Бугун ҳаёт олдимизга қўяётган саволларга ана шу муборак 33 йиллик чўққидан туриб очиқ-ойдин фикрламоғимиз, мулоҳаза юритмоғимиз жуда-жуда табиий. “Заррабин” рукнимиздан мурод ҳам шу, яъни айни пайтда мамлакатимизда давом этаётган шиддатли ислоҳотлар самарадорлигига ҳисса қўшиш. Рукнимизнинг бу галги меҳмони – таниқли адиб, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад.
– Демак, сўзни ватанимиз мустақиллиги мавзусидан бошласак...
– Бажонидил. Дарҳақиқат, мустақиллик ва мустақиллик шарофати билан халқимиз кўзлаган ва кўзлаётган тараққиёт чўққиси мавзуси ҳамиша дилимиз, шууримиз тўрида арзанда ва тотли орзу-истак бўлиб қолаверади. Инчунин, ҳар бир онгли ватандошимизнинг мустақиллик қўлга киритилиши, ортда қолган йиллар мобайнида босиб ўтилган ва ўтилаётган йўлимиз борасида ўз қарашлари, фикр-мулоҳазаси йиғилиб бориши ҳам табиий.
Менга рукннинг номланиши ёқди. Чунки “заррабин” деган сўз, назаримда, суҳбатдошни умумийликдан қочишга, кўнгилдаги бор мулоҳазаларни очиқ-ойдин, янаям синчковлик билан, янаям чуқурроқ, миқёслироқ изҳор этишга чорлаётгандек туюлмоқда. Бу борада заррабиннинг ҳам, “Заррабин” рукнининг ҳам имконияти катта, деб ўйлайман.
Ўтган асрнинг 70-80-йиллари арафасида мустақиллик орзуси зиёли қатлам вакиллари, айниқса, навқирон ижод аҳлининг оғзидан тушмаган. Муҳими, руҳ, шиддат баланд эди. Тўрт одам йиғилган жойда унча-мунча ақл бовар қилмас масалалар “ечими топилиб, ҳаётга татбиқ этиб” юбориларди. Бу хил гап-сўзларга истеҳзо билан қаровчилар ҳам йўқ эмасди. Истиқлол истагидагиларни сиёсий сўқирга, жўжахўрозга чиқарувчилар, “Нима деяпсанлар, СССРдай қудратли давлатга бас келадиган куч йўқ еру кўкда!”, деб оғизга урадиганлар оз эмасди. Бироқ...
Фикримча, 90-йиллар бошида собиқ шўролар салтанати измидаги республикаларда юз берган тарихий воқеалардан чиқарилиши керак бўлган муҳим тарихий хулоса: ҳар қандай истибдод қанчалар кучли-қудратли бўлмасин, вужудида таназзул-интиҳо уруғлари ҳам ё сезилиб, ё сезилмай етилаётган бўлади. Эртами-кечми, ўша уруғ униб, бўй кўрсатади. Шундан кейин уни ҳеч қандай куч тўхтата олмайди. Муқаррар шундай! Шу боис ҳам халқ ва ватан манфаати йўлида фидойи инсон ҳаёт экан, ботинидаги “Мумкин эмас!”, “Иложсиз!” деган бўшанг туйғуларни “Мумкин!”, “Иложи бор!” деган курашчан ақидага ўзгартириш йўлларини изламоғи керак, шарт! Ҳуррият бизга мазкур ишончни берди, бинобарин, ҳурриятнинг қадрига етиш ўша ўлмас ишончнинг қадрига етиш билан чамбарчас боғлиқ.
Давлат мустақиллиги ўз тақдирини ўзи белгилаш, ўз тараққиёт йўлини ўзи кашф этиш, қисқаси, ўз ёғига ўзи қоврилиб, фаровон рўшноликка эришиш, жамиятни ҳали амалда кўрилмаган даражалардаги юксакликлар сари олиб чиқиш демакдир. Мустақилликка эришдингми, марҳамат, қандай миллат ва халқ сифатида мавжудсан, нималарга қодирсан, нималарга қурбинг етади – қандай истиқбол чўққиларини кўзлайсан, салоҳиятингни намоён қил, ўзлигингни кўрсат, дегани.
Ўтган асрнинг 91-йили тарих ва тақдир Ўзбекистондек давлатга, ўзбек миллати ихтиёрига мана шундай имкониятни инъом этди.
Хўш, нима бўлди? Ўтган 33 йил кичкина давр эмас. Жуғрофий имкониятлари ҳар жиҳатдан тўкис, нуфуси залворли давлат нималарга эришди-ю, нималарга эришолмади?
Бу саволларга осонгина, жўнгина ёки мухтасаргина жавоб бериш қийин. Лекин саволга савол билан жавоб берилса-чи? Яъни мустақилликнинг 33 йилида халқимиз кўзлаган, орзу-умид қилган тараққиёт чўққилари забт этилдими? Ёхуд тараққиёт чўққиларини ишғол этиш сари залворли қадамлар ташландими?..
Яна ўйлаб қоласан киши: “ҳа” десанг, “йўқ” дейдиганлар, “йўқ” десанг, “ҳа” дейдиганларга рўпара келасан. Икки томонни муросага келтиргунча эса жонинг ҳалак!
– Фикрингизга аниқлик киритсангиз.
– Аниқлик кўриниб турибди. Лўндасини айтганда сиёсий мустақиллик ҳадя этган имкониятлардан етарли фойдаланилмади. Бунинг сабаблари жуда-жуда кўп, лекин бош ва асосий сабаб – лаёқатсизлик ва уқувсизлик, деб ўйлайман.
Битта мисол келтирайлик.
Кенг омма мустақилликни орзу қилиб юрган пайтларда “Ўзбекистон ўз ҳолига қўйилса, одамларимизнинг косаси тилладан бўлади, пахтамизнинг ўзидан келадиган даромад халқимизни боқишга етиб ортади”, деган маҳобатли башоратлар кўп айтилди. Бирдан йўлимизда “бозор муносабатлари” жаноблари пайдо бўлди-ю, унга одамларимиз ҳам, раҳбарлар ҳам, мутахассислар ҳам тайёр эмаслиги аён бўлди-қолди. Дунё бозор муносабатларида яшаркан, биз бозорни билмас эканмиз. Қўшимча ўлароқ:
жамиятни босқичма-босқич демократлаштириш;
бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш;
пул муомаласини босқичма-босқич ислоҳ қилиш;
таълимни, саноатни, қишлоқ хўжалиги ва ҳоказони босқичма-босқич ўзгартириш;
раҳбар кадрлар тайёрлашда босқичма-босқич ҳоказо ва ҳоказо... Кўряпсизми, мамлакатнинг бутун ҳаёти, туриш-турмуши, жайдари тилда айтганда, “нол”дан бошланди.
Бу табиий жараён эди. Чунки мустақилликка эришгач, билдикки, нафақат бозор муносбатларига, балки мустақил яшашга, мустақил фикрлашга, касб-коримизнинг чинакам соҳиби сифатида ўзимиз ва ўзлигимизни намоён этишга тайёр эмас эканмиз. Қаранг, шўролар даврида ўқиган, ишлаган, малака оширган манаман деган қарийб барча соҳа мутахассиси яроқсизга чиқди.
Ҳаётий ақидалар ўзгарди, унинг изидан шароитлар, талаблар, мезонлар бир кунда ўзгарганини, бироқ одам бир кунда ўзгариши иложсиз эканини ҳам тушунамиз. Бу – истиқлол тонгидаги табиий ҳолатлигини ҳам назардан қочирмаймиз. Аммо-лекин ҳаш-паш дегунча чорак аср ортда қолди, тараққиётнинг босқичма-босқич сиёсати дея ўзимизни ўзимиз чалғита-чалғита қарасак, деярли барча соҳадаги ишларимиз, муболағасиз айтганда... ҳалокат, таназзул ёқасига келиб қолибди!
Бу икки сифатловчи ибора оғир ботади, албатта, лекин 2016 йилнинг охирларига келиб энди бу аҳволда яшаб бўлмаслигини баралла айта олдикми, бунинг устига жамиятимиздаги БАРЧА соҳа ва ЖАБҲАни яна “нол”дан бошлашга мажбур бўлдикми, демак, танланган таърифларда муболаға йўқ. Бу – ватанимиз мустақиллигининг дастлабки чорак асрида “эришганларимиз”га берилган шафқатсиз ва адолатли баҳо эди! Хулоса, ҳукм эди!
Мустақилликнинг иккинчи даври (2016 йил охиридан) қанчалар мураккаб бир ҳолатда бошлангани, амалдаги давлат Раҳбарига мисли кўрилмаган муаммоларга тўла мерос қолгани хусусида вақт-соати билан фикр-мулоҳазалар айтилмай иложи йўқ. Зеро, бу – мамлакатимиз, халқимиз тарихи, истиқболи учун муҳим, аммо-лекин қаттол савол ғоят ўжар, ғоят қайсар, яъни Ўзбекистон дея аталмиш давлат, халқ мустақиллик шарофатидан гуллаб-яшнамоғи керак эди-ку?! Фаровон, ҳур, барқарор ва эмин-эркин – юксалиш сари одим ташлаган жамият қуриш орзулари рўёбга чиқиш вақти келганди-ку?! Чорак асрлик умр нима бўлди? Нималар йўлида бой берилди?
Жавоби борми бу саволларнинг?
Самарали фойдаланилмаган, бой берилган имкониятлар ҳақида лом-мим демасликка, унинг сабаблари хусусида бош қотирмасликка одатланиб бораётгандекмиз. Ваҳоланки...
– Мустақиллик аввалидаги шарт-шароит ва омилларни ҳам унутмаслигимиз керак эмасми?
– Бу хусусда баҳсга ўрин йўқ. Қийинчиликнинг кўп-озлиги алоҳида муаммо, лекин бу ўринда гап сиз назарда тутган шарт-шароитни бартараф этишга қодир потенциал куч-салоҳият топа олмаганимиз, яъни лаёқатсизлик, уқувсизлик, юмшоқ қилиб айтганда, тажрибасизлик панд бергани тан олинса, ундан керакли хулосалар чиқарилса фойдалироқ бўлмасмикан, деб ўйлайман. Чунки ҳаёт ҳеч қачон силлиққина, осонгина кечмайди, хусусан, ҳозирги таҳликали ва муносабатлар қалтис тус олаётган бир пайтда давлат раҳбарининг зиммасидаги муаммо кўлами ва залворини ҳар ким ҳам холис тасаввур қила олмайди. Шунга қарамай, фидойи раҳбар ўз халқи ҳаётини, жамияти равнақини янгидан-янги тараққиёт юксаклиги томон бошлаб бориш нияти, орзусини бирор дақиқа бўлсин унутмайди.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси билан олис ўтмишдаги икки Уйғониш даври — Ренессансни кенг оммалаштиришга киришилгани фавқулодда топилма-кашфиёт бўлди, деб ўйлайман. Қисқа фурсатда бири 10 ва иккинчиси 5 аср муқаддам эришилган юксаклик чинакам маънода бугунги халқимиз учун ўзига хос қутб юлдузига, нурли маёққа айланиб бормоқда. Жамиятни бирлаштиришга хизмат қиладиган, мамлакатимиз ривожланиши, тараққий этиши учун ҳаммани бирдек ҳаракатга келтирадиган улкан ғоя аслида бу! Учинчи Ренессанс мана шу маёқ вазифасини ўтамоғи лозим. Ўзбек миллати жўн миллат эмаслигига, ўтмишида осмонўпар тоғ чўққилари кўкка қадар бўй чўзиб турганидан ҳақли равишда фахрлана олишимизга эътибор қаратилмоқда. Янада муҳими, халқимизнинг айни замондаги мавжуд салоҳияти Учинчи Уйғониш даврини яқинлаштиришга қодирлигига урғу берилмоқда. Бу ниҳоятда улуғ мақсад, улуғ ният, улуғ орзу!
Айни чоғда ҳар қандай миллат, халқ тирик организм сингари ўзини ўзи асраш иммунитети билан яшайди. Ушбу иммунитет талаби ва эҳтиёжига кўра миллат тийнатида ўзини улуғловчи, кўнгилларни кўтарувчи, руҳий мадад вазифасини ўтовчи, керак бўлса, ўзини кўз-кўз қилиш истагидан келиб чиққан фазилатлар ўзига хос доимий тимсолу аломатларга айлана боради. Ҳозирги тил билан айтганда, шу тариқа имиж яратилади. Мисол учун, ўзбек – меҳмондўст, дилкаш ва бағрикенг миллат. Япон ундай, инглиз бундай ва ҳоказо. Яъни, миллат вакиллари ўз маънавий юксаклигига чиқиб олиб ўзини, ўзлигини кўз-кўз қилишни, шу орқали дунёга жар солишни кўзлайди. Фахрланади, ғурурланади. Бунинг ёмон жойи йўқ. Бу бир томондан миллий ғурур манбаи сифатида, иккинчи томондан жаҳон халқлари назарини “ишғол” этишда жуда қўл келади.
Шу ўринда мулоҳаза туғилади.
Гап шундаки, ҳар қандай миллий тафаккур муайян даражада муболағага мойиллик туйғусидан холи қололмайди. Бунинг натижасида пича бўрттириш, пича ошириб кўрсатиш унсурлари вақт ўтгани сайин оддий кўникмага-трафаретга айланиб кетади. Ақидага айлангани сари тил-қулоқ одатланади-да, ундаги даққилик, беўхшовлик сезилмай қолади. Мисол учун қачон, қаерда ўзбек менталитетидаги миллий ўзимизга хос фазилатлардан сўз очилса, биринчи навбатда, меҳмондўст халқ эканимиз фахрланиб тилга олинади.
Меҳмондўстлик ноёб ва нодир фазилат, унга тил теккизишдан йироқман, лекин ХХI асрнинг иккинчи чорагида яшаётган дунё халқлари каҳкашонида меҳмондўстлик билан ном қозониш, меҳр-эъзозга сазовор бўлиш (дошқозларда тонналаб ош дамлаб, бепул тарқатишлар шу жумладан) баъзан эриш туюлади. Майли, меҳмондўст миллат бўлиб қолайлик. Шу билан бир вақтда дунёга ўзбек миллати илмга ташна, ҳалол, ишчан, уддабурон, қўрқмас, жасур, аҳил, жипслашган, юксак маданиятли миллат сифатида танилса, дея орзуларга берилгиси келади одам.
Яна бир мулоҳаза. Давлат мадҳиясининг улуғвор жаранги ҳар қандай қалбга жўшқинлик бахш этади. Баралла жўр бўлиб куйлаш мароқ бағишлайди ҳар бир ватандошимизга. Бироқ қўлни кўксимизга қўйиб қуллуқ қилиш ҳақида ўйлаб кўрсак-чи? Миллий бағрикенглик, муросаи мадорага мойиллик тимсоли бўлиб қолишини истаяпмизми, шу манзара орқали?
Қонунга бўйсунамиз, албатта, лекин, ўзбек шунча вақт қуллуқ қилгани етар. Қуллуқ қилишни қонунлаштириб қўймаяпмизми? Учинчи Ренессанс ишқида одим ташлаётган миллат дунёга бошини, қадди-қоматини ғоз тутган ҳолда мағрур юзлангани маъқулроқ эмасми? Улуғ шоиримизнинг қуйидаги ўлмас мисрасини нечун унутишимиз керак:
Қайга бормай, бошда дўппим,
Ғоз юрарман, фахр этиб...
Мутахассислар, зиёлилар, кенг жамоатчилик ушбу масала юзасидан кенгашайлик.
– Жадид мунавварларимиз даврининг кичик Ренессансга қиёсланишига қандай қарайсиз?
– Қаранг! Жадид оталаримиз давридаги халқимиз илм-маърифатга, замонавий янгиланишларга ташна миллат сифатида эътироф этилди. Нақадар ажойиб! Шунинг ўзи Уйғониш, маънавий-интеллектуал Ренессанс!
ХХ аср аввалида Туркистон ўлкасида вужудга келган жадидлик ҳаракати жаҳон халқлари тарихида қиёси йўқ уникал воқеа! Ўтмишдаги Биринчи ва Иккинчи Ренессансга тенглаштириш шарт эмас, албатта, аммо минтақамизда туғилган, фаолият юритган жадидлик ҳаракати – ХХ аср Ренессанси! Миллий чўққи!
Диний китобларимизда қалб ва шуурдаги ниятга алоҳида урғу берилади. Улуғ ният ҳатто амалдан-да юқори қўйилади. Шу тушунчадан келиб чиқсак, жадидлик ҳаракатининг аҳамияти бутун бетакрорлиги билан кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ушбу ҳаракат тарихига доир янгидан-янги маълумотлар билан танишганимиз сайин хаёлга эрк бермай иложи йўқ. Президентимиз топиб айтганидек, жадидлик ҳаракати ўн гулидан бир гули очилмай бўғиб ташланмаганида айни кунларимиздаги жуда кўплаб муаммолар ўз-ўзидан ечимини топиб кетган, халқимиз янада юқори мақомдаги ҳаётий масалалар билан машғул бўлур эди.
Эътибор берайлик: жадидлик чўққиси давридаги улуғвор орзулар ва бугунги муаммоларга ечим топиш ўртасидаги яқинлик, уйғунлик тарихий даврнинг узлуксизлигидан, кечаги ва ундан аввалги ўтмишимизнинг бугунимиз ва эртанги истиқболимиз билан муштараклигидан далолат бермоқда. Бу омил орзудаги юксакликларни ҳаётимиздаги юксакликларга айлантиришни истамоқдамиз.
– Қандай одамларни замонавий жадидлар дея оласиз?
– Замонамиз жадидлари оз эмас. Бундай деганда илмга ташна, нияти тоза, фидойи, кунни, вазиятни ва ижтимоий-сиёсий муҳитнинг бор мураккаблигини таҳлилий тафаккур чиғириғидан ўтказа оладиган мунаввар инсонларимиз назарда тутилмоқда, албатта. Замон, сиёсат, турмуш тутумлари тинимсиз ўзгариб турган маскану манзилда ҳар қандай ёмонликни яхшиликка, оғирликни енгилликка айлантирмоқ йўлида ҳаловатидан воз кечган киши – жадид.
Ўзгаришлар уммонида ўзликни асраб қолиш осон кечмаяпти, манфаат тушунчаси сарҳад билмай қолди. Яширмайлик, “Бу ерда бўлмаса, бошқа жойдан топаман”, деган тушунчага чалғиётганлар ҳам оз эмас.
Чикагода (АҚШ) ўзбек маданий марказига таклиф қилишди. Бордим, юздан зиёд ватандош, миллатдошлар жам бўлди. Дилдан гурунглашдик. Якунда “Эртага Тошкентга қайтяпман”, дея мезбонлардан изн сўрадим. Шунда, тасаввур қиласизми, йиғилганларнинг қарийб бари менга ҳаваси келиб, кўзлари чарақлаб, “Бизни ҳам олиб кетинг!”, деб бараварига қўл кўтарди.
Таърифига тил ожиз бир манзара, кайфият. Назаримда, шу манзара, шу лаҳза ҳар қандай инсонни ҳаяжонлантириб юборадиган миллий юксаклик чўққиси бўлиб туюлди менга!..
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ суҳбатлашди.
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 201-сонида (2024 йил 4 октябрь) чоп этилган.