янада кенгайтириш мумкин. Сунъий интеллект асосида тиббий ташхис қўйиш бўйича халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш, рақамли соғлиқни сақлаш бўйича янги модулларни ўқув жараёнига татбиқ қилиш, симуляцион марказларда биотиббиёт физикаси асосида машғулотлар ўтказиш шулар жумласидан. Шунингдек, биоинформатика таҳлиллари учун суперкомпьютер инфратузилмасини яратиш, халқаро эътирофга эга илмий журналларда мақолалар чоп эттириш имконияти ҳам ошади. Бу эса бизни Европа, Осиё ва Америка мамлакатларидаги илғор университетлар билан тенглаштиради.

    Янги университетдаги ислоҳотлар орқали тиббиёт кадрларини тайёрлаш сифати ошади, амалий кўникмалар кучаяди, рақамлаштириш асосида соғлиқни сақлаш тизими шаффоф ва самарадор бўлади, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси таъминланади. Шунингдек, халқаро рейтингларда ўрин эгаллаш имконияти вужудга келади. Мамлакат бўйлаб иқтидорли ёшлар учун замонавий илмий инфратузилма ва ўқиш шароити яратилади.

    Ушбу қарор биз, тиббий таълим вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди. Энди ҳар бир кафедра, ҳар бир ўқитувчи ва талабанинг соғлиқни сақлаш тизими замонавийлаштирилишида фаол иштироки талаб даражасига кўтарилади. Шунингдек, тиббиёт ва технология чорраҳасида фаолият юритаётган кафедралар олдида янги имкониятлар очилади. Биотиббиёт муҳандислиги, информатика ва биофизика кафедраси эса бу йўлда етакчилардан бўлишга интилади.

    Зеро, келажак замонавий, илмга асосланган ва рақамли соғлиқни сақлаш тизими билан чамбарчас боғлиқ. Бу эса фақат ислоҳотлар эмас, балки интеллектуал ўзгаришни ҳам талаб этади.


    Фазлиддин АРЗИҚУЛОВ,

    Тошкент давлат тиббиёт университети ўқитувчиси


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    июн, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates