Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — ватанмиз!

    Фикр 30 август 2024 1808

    Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида ҳар бир ватандошимиз, ҳар бир миллатдошимиз қалбида истиқлол мавжлари, кеча ва бугуннинг акси жилоланиши табиий. Боиси, шу 33 йил мобайнида ўзбек эли бир мақсад йўлида бирлашди, миллий жипслик янада қалинлашди.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида "Ватанимизнинг равнақи, халқимизнинг фаровонлиги учун бор куч-ғайратимизни, билим ва тажрибамизни сафарбар қилиш — ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир" — деган эдилар.

    Бугун каттаю кичик бир тану бир жон бўлиб, бунёдкорлик, ободлик ишларида бир-бирларига елкадош бўлмоқда. Бу шонли 33 йил ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанимизга, озодлигимизга, истиқлолимизга бўлган чексиз муҳаббат ва ифтихор туйғусини мустаҳкамлади.

    Мустақиллик – бу халқимизнинг тарихий тақдири, келажаги ва барча орзу-умидларининг мустаҳкам пойдевори. Шу боис ҳар йили бу кунни шукроналик билан қарши оламиз, эришилган ютуқларни, орзу-ҳавасларимизни ёдга оламиз ва улуғ мақсадлар сари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қиламиз.

    Юртимиз мустақилликка эришгач, халқимиз ўз тақдирини ўзи белгилаш, ўз келажагини мустақил равишда қуриш имкониятига эга бўлди. Шу йиллар давомида Ўзбекистон халқининг қандай улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганини кўз олдимизга келтирсак, бугунги кунда эришилган ютуқларимизнинг асосида мустаҳкам бирлик ва ўзаро тотувлик илдиз бўлганини англаймиз. Айнан бирлик ва ҳамжиҳатлик туфайли биз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳаларда улкан ютуқларга эришдик.

    Бугун дунё аҳли "Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!" – дея олға интилаётган халқимиз кечаги халқ эмаслигини англаб етмоқда. Бу шиор остида амалга оширилаётган ислоҳотлар одамларимизнинг ҳаётий фаровонлиги, эркинлиги ва бахт-саодати учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

    Бугун, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллигини нишонлар эканмиз, ўз олдимизга янада улкан мақсадларни қўйишимиз, янги марралар сари дадил қадам ташлашимиз, келажак авлод учун ёруғ истиқбол яратишимиз зарур. Шу йўлда барчамиз бирдамликда, фидойиликда ҳаракат қилишимиз лозим. Ватанимиз равнақи учун, халқимиз фаровонлиги учун бирлашиш, ҳамжиҳатликда яшаш – бизнинг энг улуғ вазифамиздир.

    Ана шу бурчларимизни чуқур англаган ҳолда олдимизга улуғ орзу ва режалар қўйганмиз. Ана шу орзулар рўёби бизни саодат манзили сари етакласин, ўзлигимизни англаш, қадриятимиз тантанаси — мустақиллик байрами барчамизга муборак бўлсин!


    Соҳиба Зокирова,

    Фан доктори