Билим ташиётган “ақлвой” сизнинг қишлоғингизга ҳам бордими?

    Фикр 15 август 2023 2126

    Қишлоқда тонг отди. Ҳар бир янги кун аёлларнинг уй юмушларига уннаши билан бошланади. Баъзан у ер-бу ерда куймаланган болалар оналарини саволга кўмади. Ўйинга андармон бўлиб, кўчага улоққан жажжи қалблардаги ҳайрат эътиборсиз, олам ва одам ҳақидаги ўнлаб саволлар жавобсиз қолаверади...

    Қуёш уфққа бош қўйиб, кун ниҳоясига етгач, болалар ўйиндан чарчаган кўйи апил-тапил овқатланади-ю, ухлаб қолади. Яна тонг отади. Кечаги манзара яна такрорланади. Кунлар бир зайлда ўтиб бораверади...

    Бир куни қишлоққа “Ақлвой” автобуси кириб келди. Қуёш батареяси, кондиционер, иссиқ-совуқ сув, егуликларни иситиш каби қулайликларга эга автобусда болалар мактабгача таълим олиши учун барча шароит яратилган.

    Бундан 6–7 йиллар аввал 3,5 мингдан ортиқ маҳаллада давлат боғчалари йўқ эди. Болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш, шаҳар ва қишлоқларда яшаётган мурғак қалб эгаларига тенг имконият яратиш мақсадида мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ташкил этишга киришилди. Узоқ, бориш қийин бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи болаларга мактабгача таълим хизматини кўрсатишга мўлжалланган “Ақлвой” автобуслари эса бу муаммога ечим бўлди.

    — Қишлоғимизга илк бор “Ақлвой” кириб келганида болажонлар, айниқса, ота-оналарнинг хурсандчилигини кўрганингизда эди. Юқори Чирчиқ туманининг чекка қишлоқлари — “Қорсой” ва “Миям қангли” МФЙларда мобил гуруҳлар ташкил этилиб, “Ақлвой” мактаб таълими билан қамраб олинмаган ўнлаб қоракўзни ўз бағрига олгани ҳудуд аҳолиси учун чинакам байрам бўлди, — дейди тумандаги 12-МТТ директори Нафиса Маменқулова. — Икки маҳаллада ҳам автобекат қурилган. Бекатда айвонча ва яшил майдонча бўлиб, болалар учун мўлжалланган арғимчоқлар ҳам ўрнатилган.

    Мобиль гуруҳларда 16 нафардан тарбияланувчи учта гуруҳда мактабгача таълим учун зарур кўникмаларни ўзлаштиряпти. Ўқув-тарбия жараёни “Илк қадам” дастури бўйича олиб борилади.

    Тасаввур қилинг: остонадан майда қадам ташлаб кириб келаётган фарзандингизнинг “Ойи, бугун мен беш баҳо олдим”, дея хурсанд қийқириғи сизни қанчалар қувонтиради. Уйингиз кўрки бўлмиш фарзандингизнинг ҳар бир ютуғи кўксингизни тоғдек кўтаради. Зеро, ота-она учун фарзанд камолини кўришдан ортиқроқ бахт йўқ. Ҳа, мактабгача таълимнинг муқобил тури бўлган ушбу лойиҳанинг пилот босқичида мобил боғчаларга талаб юқорилиги маълум бўлди ҳамда юртимизнинг бошқа олис ва чекка ҳудудларида ҳам ташкил этила бошлади.

    Автобус йўналишининг ҳар бир ўйин майдончаси махсус қурилган соябонли ўйингоҳ билан жиҳозланган. Болалар бу ўйингоҳ ва автобусларда қизиқарли ўйин шаклидаги машғулотларда қатнашади.

    “Ақлвой” мобиль гуруҳи 2019 йил фаолият бошлаган. Мактабгача таълим ташкилоти бўлмаган олис ва чекка ҳудудларда МТТга қамраб олинмаган болаларни мактаб таьлимига тайёрлаш мақсадида йўлга чиққан автобус Паркент туманининг чекка Санганак ва Номданак қишлоқларига ҳам етиб борди. Бу қишлоқларнинг ҳар биридан 48 нафардан бола ушбу “автобус боғча”га жалб этилган.

    “Ақлвой”да тарбияланувчилар учун барча қулайлик яратилган. Иссиқ-совуқ сув учун кулер, егуликларини иситиш учун микротўлқинли печ, хона ҳароратини меъёрда ушлаш учун кондиционер, болалар машғулот ўташи учун стол-стуллар, махсус бурчаклар, ўйинчоқлар, телевизор ҳам бор.

    — Қишлоғимизда илгари боғча бўлмаган. Биз ҳам болаларимиз ораста кийиниб, боғчада таълим-тарбия олишини орзу қилганмиз. Энди ана шу орзумиз ушалди. Олти ёшли қизим ҳам мобил боғчага қатнаяпти. Уйга келгач, бизга шеърлар айтиб беради, санайди, расм чизиб кўрсатади. Қишлоғимиз болалари ҳам шаҳардаги тенгдошлари билан бир хил таълим олётганидан хурсандмиз, — дейди санганаклик Маъсуда Тешабоева.

    2019–2020 ўқув йилидан бошлаб лойиҳа дастлаб юртимизнинг 13 та ҳудудидаги марказдан олис 44 та маҳалла фуқаролар йиғинида амалиётга татбиқ этилди. Қайта жиҳозланган 16 та ISUZU русумли автобус базасида 93 та мобиль гуруҳ ташкил этилиб, мактабгача ёшдаги бир ярим мингдан зиёд бола қамраб олинди.

    Бу йил май ойида ана шундай 7 та автобус Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига юборилди. Натижада мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича 156 МФЙда 72 та автобус базасида ташкил этилган 429 та мобиль гуруҳга 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 7 мингга яқин ўғил-қиз қамраб олинди.

    Рақамлар гапирганда...

    Болаларнинг мактабгача таълимга қамровини ошириш жуда катта иш. Келинг, бу бўйича қилинган ишларга бир қур назар ташлаймиз. Аввало, ўтган даврда боғчалар сони 5 баробар оширилди. Мактабгача таълимнинг турли шакллари жорий этилди. Давлат-хусусий шериклик, хусусий оилавий мактабгача таълим ташкилотлари, мобиль гуруҳлар ташкил этилди. Буларнинг ҳаммаси болаларга илк ёшдан сифатли таълим-тарбия бериш, уларни ҳар жиҳатдан етук қилиб тарбиялашни мақсад қилган.

    Шу ишлар туфайли 2017 йилда 708 минг бола боғчага борган бўлса, бугун улар сони 2 миллиондан ошди. Бу ҳам бўлса кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш баробарида уларни ҳар томонлама ривожлантириш, келажакда яхши инсонлар қилиб улғайтириш учун қилинаётган катта ишлар.

    Ҳаммаси яхши, лекин таълим сифати-чи?

    2017–2021 йилларда соҳада асосий урғу айнан қамров масаласига қаратилган бўлса, эндиликда сифат масаласи кун тартибига чиқмоқда. Айнан мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари ва “Илк қадам” давлат ўқув дастури яратилгани бу борада яхши иш бўлди. Жаҳон миқёсида тан олинган бу дастурнинг ўзига хослиги шундаки, у бола шахсига йўналтирилган. Ўйин методи орқали компетенциявий ёндашув асосида ишлаб чиқилган. Ушбу ёндашув мактабгача ёшдаги боланинг ҳар томонлама етук, руҳан соғлом, жисмонан бақувват бўлиб ривожланиши учун хизмат қилиши керак. Боланинг мактаб таълимига ўтишида муҳим 4 та компетенция шаклланади. Булар: коммуникатив, ижтимоий, шахсий ва билиш компетенциялари. Мазкур дастур буларнинг барчасини қамраб олган.

    — Ўтган йили Ўзбекистонда биринчи марта таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро PISA имтиҳонлари ўтказилди. Бу синов эгаллаган билимидан келиб чиқиб, болани ҳаётий муаммони ечишга ўргатади. Бундан ташқари, бошқа халқаро дастурлар ҳам бор. Уларнинг ҳаммаси бирор йўналиш бўйича баҳолаш имконини беради. Энди мактабгача таълим сифатига келсак, шу кунгача бирор-бир халқаро инструмент орқали бу текширилмаган, — дейди Мактабгача таълим агентлиги директори ўринбосари Оятулло Раҳматиллаев. — Тўғри, мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш инструментлари бўлган. Шу орқали у ёки бу усуллар билан таълим сифатининг баъзи даражаларини билганмиз. Лекин, очиқ айтиш керак, бу бизга вазиятни яққол очиб бермаган. Қайси даражада, қайси масала бўйича ишлашимиз кераклигини билмаганмиз. Энди бу борада муайян қадамлар қўйиляпти. Шу кеча-кундузда Жаҳон банки лойиҳаси доирасида MELQO (measuring early learning quality outcomes), яъни эрта ёшдаги болалар таълими сифати ва натижаларини баҳолаш бўйича халқаро баҳолаш инструментлари қўлланяпти. MELQO инструменти бутун дунёда айнан мактабгача таълим тизимини баҳолайдиган инструмент. Ундан фойдаланган ҳолда таълим сифатини баҳолаш жараёнининг дастлабки икки босқичини ўтказяпмиз. Биринчи босқичи — мослашиш. Яъни ҳар қандай инструмент Ўзбекистон шароитига мослаштирилиши керак. Буни биз ўзимизнинг шароитга мослаштирдик. Биринчи босқичда иштирок этадиган ўнта боғчада халқаро консультант иштирокида таълим сифатини ўрганишда иштирок этадиган педагоглар тайёрланмоқда. Ҳар бир педагог махсус тренинглардан ўтади. Сўнг мана шу ўнта боғчада таълим сифатини текширамиз. Халқаро инструментнинг самараси нимада кўринди, яна нимага эътибор қаратиш керак, деган саволларга ойдинлик киритилади. Баҳолаш инструментининг самараси кўзга ташлангач, шу йилнинг охиригача 100 та боғчада қўллаймиз. Бу баҳолаш инструменти нафақат давлат мактабгача таълим ташкилотлари, балки оилавий боғчаларда ҳам қўлланиб, ҳамма жойда сифат бир хиллиги таъминланади. Шу билан бирга, ҳар бир мактабгача таълим ташкилотида бу борадаги камчиликларимизни аниқлаб, уларни бартараф этиш, жойларда мактабгача таълим сифатини ошириш бўйича кейинги қадамларни қўя бошлаймиз. Тўғри, ўтган даврда боғчалар сони жиҳатидан яхши кўрсаткичга эришдик. Чунки олдимизда дастлабки турган мақсад болалар қамровини ошириш эди. Энди эса тўлиқ сифатга эътибор қаратиляпти. Мактабгача таълим сифатини таъминлашда ўқув-методик таъминоти алоҳида аҳамиятга эгалигини айтиш керак. Бу бўйича ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Мисол учун, ўтган йилнинг ўзида биринчи марта нодавлат оилавий мактабгача ташкилотлар 42 миллиард сўмлик ўқув-дидактик материаллар билан таъминланди. Жорий йилда эса яна 8 мингта нодавлат боғча 35 номдаги ўқув дидактик-материаллар билан таъминланиши кўзда тутиляпти. Шу кунларда бу ўқув материаллари тайёрлаб қўйилган. Янги ўқув йили бошида етказиб берилади. Бу ҳам нодавлат оилавий ташкилотларда таълим-тарбия сифатини оширишга ёрдам беради.

    Умуман, давлат мактабгача таълим ташкилоти бўладими ёки оилавийми — таълим сифатига қўйиладиган талаб ягона. Чунки “Илк қадам” давлат ўқув дастури барча таълим ташкилотлари учун амал қиладиган ягона ўқув дастуридир.

    Педагог малакаси нега муҳим?

    Мактабгача таълим сифати, биринчи навбатда, шу тизимда ишлаётган педагоглар савияси, маҳорати, тайёргарлик даражасига боғлиқ. Бугун тизимда 150 мингдан зиёд мутахассис фаолият юритяпти. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2017 йилда атиги 58 минг нафар эди.

    2017/2018 ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги олий таълим муассасаларида махсус сиртқи, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб сиртқи ва кечки таълим шаклларида мактабгача таълим учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Мактабгача таълим йўналиши бўйича бакалавриатда таълим олиш муддати уч йил этиб белгиланди.

    Қабул кўрсаткичларининг оширилиши, махсус сиртқи ва сиртқи таълим шаклининг ташкил этилиши натижасида кадрларга юқори эҳтиёжни инобатга олган ҳолда сўнгги уч йилда мазкур таълим йўналиши бўйича қабул квотаси 2,5 баробар оширилди.

    Шу йилнинг 25 июнь — 8 июль кунлари Мактабгача таълим агентлиги ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICA) ўртасидаги ҳамкорлик доирасида мактабгача таълим соҳасидаги 15 нафар ўзбек мутахассиси SOON CHUN HYANG университетида малака ошириш учун Корея Республикасига юборилди.

    Таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида ўқув-дидактик мажмуалар, қўлланмалар, кўргазмали ва тарқатма материаллар, ривожлантирувчи ўйинлар ва албатта турли ўйинчоқлар давлат томонидан ҳар ўқув йили бошида етказилиб берилади. Ҳар бир педагог янги ўқув йилига иш ҳужжатлари билан таъминланмоқда. Шулар қаторида, ҳар бир гуруҳда замонавий аудио-видео қурилмалар ўрнатилган бўлиб, таълим жараёнида фойдаланиш учун электрон ресурслар мавжуд.

    Кичкинтойларнинг катта ютуқлари

    Шу йилнинг 29–30 июль кунлари Санкт-Петербург шаҳрида “Academy IQ-2023” IV Халқаро ментал арифметика олимпиадаси бўлиб ўтди. Олимпиадада Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги “Манзурабону” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари Саидкамол Равшанов ҳамда Сарвар Суннатов чемпион бўлди.

    Ментал арифметикада қизиқарли топшириқлар орқали кичик билимдонлар нафақат ҳисоблашни ўзлаштиради, балки фикрлаш, хотира ва интеллектуал қобилиятини ривожлантиради. Бу каби нуфузли мусобақаларда жажжи болажонларимизнинг ғалабаси юртимизда таълим-тарбия тизимига берилаётган эътибор бесамар кетмаётганини кўрсатади.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates