Жорий йилги давлат дастуридан мамлакатимизнинг глобал ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаришда тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш, уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва оқибатларини юмшатиш, шунингдек, аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтиш билан боғлиқ вазифалар ўрин олган. Шу билан бирга, унда экологик барқарорликни таъминлаш ва иқлим билан боғлиқ муаммоларни юмшатишнинг янгича усули белгилаб берилган.
Дарҳақиқат, экологик барқарорлик йўлида “яшил” технологияларни жорий қилиш, сувни тежаш, яшил ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммоларини бартараф қилиш ва, асосийси, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши айни муддао.
Давлатимиз раҳбари БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги нутқида жаҳонда юз бераётган иқлим ўзгаришлари асосий глобал хавф-хатарга айланиб, геосиёсий кескинлик кучайишига бевосита таъсир қилаётгани, айниқса, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, сув ва ресурслардан фойдаланиш муаммолари кескинлашаётгани, иқлим муаммолари, аҳоли ҳаёт тарзини яхшилаш ва миллий ривожланиш стратегияларини амалга оширишда янги тўсиқларга учраётганини таъкидлаганди. Шу билан бирга, Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини биргаликда енгиб ўтишга амалий ҳисса қўшиш ва кенгайтириш мақсадида бир қанча долзарб масалалар ечимига оид тавсиялар ҳам берганди.
2025 йилга “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”, деб ном берилгани бежиз эмас. Бу қарор юртимизнинг барқарор тараққиёти, юзага келган экологик муаммоларни ҳал қилиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган бир неча омилларга асослангани билан муҳимдир. Хусусан, экологик жиҳатдан атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Шу боис, атроф-муҳит масаласини асосий кун тартибига олиб чиқиш айни муаммоларнинг бартараф қилиш имкониятини яратиб, жамоатчиликда табиатга бўлган хайрихоҳликни кучайтиради.
Бинобарин, “яшил иқтисодиёт” – ресурслардан самарали фойдаланиш, энергия манбаларини янгилаш, чиқиндини камайтириш ва табиий бойликларни сақлаб қолиш асосига қурилган иқтисодий модел. 2025 йилда мазкур йўналиш мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
“Яшил иқтисодиёт”га ўтишда инновацияларни қўллаш жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан, жорий йилда илм-фан ва технологияни ривожлантириш янада устувор вазифага айланиб, янги энергия манбаларини яратиш, мавжуд ресурсларни янгича услубда ишлатишни рағбатлантириш изчил йўлга қўйилмоқда.
Атроф-муҳитни асрашда ҳар бир фуқаронинг масъулиятли ўрни бор. 2025 йилда жамоатчилик фаоллигини ошириш мақсадида турли тадбирлар ўтказиш, экологик тадбиркорликни рағбатлантириш, атроф-муҳит ҳақида хабардорликни ошириш, ёш авлодга экологик тарбия бериш диққат марказига олиб чиқилиши айни муддао.
Мамлакатимиздаги ислоҳотларни, ташаббусли ҳаракатларни олий таълим тизимида ҳам жорий этиш мақсадида Қорақалпоқ давлат университетида алоҳида чора-тадбирлар белгиланиб, кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, университетнинг бош ўқув биносидаги 702 квадрат метр майдонга қуввати 100 киловатт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, шунингдек, университет талабалар турар жойларига 3200 литрли қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатилиб, ишга туширилди.
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик томонидан тасдиқланган режага мувофиқ, университетнинг 20 та биносидаги 9533,66 квадрат метр майдонга қуввати 880 киловатт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилиб, ҳозирги кунда самарали ишлатилмоқда.
Шунингдек, режадан ташқари равишда университетнинг яна 3 та биносига қуввати 110 киловатт бўлган шундай станциялар ўрнатилди ва “Яшил энергия” электрон платформасига киритилди.
Университетга ўрнатилган қуёш панелларини тизимга улаш бўйича ҳудудий электр тармоқлари корхоналари билан белгиланган тартибда шартномалар расмийлаштирилди ва 2024 йил бошидан бугунги кунга қадар сезиларли миқдорда электр энергияси тежалди. Қилинган ишлар самараси ўлароқ, шу кунгача университетда жами 1090 киловаттга тенг қуёш панеллари ўрнатилган.
Муқобил энергия манбалари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб “Қайта тикланувчи энергия манбалари” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш режалаштириляпти. Мазкур таълим йўналиши ва мавжуд энергетика муҳандислиги ўқув режалари ва дастурларини Европанинг илғор олий таълим муассасалари дастурлари билан трансформация қилиш жараёнлари ҳам бошлаб юборилган. Жумаладан, университетимизда Европа Иттифоқи гранти асосида молиялаштириладиган “DEBSE-Uz” лойиҳаси амалга оширилмоқда ва унда профессор-ўқитувчиларимиз фаол иштирок этмоқда. Лойиҳа доирасида “Қайта тикланувчи энергия манбалари” таълим йўналиши ўқув режалари ва фан дастурлари дунёнинг илғор технологияларига мутаносиб равишда ишлаб чиқилади, университет шу йўналишдаги замонавий лаборатория билан таъминланади. Келажакда ушбу лаборатория негизида минтақадаги энергетик мутахассисларни қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказини очиш режалаштирилган.
Жорий йилги давлат дастурида республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил” энергия станциялари барпо этиш, ҳудудларда микроГЭСлар тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида устуворлик берилган. Ушбу вазифаларга илмий жамоатчиликнинг диққатини кўпроқ жалб этиш ва олимлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш айни муддао.
Минтақамиздаги жуда кўп ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарида юқори босимда ишлайдиган агрегатлар ва насос станциялари мавжуд, улардаги қувурлар босимидан механик ҳаракат олувчи генераторлардан иборат миниэлектростанциялар барпо этиш мумкин. Университетимиз олимлари томонидан кам харажат талаб этувчи асинхрон генераторлар бўйича тадқиқотлар бажарилди ва улар катта ҳажмдаги энергия исътемол қиладиган корхоналарга ўз ишланмаларини таклиф қилмоқда. Келажакда бу йўналишдаги ҳаракатлар ижобий самарасини беришига ишонч бор.
Давлат дастуридан ўрин олган устувор масалалардан яна бири маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантиришдир. Мантиқан ёндашилса, юртимизда мазкур вазифаларни амалга ошириш учун уч-тўрт йил олдин мустаҳкам замин яратиш бошланган. Шулардан бири “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати бўлиб, бунда ҳар бир фуқаро иштирок этмоқда. Натижада жамиятимизда экологик барқарорлик тушунчаси ва экомаданиятнинг фаол такомиллашуви юз беряптики, одамларда атроф-муҳитга муносабатда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Университетимиз жамоаси, айниқса, талаба-ёшларимизнинг шундай экологик тадбирлардаги фаол иштироки ва ташаббуслари, жойлашган ҳудудимизнинг тобора яшил қиёфага кириб бораётгани фикримизга далил бўла олади.
Жорий йилги давлат дастуридан ўрин олган яна бир эътиборли жиҳат аҳоли саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратишга устуворлик берилганидир. Университетда таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг жисмонан соғлом, маънавий баркамол, ўзлари танлаган касбнинг етук мутахассиси бўлиши учун шунга лойиқ инфратузилмага ҳам эга бўлиш зарур. Шу ўринда талабаларни замонавий шароитларга эга бўлган турар жойлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги 3 йилда университетда талабалар турар жойлари сони икки баробар қўпайиб, 10 тага, ундаги ўринлар сони эса 1,5 баробар ошиб, қарийб 3 мингтага етказилди. Жорий йил бошида яна бир замонавий талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Унда бир вақтнинг ўзида 400 талабани жойлаштириш имконияти бўлиб, барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу ердаги ўқув, маънавият, компьютер ва дам олиш хоналари, кутубхоналар замонавий жиҳозланган. Ҳар бир қаватда санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ювиниш хоналари, ошхоналар мавжуд бўлиб, улар талабаларнинг кундалик эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантира олади.
2025 йилда Қорақалпоқ давлат университетида давлат-хусусий шериклик асосида яна 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Натижада талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражаси 50 фоизгача ошади.
Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида нафақат экологик вазифалар ҳал қилинади, балки иқтисодий барқарорлик сари янада илдам қадамлар ташланади. Зеро, йил давомида атроф-муҳит муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган чора-тадбирлар замирида келгуси авлодлар учун муносиб шарт-шароит яратишдек эзгу мақсад ўз ифодасини топган.
Аҳмед РЕЙМОВ,
академик
Ҳамкорлик материали