Бел оғриғи жиддий хасталикми

    Саломатлик 22 ноябр 2020 18607

    Умуртқалараро диск чурраси касаллигининг пайдо бўлиш сабаблари, уни аниқлаш йўллари ҳақида тиббиёт фанлари доктори, профессор Шоҳайдар Шотурсунов қуйида фикри билан бўлишади.

    — Умуртқалараро диск чурраси касаллиги умуртқанинг ҳаракатчан бўлган бўйин ва бел қисмларида кўпроқ учрайди. Бемор ўзида ушбу хасталик ривожланаётганини мустақил била олмайди. Шифокор кўриги вақтида ўтказиладиган компьютер ва магнит резонанс томография текшируви хулосаси орқалигина бу борада аниқ ташхис қўйилиши мумкин.

    Чурранинг кимда, қачон ва қандай пайдо бўлиши мумкинлигини олдиндан айтиш қийин. Негаки, бу касалликнинг муайян касб эгалари ёки маълум бир ҳудудда яшайдиганларга эмас, балки барчага бирдек хавф солиши эҳтимоли мавжуд. Ҳатто бир ёшгача бўлган гўдакларда ҳам чурраларнинг туғма шакли кузатилади. Аммо оғир меҳнат натижасида ҳам юзага келиши мумкин.

    Касалликни келтириб чиқарувчи омиллар:

    - Қорин ички босимининг ошиши;

    - оғир жисмоний меҳнат;

    - тана вазнига нисбатан мунтазам оғир юк кўтариш;

    - пешоб ажралишининг қийинлашуви;

    - қабзият;

    - узоқ вақт безовта қилган йўтал;

    - умуртқа остеохондрози;

    - шикастланиш;

    - кам ҳаракатлилик;

    - ортиқча вазн;

    - наслда бу хасталикнинг борлиги;

    - аёлларда туғруқ вақтидаги зўриқишлар чурра ҳосил бўлишига таъсир этувчи омиллар ҳисобланади.

    Бундан ташқари, мазкур омилларнинг барчаси чурра бўлганда унинг қисилишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

    — Умуртқалараро диск чуррасида мушак ва пайлар тортилиб, оғриқ пайдо бўлади. Кислород ва озуқалар етишмаслиги боис қўл-оёқлар музлайди, уюшади, киши ҳолсизланади. Ҳаракатланганда ва юрганда безовталик кузатилади. Касаллик ўтказиб юборилса, ногиронлик даражасигача олиб келиши ҳам мумкин.

    Кўпчилик белдаги оғриққа у қадар жиддий эътибор бермайди. «Туз йиғилиши», «нерв толаларининг шамоллаши» каби тахминлар, одатда, хасталикнинг ўтказиб юборилишига сабаб бўлади. Шунингдек, оғриқ қолдирувчи суртмалардан фойдаланиш ҳам кейинчалик айрим асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

    — Чурра хуружида кўнгил айниши, қайт қилиш, чурра жойлашган соҳа атрофи қўл билан пайпасланганида қоринда тўлғоқсимон оғриқ кузатилади. Чурра катталашиб, таранг бўлиб қолади. Бу ҳолатларда оғриқ қолдирувчи дорилар қабул қилиш тақиқланади.

    Чурра ташхиси қўйилгач, ўзбилармонлик билан даволаш асло мумкин эмас! Энг тўғри танлов — шифокор кўригидан ўтиш ҳамда буюрилган даво муолажаларини бажариш. Кимлардир умуртқа поғонасини босиш, уқалаш ва шунга ўхшаш амалиётлар билан даволашни таклиф этади. Бу каби чоралар шикастланган умуртқани янада қийнаб қўйиши, касаллик зўрайишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates