Битирувчилар учун асосий уч танлов

    Бугун юртимизда мактаб битирувчилари учун имконият кўп. Олий таълим муассасаларида ўқиш, стартап лойиҳасини бошлаш ёки ижодий йўналишда ўзлигини топиш — буларнинг ҳар бири ўз ҳаётини қуришда ёш авлод учун мустаҳкам ўрин тутади.

    Энг муҳими, танлов шошмашошарлик билан эмас, балки қизиқиш ва мақсадлар асосида амалга оширилиши керак. Боиси, танлов нафақат имконият, балки масъулият ҳамдир. Битирувчи қайси йўлни танласа, кейинчалик шу йўлда ривожланади, ҳаётидан қониқиши ҳам шу танловга боғлиқ. Шу сабабли мактаб битирувчиларининг бугунги эҳтиёж ва қобилиятига мос уч асосий йўналиш ҳақидаги маълумотни кичик қўлланма сифатида тақдим этишга қарор қилдик.

    Биринчи танлов: тенг имкониятларга асосланган тизимдан фойдаланиш

    Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатимизда ҳар қачонгидан ҳам юқори босқичга чиқди. Илм излаган ёшлар учун университетлар билим ва интилиш масканига айланди. Энг асосийси, ҳар бир абитуриент учун шаффоф, адолатли ва тенг имкониятларга асосланган тизим яратилди. Бу эса ҳаққонийлик ва ишончни янада мустаҳкамлади.

    “Аввал тест – кейин танлов” тизими айни замонавий ва адолатли ёндашув намунасидир. Абитуриент аввал тест синовларида иштирок этади. Натижалар маълум бўлганидан сўнг тўплаган балига қараб бешта ОТМни танлайди. Шунга кўра ўқишга киради. Энди талаба қайси университетга тушишини аввалдан тахмин қилмайди, балки нақадар билимли эканини тест орқали исботлаб, сўнг имкониятига мос ОТМ ва йўналишни эркин танлайди. Бу тизим ҳар бир ёш учун ҳақиқатан тенг старт, ҳалол рақобат ва адолатли қарор қилиш имконини беради. Бундай ёндашув таълим соҳасидаги шаффофлик ва ишончни янада мустаҳкамламоқда.

    Абитуриент олий таълим муассасасига кириш учун етарли балл тўпламаса ҳам саъй-ҳаракати беҳуда кетмайди. У техникумларга ўқишга қабул қилиниши мумкин. Бу тизим ёшларнинг руҳини туширмай, келажаги учун зарур касб-ҳунарли бўлишига хизмат қилади. Бу таълим муассасаларида ёшлар академик назария билан бирга амалий кўникмаларни ҳам эгаллайди. Техникумни аъло баҳолар билан битирган ёшлар олий таълим муассасаларига тестсиз, суҳбат асосида қабул қилинади. Бу эса билимли, интизомли ва масъулиятли йигит-қизлар учун яна бир имконият.

    2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида 22 минг 321 абитуриент ўқишга қилинган бўлса, 2024/2025 ўқув йилида бу кўрсаткич 44 минг 203 нафарга етди. Яъни сўнгги беш йилда давлат гранти асосида таълим олиш имконияти қарийб икки баробар кўпайган.

    Хотин-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш — давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан. 2020 йилдан бошлаб Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномасига эга бўлган қизлар учун қўшимча 4 фоизли давлат гранти ажратиб келинмоқда. 2020/2021 ўқув йилида – 940, 2021/2022 йилда – 2000, 2022/2023 йилдан бошлаб ҳар йили 2000 хотин-қиз учун алоҳида давлат грантлари ажратилиши белгиланди. Шунингдек, 2022 йилдан эътиборан магистратурага қабул қилинган хотин-қизларнинг шартнома пули давлат томонидан қоплаб берилмоқда. Бундан ташқари, камида 5 йиллик иш стажига эга, бироқ олий маълумоти бўлмаган 500 хотин-қиз ҳар йили алоҳида тест синовлари асосида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

    Иккинчи танлов: хорижда ўқиш ва халқаро рақобатга қўшилиш

    — Бугунги ёшлар турли грант дастурлари орқали маҳаллий ва халқаро миқёсда таълим олиш учун кенг имкониятга эга. Ушбу дастурлар бакалавриат, магистратура ва докторлик даражаларини қамраб олaди. Бундай грантлар ҳукумат тузилмалари ва хусусий ташкилотлар томонидан берилиши мумкин, — дейди Гарвард университети магистранти Жаҳонгир Саъдиeв. — Чет элда таълим олиш — минглаб ёшларнинг орзуси. Бироқ хорижда ўқиш билан бирга вужудга келадиган молиявий ва бошқа кўплаб қийинчиликлар бу йўлда тўсиқ бўлиши мумкин. Бу муаммога ечим сифатида кўплаб давлатлар томонидан иқтидорли талабаларнинг халқаро университетларда таълим олишини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратилган.

    Масалан, “Fulbright Scholarship” халқаро талабалар дастури бор. Ушбу дастур 155 мамлакатдан келган ва АҚШда магистратура ёки PhD (докторлик) даражаси олишни хоҳловчи чет эллик талабаларнинг харажатини тўлиқ молиялаштиради. Грант ўқув тўлови, дарсликлар, авиачипта, яшаш учун стипендия ва тиббий суғуртани ўз ичига олади. Ҳар йили тахминан 1800 талабага грант ажратилади. Ўзим ҳам Европанинг “Chevening”, DAAD, “Hungaricum”, “Erasmus Mundus” каби ўнлаб грантига ҳужжат топшириб, ҳаммасидан бир йилда қайтганим учун нисбатан қийин бўлса-да, “Fulbright Scholarship”га ҳужжат топшириб, олдинги тажрибаларим натижасида грантни қўлга киритганман.

    FLEX дастури эса АҚШ давлат департаменти томонидан молиялаштирилади. Дастур мактабнинг юқори синф ва коллеж/лицей ўқувчиларининг 1 йил Америкада бепул яшаш ва таълим олишини таъминлайди. Ғолиб номзодлар кўнгилли сифатида иштирок этаётган АҚШдаги мезбон оилада дастур мобайнида бепул яшаши ва маҳаллий мактабда ўқиши мумкин.

    DAAD грант дастури бакалавриат босқичини тугатган ёки унинг сўнгги босқичида ўқиётган талабаларга Германия университетларида магистратура ва докторантура босқичида ўқишни давом эттириш имконини беради.

    Туркия Бурслари грант дастури бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичида ўқишни тўлиқ молиялаштиради. Дастурга барча давлат фуқаролари ариза топшириши мумкин. Турк тилини аввалдан билиш талаб этилмайди.

    MЕХТ Япониянинг нуфузли грант дастуридир. У Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан борган талабаларга Японияда бакалавриат, магистратурада ўқиш ва илмий тадқиқот ишларини давом эттириш учун молиявий ёрдам кўрсатади.

    Юқорида санаб ўтганларим ҳақида батафсил маълумотлар ушбу дастурларнинг расмий веб-саҳифаларида ҳамда бошқа ижтимоий платформаларда келтирилган.

    Ҳар тарафлама хавфсиз ва қулай йўл излаётган бўлсангиз, “Эл-юрт умиди” жамғармаси бу борада самимий кўмагини аямайди. У орқали хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказларида таҳсил олиб қайтган стипендиатларнинг кейинги муваффақиятига караб, жамғарманинг ҳаққоний имкониятларини чамалай оласиз.

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати бўлиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшиш учун эса ҳеч қандай курсларга қатнашиш керак эмас. Белгиланган низом қоидаларни яхшилаб ўрганинг. Талаблар билан танишиб чиқиб, ҳужжатларингизни топширинг.

    Хўш, cтипендия танловига ҳужжат топширишда нималарга эътибор қаратиш лозим? Биринчи навбатда, номзоднинг белгиланган низомдаги талабларга мослиги. Иккинчидан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендия танловида иштирок этмоқчи бўлган номзод мустақил равишда хорижий таълим ва илмий муассасалардан бирига ўқишга қабул қилинган бўлиши керак. Шу билан бирга, стипендия танловида номзод томонидан танланган мутахассисликнинг устуворлигига алоҳида эътибор берилади.

    Жамғарма стипендия танловларида иш ва ўқиш жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароси иштирок этиши мумкин. Стипендия танловида бакалавриат таълим дастури бўйича — 25 ёшгача, магистратурада — 20 ёшдан 45 ёшгача, докторантурада — 22 ёшдан 45 ёшгача бўлган номзодлар иштирок эта олади.

    Номзодлар икки босқичда сараланади: биринчи босқич ҳужжатларни низомда белгиланган талаблар асосида қабул қилиш, таҳлил этиш ва рўйхатга олишни кўзда тутади. Ушбу босқич жамғарма ходимлари томонидан ўтказилиб, унинг якунлари бўйича ҳужжатларини жамғарма талабларига мос равишда тақдим этган, саралаш танловининг иккинчи босқичига ўтган иштирокчиларнинг йиғма рўйхати тузилади. Стипендия танловининг иккинчи босқичида давлат тилида суҳбат ўтказилади.

    Хорижда таълим олишни ташкил қилиш TНE (Thе Timеs Нighеr Educаtiоn Wоrld Univеrsity Rаnkings), QS (Quаcquаrеlli Symоnds Wоrld Univеrsity Rаnkings), Thе U. S. Nеws аnd Wоrld Rеpоrt (Bеst Glоbаl Univеrsity Rаnkings) ва ARWU (Acаdеmic Rаnking оf Wоrld Univеrsitiеs) каби халқаро миқёсда эътироф этилган академик рейтингларнинг энг илғор 300 та (ёки танлаб олинган фан бўйича етакчи 100 та) таълим ва илмий муассасалари рўйхатидан жой олган хорижий таълим, илмий ҳамда бошқа муассасалар доирасида амалга оширилади.

    Учинчи танлов: замонавий касб ўрганиб, рақамли давр имкониятидан фойдаланиш

    Рақамли иқтисодиётнинг кенгайиши, сунъий интеллект ва интернет технологияларининг тезкор ривожи натижасида дунё бўйлаб меҳнат бозори тубдан ўзгариб боряпти. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда эмас. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг замонавий касбларни ўрганиши, рақамли соҳаларда малака ошириши учун турли платформа ва ташаббуслар пайдо бўлаётир.

    Сунъий интеллект, рақамли маркетинг, веб-дизайн, дастурлаш, миллий контент яратиш, видеомонтаж, график дизайн каби соҳалар бозорнинг энг талабгир йўналишларига айланди. Бу касбларнинг асосий афзаллиги шундаки, онлайн курслар, bootcamp дастурлари, мустақил ўқиш воситалари орқали қисқа муддатда амалий кўникмага эга бўлиш мумкин.

    Юртимизда бу жабҳани қўллаб-қувватловчи ташаббуслар, қилинган ишлар, лойиҳалар ниҳоятда кўп. IТ компаниялар учун истиқболли бошланғич лойиҳалар, ташқи иқтисодий зона, жумладан, илмий ва таълим ташкилотлари билан интеграциялашган ҳолда ишга тушириш ва бозорга чиқаришни таъминлашга мўлжалланган объектлар, бино ва иншоотлар мажмуаси бўлган IT паркни олайлик. Фаол ва иқтидорли инсонлар бухгалтерия ҳисоби, юридик, маркетинг ва таълим орқали ўз ғояларини ҳақиқий бизнес лойиҳаларига айлантириш учун катта имкониятга эга бўладиган жой.

    Бундан ташқари, сифатли миллий платформа ва контентлар мавжуд. Масалан, Mohirdev миллий платформа бўлиб, асосан дастурлашга йўналтирилган. Платформада Python, JavaScript, веб-дастурлаш ва сунъий интеллект асосларини ўрганмоқчи бўлган ёшлар учун ажойиб видеодарслар ва қизиқарли тестлар мавжуд. Шунингдек, Skillbox.uz, Eduon.uz, Stepik.uz ва бошқа кўплаб платформалар замонавий касбларни ўзбек тилида ўрганишга мўлжалланган. Видеоқўлланмалар, сертификатлар ва мутахассислар кўмаги орқали ёшлар кўникмасини мустаҳкамлаши мумкин.

    Ҳозирги ёшларда ўз салоҳиятини намоён этиш учун шароит етарли. Улардан талаб қилинадигани — шижоат ва ташаббускорлик. Лекин бунинг учун автомобиль, тўй сабаб пул ишлашни бош мақсад қилиб қўймаслик керак. Режаларни темир-терсакдан устун қўйинг. Касбга кўп пул келтирадиган манба сифатида биртарафлама қарамаслик, фақат бой бўлиш ҳақида ўйламаслик керак. Сиз ёқтирмаган ҳеч бир касб завқланиб ишлаб топган пулингизга етмайди. Сизга завқ бағишлаган касб эса сизни бой қилганини ўзингиз ҳам билмай қоласиз.

    Азизбек ЮСУПОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates