Битирувчиларга ҳалолликни уқтиряпмиз

    Пала-партиш дори тавсия этишга барҳам бериш вақти келди.

    Ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳаётимиз интернет билан чамбарчас боғланиб бўлди. Ер курраси геосиёсий муносабатлар, низолар, ахборотлар, мафкуралар оқимида ўзгариб турибди. Халқнинг тинчлиги, хавфсизлигини таъминлаш, миллатнинг маънавий, мафкуравий бойликларини сақлаш ҳар доимгидан-да долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундай шароитда доим фикран уйғоқ бўлиш талаб этилади.

    Ўзбеклар азалдан уйғоқ миллат. Уйғоқлик томиримизда, жонимизда, виждонимизда бор. Буюк тарихимизга боқинг. Дунёни уйғотган боболаримиз эмасми?! Бедорлик тожини кийган Соҳибқирон Амир Темур етти иқлимга ҳукмдорлик қилди. Султон Мирзо Улуғбек осмон тоқига нарвон қўйди. Мудраб ётган тамаддун бешигига уйғонмоқ саодатини берган кўплаб боболаримизни дунё тан олиб турибди-ку! Биз тарбиялаётган йигит-қизлар ана шундай улуғ ва уйғоқ мутафаккирларнинг авлоди эканини унутмаслиги шарт. Бугун дунёга назар солиш жуда осон. Қўлимизда телефон, ижтимоий тармоқнинг хоҳлаган саҳифаси орқали истаган мафкура тарғиботини кўриш мумкин. Бу эса айни пайтда хавфли ҳамдир. Ёвуз ниятли кимсалар ўз ғояси атрофига миллатидан, динидан қатъи назар, кўзга кўринган одамни жамлаб, дунёга эгалик қилишни истамоқда. Ҳозир одамларда, айниқса, ёшларда ахборотга ташналик кучли. Бироқ ижтимоий тармоқлардаги шов-шувли, таҳликага солувчи, баъзида ўта нафратланарли хабарлар менталитетимиз, қадриятларимизга асло мос келмайди.

    Бугун Ўзбекистон жаҳон айвонида сиёсий позициясига, нуфузи ва мавқеига эга. Аммо давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган омил унинг маънавий қиёфасидир. Президентимиз бу борада жуда ҳам таъсирли чақириқни ўртага ташлади: “Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Мана, бугун маънавий-маърифий соҳада масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди. Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”.

    Барча соҳадаги ислоҳотларимизнинг пировард натижаси, бизнингча, тараққий этган, дунё билан бўйлашган Ўзбекистон деган давлатнинг ватанпарвар, эл-юрт ишига фидойи, миллатини, давлатини ҳар қандай вазиятда ҳам ҳимоя қиладиган, ривожлантирадиган, асраб-авайлайдиган, қадрияти, аждодлари, маънавий-маърифий, илмий, бадиий мероси билан фахрланиб, унга садоқат кўрсатадиган авлодни тарбиялашдир.

    Бошланган йилимизнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланишида ҳам ислоҳотлар марказида келажагимиз бўлган ёшлар сиёсати устуворлигини кўрамиз. Бу сиёсат бир йил билангина чекланиб қолмай, тизимли давом этаётир.

    Бебаҳо бойлигимиз — инсон саломатлигига эътиборни кучайтириш, тиббиёт тизимини такомиллаштириш борасида олдимизга қўйилган вазифалар тиббиёт тизими учун дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

    Андижон давлат тиббиёт институти жамоаси доимий ўқиб-ўрганишда, илмий изланишда. Таълим даргоҳимиз 60 дан ортиқ хорижий тиббиёт олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик ўрнатган. Хусусан, Корея католик университети, Savitribai Phule Pune университети, Dr.D.Y.Patil Vidyapeeth, Pune университети (Ҳиндистон), Қозон федерал университети, А.В.Вишневский номидаги Миллий тиббий тадқиқот жарроҳлик маркази, Алмазов номидаги юрак жарроҳлик маркази (Россия) ва бошқа университетлар билан аниқ режа асосида тизимли ишлар йўлга қўйилган.

    Институтимизнинг Ҳиндистонда 3 та, Жанубий Кореяда 1 та ваколатли офиси очилган. Бу олийгоҳимизга хорижлик талабаларни жалб этиш ва абитуриентларни қизиқтирган саволларга шу давлатларнинг ўзида тўлиқ жавоб олишга имкон беради.

    Ўтган йили 40 га яқин халқаро ва республика илмий-амалий анжуманига мезбонлик қилдик. Институтга хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда маъруза ва амалий машғулотлар ўтиш яхши ташкил этилган. Жумладан, 8 нафар хорижлик мутахассис ишга қабул қилинди

    Шунингдек, 58 профессор-ўқитувчи хорижий давлатларда малака ошириб қайтди. Институт ходимлари йил давомида 10 та докторлик, 44 та фалсафа докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Шунингдек, илмий фаолиятда муносиб изланиш қилаётган талабаларимиз ҳам ютуқлари билан устозларини қувонтирмоқда. Улар орасида номдор стипендия соҳиблари, нуфузли илмий олимпиадалар ғолиблари борлиги бизга фахр-ифтихор бағишлайди.

    Самарқанд шаҳрида “Science box” илмий маркази ташаббуси билан бир неча халқаро ташкилот ҳамкорлигида ташкил этилган “Илмий тадқиқотчи” илмий-амалий танлови ҳамда “Илмий тадқиқотнинг ўрни: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда институтнинг иқтидорли талабалари фаол иштирок этиб, диплом ва кўкрак нишони билан тақдирланди. Акушерлик ва гинекология фанидан халқаро талабалар фан олимпиадасида 6 нафар иқтидорли талаба қизимиз 1-ўринни эгаллади.

    Истеъдодли, билимли талабаларимизнинг муваффақияти ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Албатта, ютуқлар ўзимизники. Биз бу билан чегараланиб қолмаймиз. Изланиш, ўқиб-ўрганиш доимий вазифага айланган.

    Институтимизда 1,5 минг ўринли 4 та талабалар турар жойи мавжуд. Унда ҳозир 1550 йигит-қиз яшайди. Ёшларнинг бўш вақтинимазмунли ўтказиш учун зарур шароит муҳайё ва турли машғулотлар ташкил этилган. У ерда институт психологи, тарбиячи педагог, факультетлар деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари, тьюторлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар қилинмоқда. Бундан ташқари, ижара уйларда яшаётган талабаларимизнинг юриш-туриши, тарбияси, машғуллиги доимий назоратимизда.

    Биз тиббиёт соҳасига малакали ва билимли кадрлар етиштириб бериш баробарида эртага келажагимизни бемалол қўлига топшира оладиган, ўз фикрига эга, юрт қувончу ташвишига елкадош ва дахлдор бўлган ёшлар тарбияси зиммамизда эканини бир лаҳза ҳам ёддан чиқармаймиз. Шогирдларимиз одамларни танасидаги дардлардан халос этиш билан бирга, уларнинг онгу шуури саломатлиги учун жавобгардир.

    Яна бир жиҳатга тўхталмоқчиман. Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон билан таъминлаш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарор қабул қилинди.

    Сифатли ва ҳамёнбоп дори-дармон таъминоти борасидаги талабларга асосан, беморларга тавсия этиладиган дори-дармонларни тартибга солиш тадбирлари бошланди. Нархи қиммат, келиб чиқиши ноаниқ ва жимжимадор номдаги дориларга пул сарфлашни тўхтатиш, унинг ўрнига сифатли маҳаллий дориларга ўрин бериш кун тартибига кўтарилди. Ахир ўтган йили шамоллашга тавсия қилинган хориж дорисини ичиш ортидан гўдаклар қанча азоб чеккани, қанчасининг умри хазон бўлгани барча учун катта сабоқ бўлди. Бундай нохуш ҳолатлар юз бермаслиги учун тизимда жиддий ўзгаришлар қилиш тақозо этилмоқда.

    Пала-партиш дори тавсия этишга барҳам бериш вақти келди. Шунингдек, шифокорлар ва турли фармацевтика компанияларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигига ҳам нуқта қўйиш шарт. Тиббиёт муассасаларидаги дори фирмалари тақвимлари, ёрлиқлари, эсдалик буклетлар ва бошқа реклама жиҳозлари беморни чалғитмаслиги керак. Бугун битирувчиларимиз ўқишдан узилмаган ҳолда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритмоқда. Иш жараёнида мана шу жиҳатларга эътибор қаратишни уқтиряпмиз. Чунки шу Ватанда яшар эканмиз, фаолиятимизнинг ҳар лаҳзасида унга дахлдор эканимизни ҳис қилиш бурчимиздир.

    Мадамин МАДАЗИМОВ,
    тиббиёт фанлари доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates