Қўл чўзсак етар манзиллар

    Қўшработдан Нуротанинг тоғли қишлоғига келин бўлиб тушганимга ҳам ўн йилдан ошибди. Ота уйим билан бу ердаги шароит деярли бир хил эди. Биз томонда қишлоқларга газ келмаган. Болалигимда катта-кичик газ баллонларидан фойдаланганимиз эсимда. Биз унда ҳали мактабга бормас эдик. Ўшандан буён газ баллонларини яқин-яқинда яна кўрдик.

    Айтмоқчи бўлганим, янги келинлигимда уйга меҳмон келса, ҳали улар уйга кирмасдан ўчоқ бошига югурар эдим. Чунки меҳмонлар жойлашиб олиб, дастурхонга нон қўйилгунча чой қайнатишим керак. Дастурхон ёзилиши билан “чой олиб келинглар”, дейиларди. Шу чақириқ юрагимни безиллатиб қўйганди. Қишлоқда чой қайнатишнинг ҳам, овқат пиширишнинг ҳам фақат битта йўли бўларди — ўчоқда. Шунинг учун биз — келинларнинг асосий иш жойи ўчоқбоши эди. Далага чиқиб ўтин терардик, шох-шаббаларни йиғиб қўярдик, ҳатто ўтин ёриш ҳам баъзан ўзимизга қоларди.

    Уйимиз шундоққина Оқтов этагида. Айтишларича, бир вақтлар тоғда бодом кўп бўлган. Газ баллонлари келмай қолганидан кейин одамлар шу бодомларни кесиб ёқа бошлаган, кейинчалик ҳатто томиригача ковлаб олиб келиб, ўтин ўрнида фойдаланган. Тўрт-беш йилда шу бодомлар қуриб кетган. “Кейин сойимизда сув камайди, булоқлар тортилиб кетди”, дейди қайнонам.

    Бугун, Худога шукр, ҳамма уйда газ баллонлари бор. Тугаши билан бошқасига алмаштириб беради. Чироғимиз ўчмаяпти. Беш-олти йилдан буён ҳали ҳеч кимнинг тоғдан ўтин ташиганини кўрмадим. Бодомлар ҳам ўзини тиклаб, ўса бошлади. Лекин барибир сойимизда ҳали сув кўпаймади. Негадир йилдан-йилга камайиб боряпти.

    Маҳалламиз ҳам ўзгарди. Фарзандларимни боғчага беришни орзу қилардим. Мана, яқинда қишлоғимизда илк хусусий боғча очилди. Ҳозир икки фарзандим шу боғчага қатнайди. Катта ўғлим бу йил мактабга боради. Тоғли қишлоқ келинлари яқин йилларгача бирор ишнинг бошини тутиш ҳақида ўйламасди ҳам. Чунки бунга имкон йўқ эди. Қаерда ҳам ишласин, мактабга олий маълумотли кадрлар керак, бошқа иш йўқ. Туман маркази олисда.

    Лекин бугун мен мақтансам бўлади. Қишлоғимиз келинлари ичида биринчилардан бўлиб бизнесимни йўлга қўйдим. “Мумтозбегим” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, тикувчилик корхонаси очдик. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Мен буни кейинги йилларда маҳалла тизимида бўлаётган ўзгаришлар самараси, деб биламан.

    Бир куни маҳалламиз раиси Эшмамат Сафоев ва ҳоким ёрдамчиси Олим Муродов уйимизга келиб, қайнона-қайнотам ва эрим билан гаплашди. “Келинингизнинг қўлида яхши ҳунари бор экан, чевар экан. Келинг, биз ёрдам берамиз, битта тикувчилик цехи очинглар, қишлоқ қизларига ҳам ҳунар ўргатсин”, дейишди улар. Бу таклифга ҳаммамиз рози бўлдик. Шу-шу ишлар бошланиб кетди. Қишлоқ марказида кўп йиллардан буён ишламай турган эски дўконни таъмирдан чиқардик, жиҳозладик. Тикув машиналари олиб келдик.

    Яқинда “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган ва кам таъминланган 11 нафар қишлоқ аёлига уч ой давомида бичиш-тикиш сирларини ўргатдим. Бу вақтда уларга стипендия ҳам бериб турдик. Ҳозир улар сертификат олган. Энди тикув фабрикаларига ишга жойлашиши мумкин. Бунга ҳам ҳоким ёрдамчисининг ўзи кўмаклашаман, деб турибди.

    Бугун мустақиллик байрами арафасида мен келинлик давримда ўз ҳаётимда бўлган мана шу ўзгаришлар ҳақида айтгим келди.

    Дилором ЮСУПОВА, “Мумтозбегим” МЧЖ раиси

    Навоий вилояти Нурота тумани

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates