Миллат келажагига қарши ўйинлар

    Яқин-яқингача 1 август келса барчанинг юраги така пука бўларди. Азим кент пойтахтимизда шу куни гўёки ҳаёт тўхтагандек бўларди, шаҳар ҳар тарафлама ёпиларди, эрта тонгдан уяли алоқа воситалари деярли ўчириларди, интернет ўларди, дўзахий хаос ва ваҳима пайдо бўларди.

    Оддий одамларни юрагини ларзага солишга бўлса керак кўчаларга оғир зирҳли ҳарбий махсус техника ва қора ниқобли аскарларнинг автомат кўтариб юришлари гўёки террорчилар таҳдиди борлигидек туюларди, астағфирулло. Туни билан чекка туман ва олис қишлоқлардан келган абитуриентлар ўз давлатининг севимли пойтахти эмас, ўзга юртнинг қаҳри қаттиқ имтиҳон полигонига келиб қолгандек ҳис қилишарди бамисоли, барчага ҳам нафас олиш оғирлашарди ҳатто..

    Шу билан бирга бу санани бир йил тиш тирноғи билан кутадиган баъзи бир учарларнинг куни эди, яъни картошка пишиқчилиги ёки ҳосил байрами деб аталарди. Кимлар учун хурсандчилик яна кимлар учун аламли кун бўлар эди. Бир неча йиллар мобайнида олий таълимдаги қабул жараёнларидаги ноҳақликлар, турли «ўйин»ларни гўёки барчамиз билар эдигу, аммо ҳеч қаерда лом-мим дея олмасдик. Энг ачинарлиси катта ҳаётга катта умидлар билан қадам қўяётган ёшлар бу ноҳақликларни кўриб, шу босқичдан ўтишга мажбур эканликлари таълимдаги фожиамиз эди. Энг ачинарлиси кўчадаги кўз кўз қилинаётган шовқинли ҳушёрликдан фарқли равишда ОТМ ҳудудидаги сокин «бункерлар»да барчанинг тақдирлари ҳал бўларди, олдиндан "салом-алик" қилганлар иши беш, улар бюджетга илиниши учун баланд баллар қўйиларди, аммо бунинг оқибатида ўқиган, билимга чанқоқ ёшлар баллари сунний тушиб кетар ва бу уларни қабул қизил чизиғи ортида, бортдан ташқарига тушиб қолишга олиб келарди. Сўнг ўқишга киролмаган қора кўзларимиз ичкарида иш тополмай ўзга юртларда қора ишларда кетишга мажбур бўлишарди ва бунинг асоратлари ҳали ҳанузгача сезилади.

    1 август куни олий ўқув юртларига ўқишга киритиш учун «катта армиянинг тўлиқ таркиби» ишлар эди, ректор рўйхати алоҳида гуруҳлар шакллантирилар эди, булар учун барчаси VIP, кейингиси бункерлар тизимнинг энг асосий оғир артиллерияси, яъни фанлар блокининг ўқитувчилари жамланган хона, ўқитувчилар бир кун олдин бу хонага барча шароитларини ҳал қилиб муҳрлаб қулфланиб қўйилар эди. Бункерга ишни етказишда фаол иштирок этувчилар- махсус етказувчилар тест маркази бино бошлиғи, қаватлар раҳбарлари, назоратчи ўқитувчилар ҳамда университет ходимлари. Жараёнлар эса турли хил усуллар орқали бошқариларди. Қайсидир аудиториянинг тартиб рақамлари охирги парталарга жойлаштириларди, бир хил рангдаги кийимлардан, дастрўмоллардан ёки тест варақасида хатолар мавжудлигидан фойдаланган ҳолда ишлар олиб чиқилиб бункерга етказилиб ишлаб қайтиб олиб кириб берилар эди. Бу жараён 2015-2016 йилларда ўзининг энг юқори чўққиларга чиққан пайтлари эди, деярли 80-90% ишлар бункерларда амалга оширилган. Қолган учарлар эса шпаргалка, телефон ёки кузатувчи мақомида кириб бўлмаганда битта блокни ишлаб чиқиб кетишарди. Яна бир қўл келадиган усул-бу «паравоз»лар эди. Ақлли калла атрофида уч тўрт нафар абитуриентни бирлаштириш, бунда ҳам албатта тартиб рақамлари ёнма-ён қилиб ёпиштириларди. Тасаввур қилинг 1 августнинг ўзида қанча механизмлар ишлатилар эди.

    Нимага эришдик, ёшларимизга адолатни кўрсатдикми, билимли ёшлар қолиб билимсизларга йўл очдик, табиийки қабул квотаси хам сунъий равишда оширилмай 2016 йилгача 9%лик кўрсаткичда ушлаб турилди, бунинг натижасида жуда кўплаб ёшларимиз Ўзбекистонни тарк этишди. Олий таълим тизимига бўлган ишонч йўқолиб борди.

    Бугун эса бундай ҳолатлар йўқ. "1 август" ўз қадрини йўқотган. 2017 йилдан бошлаб, олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари тубдан ислоҳ қилинди.

    Ўтган етти йил мобайнида ёшларнинг олий таълимга қамраб олиш ҳам 9 фоиздан 43 фоизга етказилгани ҳамда қабул жараёнларидаги турли ноҳақликларга барҳам берилгани ҳам бугунги кунимизнинг ёрқин воқеликларидан бири десак, адашмаймиз. Мавжуд 67 ОТМ сони 215 етди.

    Бу йилги қабул жараёнларидаги ўзгаришлар хам энг аввало таълим сифатининг ошишига туртки бўлади, чунки абитуриентлар олдида танлов мавжуд, ҳар бир юқори балл тўплаган абитуриент энг аввало таълим сифати хамда техник базаси юқори бўлган олий таълим муассасасини танлаши табиий. Бу эса ўз навбатида олий таълим муассасаларининг таълим сифатини оширишга қаратилган ҳақиқий пойгасидан далолат беради, рақобат ва энг муҳими адолат ва ҳалоллик пайдо бўлаётганидан яққол даракдир!


    Шерзодхон Қудратхўжа,

    Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети​ ректори,

    Сиёсий фанлар номзоди, профессор

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates