25 апр 2025
00:21

    Билим олмаслик учун баҳона йўқ

    Бугунги давр ўқиш ва ўрганиш талабини қўймоқда

    Иқтидорли ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятини самарали йўлга қўйиш, бандлигини таъминлаш, интилишларига шароит яратиш давлатимизнинг устувор сиёсатига айланган. Ўтган саккиз йил мобайнида ёш тадбиркорлар сони уч карра кўпайиб, улар бизнес вакилларининг салкам 40 фоизини ташкил этаётгани, ишсиз ёшлар икки карра камайгани юқоридаги гапнинг яққол исботидир.

    Ўз соҳаларида муваффақиятга эришаётганлар сафи эса тобора кенгаймоқда. Ҳозирги вақтда дунёдаги нуфузли университетларда 1500 дан зиёд ўзбек талабаси таҳсил олмоқда. Аввалги 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнг­ги етти йилда 2300 ҳамюртимиз шундай имкониятга эга бўлди. Илмий даражали ёш олимлар сони 4 мингдан ошди. Мутолаа маданиятини шакллантириш умуммиллий ҳаракатга айланди.

    Улғайиб келаётган авлоднинг илм эгаллашга иштиёқини ошириш учун ёшлар билан ишлаш тизими такомиллашмоқда. Президентимизнинг жорий йил 26 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ёшларга янги имкониятлар тақдим этиладиган бўлди. Фармонга кўра, энди рейтинги юқори халқаро университетларда илмий даража олган, 35 ёшгача бўлган ёш олимларга уй-жой учун 10 йил муддатга 800 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. Нуфузли халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлганлар учун бир марталик пул мукофоти миқдори 5 карра оширилади. Энергетика, транспорт, урбанизация, замонавий архитектура, тиббиёт йўналишларида “Эл-юрт умиди” жамғармаси квоталари кўпайтирилади. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар ўртасида муҳандислик олимпиадалари ва танловлар ўтказиш йўлга қўйилади. Ғолиб бўлган битирувчи ёшлар техника олийгоҳларига грант асосида ўқишга киради. Ҳарбий билим юртларининг намунали тингловчилари учун “Олий бош қўмондон” давлат стипендияси жорий этилади.

    Ҳар бир давр ёшларининг билим даражаси, дунёқараши, ўй-фикри, маънавий қиёфасига қараб ўша жамиятнинг эртанги кунини тасаввур этиш мумкин. Шу боис, мамлакатимизда ёшлар таълимига оид бундай ишлар юзасидан фаол, зиёли ёшларнинг фикри билан қизиқдик.

    “Ўқитувчилик ортидан миллиардерга айландим!”

    — Тўққиз-ўн йил олдин кимдир менга ҳали шундай давр келади, имкониятларнинг кўплигидан қайси биридан фойдаланганим қулайроқ деб иккиланиб қоласан, деганида аниқ ишонмасдим. Ўзингиз ҳам гувоҳи бўлиб турибсиз, бугунги катта силжиш­лар ният қилганимиздан-да кўпроғини тақдим этяпти, — дейди Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг кимё фани бўйича ўқувчиларни халқаро олимпиадаларга тайёрлаш гуруҳи раҳбари, ўқитувчи Моҳира Болтаева. — Дастлаб ўқитувчилар дала ишлари, қоғозбозлик, ортиқча тадбиру мажлисларда қатнашиш мажбуриятидан озод этилди, сўнг ойлик даромади оширилди, маошнинг яна ҳам кўтарилиши муаллимнинг талабчанлиги, касбий ривожланишига боғланди.

    Олдин фақат нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ўрин олганлар муносиб кутиб олинарди, тақдирланарди. Илм-фанда ютуқ билан келганларга эса, афсуски, фақат мақтов ёрлиғи топшириларди. Бугун халқаро фан олимпиадаларида фахрли ўрин эгаллаганларни катта тантана билан кутиб, ўша тантанадан-да каттароқ миқдорда пул мукофотлари берилишига ўрганиб ҳам қолдик. Асосийси, бу жараён давом этяпти. Шу йилнинг 1 июнидан халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдорлари 5 баравар оширилиши, очиғи, илм ўрганмаслик учун баҳона қолдирмаяпти.

    Мана, илмнинг этагидан маҳкам тутганларга қарата “ҳозир унинг ошиғи олчи”, дейдиган кунлар келди. Энди моддий тарафлама эркинликка чиқиш, кўпроқ пул топиш учун эътиқоди ва илми суст, тинимсиз қимирлайдиган жағи ва унча ҳам ярашмайдиган қилиқлари билан танилган вайнерларга “шогирд тушиш”га эҳтиёж қолмади.

    Менда ўтган нуфузли халқаро фан олимпиадаларидан жамғарилган жами пул миқдори салкам бир миллиард сўмга яқин бўлгани, менимча, кўплаб ёшларда илмга нисбатан қарашни, муносабатни ўзгартириб юборди. Энди баъзилар ўқитувчиликка нон топишнинг сўнгги чораси, кун кечиришнинг арзон йўли деб қарамайди. Шунинг ўзига қанчалар хурсандман. Тўғрисини айтсам, устозлик қилиб миллиардерга айланишнинг фахри ҳам, завқи ҳам бошқача бўлар экан. Виж­доним олдида тоза эканимни, ота-онам ва яқинларимни, энг муҳими, ўзимни рози қилаётганимни англадим. Мақтанаётгандек бўлишим мумкин, бироқ гапларим самимий.

    Яқин-яқингача кимё нимага керак, деган саволни деярли ҳар куни ўзимга берардим. Бу оғир эди. Ҳар тонг шу сўров қаршисида каловланиб қолмаслик учун баҳона излардим. Мен танлаган фан гўёки энг тушунарсиз ва кераксиз, бу йўналиш билан эртага на оиламни ва на ўзимни боқа оламан деб хавотирланардим. Бироқ тўпланган тажрибалар ва эришилган ютуқлар давомида саволни бошқача қўйишим кераклигини тушундим: кимё ўзи нима? У инсонга қанчалик муҳим? Бирор нарсанинг нималиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмасам, у нима учун кераклиги хусусида қандай фикр юритиш мумкин ахир, тўғрими? Хўш, кимё ўзи нима?

    Ушбу сўровни интернетга ёзсангиз, бир неча сонияда турли таърифлар билан минглаб ҳаволалар чиқиб келади. Мана, шулардан бири: “Кимё — табиий фаннинг энг муҳим ва кенг соҳаларидан бири бўлиб, моддаларни, шунингдек, уларнинг таркиби ва тузилишини, хусусиятларини ўрганадиган фан”.

    Бироқ бу изоҳлар ниҳоятда қуруқ, ҳисдан холи. Ҳайрон бўлманг, мeн фанда ҳиссиёт бўлиши керак деб ҳисоблайман. Ҳиссиёт бўлмаса, бирор фанга меҳр қўёлмайсиз — кимёни, дарсликлар ҳидини, турли минераллар, металлар қотишмаси, хуллас, ҳамма-ҳаммасини севмаганимда бугун ўқитувчи бўлмас, эҳтимол, ҳаётим бу қадар яхши тарафга ўзгармаган бўларди. Шу сабабдан кимё мен учун ҳамма нарса. Кимёни ҳаётим мазмунига айлантираётган бугунги таълимимиздаги имкониятлар учун эса одам борини бериб ишлагиси келади.

    “Ҳозир дангасанинг ҳам, шошқалоқнинг ҳам даври эмас”

    — Яқинда ҳамкасбим шу йил ёз ойи­нинг илк кунидан бошлаб халқаро фан олимпиадалари ғолибларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдори 5 баравар оширилиши ҳақидаги янгиликни ўқувчиларимга айтиб, фаолликни янаям кучайтириш лозимлигини тайинлаётганига кўзим тушди. Болаларнинг хабардан кейинги ҳолатини анча вақт кузатдим: аксариятида ортиқча фаоллик ошиб кетди, гўё пулни ҳозир оладигандек беҳаловат бўлиб, xаёллари бузилди, диққатни жамлашга қийналиб қолгач, уларга бу яратилаётган шароитларнинг навбатдагиси эканини, муҳими, эътиборни келаётган халқаро фан олимпиадаларидан узмасликни, медаллар сонини оширсак, бундан-да катта мукофотлар билан тақдирланишимизни астойдил тушунтирдим. Моддий рағбат, албатта, жуда яхши, аммо уни асосий мақсадга айлантириб, бор ғайратни шунга сарфлашга чираниш охир-оқибат зўриққан боланинг имконияти бўлиниб, майдалашиб кетишига сабаб бўлади. Ўқувчиларим ҳар нарсанинг биринчи салбий томонларини тез қабул қиладиган ёшда, ҳам ниҳоятда қизиқувчан — чалғишларини истамайман, мақсад қўйдикми, ундан бир зум оғишмай интилишда давом этишимиз керак, биздан талаб этилаётгани аслида шу, — дейди Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг биология фани бўйича ўқувчиларни халқаро олимпиадаларга тайёрлаш гуруҳи раҳбари, ўқитувчи Ҳусен Эгамов. — Шундоқ ҳам охирги йиллар атрофимизда тинмай нимадир ўрганиш кераклигини уқтирувчилар, ҳар доим замон билан ҳамнафасдек кўринадиган блогерлар, ҳар бир кунининг янги ютуқлар ва тажрибалар билан тўла эканини кўрсатиш орқали ҳаракатга чорловчи бесавод “мотиваторлар” одамларда бирор фойдали нарсадан четда қолиш қўрқувини кучайтириб юборди. Натижада фаоллик имитацияси, деган ҳолатга тушганлар сони ошиб кетди.

    Фаоллик имитациясида фаолиятингиз қайсидир мақсадга хизмат қилмайди, мақсадингиз ёлғиз фаол бўлиш, бўш ўтирмаслик бўлади. Яъни ҳаракатсиз бўлишни қабул қилолмайсиз, бўш ўтирмаслик учунгина ҳаракатда бўласиз. Бу ҳолни, айниқса, кўплаб тенгқурларимда учратаман. Фаолликнинг фойдали жиҳатларига шубҳам йўқ. Аммо фаоллик имитацияси бошқа нарса. Унда кўпинча энергиямиз, вақтимиз, имкониятларимизни завқ билан эмас, балки хавотирни бостириш учун сарфлаймиз. Аммо бу хавотир нимаики қилманг, камаймайди, чунки сиздан зўрроқ туюладиганлар доим топилади. Натижада ўзимизни қийнашга ва бизга хос бўлмаган қандайдир қаҳрамон образини ясашга хизмат қиладиган эришиб бўлмас мақсадлар қўямиз. Масалан, йилига юзта китоб ўқиш, уч ойда янги тил ўрганиш, йигирма ёшгача автоуловли бўлиш ва ҳоказо...

    Бир оз чалғиб кетдим, айтмоқчиманки, шоша-пиша кимдадир кўрган мақсадларни ўзлаштиришимиз, бизга мос келмайдиган ҳаётдан андоза олишга уринишимиз тўғри эмас. Аслида, кимлар биз учун намуна бўла олишини бугун хал­қаро майдонларда илми, закийлиги билан ғолиб бўлаётган, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда таълим олаётган, профессор бўлиб фаолият юритаётган, илм-фан инқилоби учун катта-кичик кашфиётлар қилаётган ҳамюртларимиз исботлаб беряпти. Бугун шошқалоқликнинг ҳам, дангасаликнинг ҳам даври эмас, балки мулоҳаза билан иш кўриб, ўз тафаккури ва шижоати билан юксалиш пайти.

    Умуман, эътибор беринг-а, эзгу мақсаднинг бирортасида шошма-шошарлик, пала-партишликни кўрмайсиз: янги биологик тажрибалар сокинлик, хотиржамлик талаб этади. Янги фармон ва қонунлар аниқликда қабул қилинади. Ислоҳотлар изчиллик билан йўлга қўйилади. Келгуси юксак марраларга ҳам қадам-бақадам чиқилади. Тартиб, таҳлил, интизом ва шижоат тараққиётга тезроқ элтувчи сифатлар экан, хом-хатала иш қилишдан нима фойда?

    Айнан илм-фан инсоният цивилизациясини етаклаб борадиган куч эканини ҳеч ким инкор этолмайди. Тарихнинг қайсидир босқичида муайян тамаддун ўз замонасининг энг буюги бўлган бўлса, бунга ҳеч бир истисносиз равишда фақат ва фақат илм-фан борасида бошқалардан илғор бўлгани эвазига эришган. Биз ҳам эришамиз. Илм тарғиботидаги собит­қадамлик ва журъат даражасини пасайтирмасак бас.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Азизбек ЮСУПОВ ёзиб олди.

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech