Мустақилликни англамаганлар ҳам бўлган

    Болалигимиз уруш йилларидан кейинги оғир шароитда ўтди. Эрта улғайдик. Суягимиз қишин-ёзин меҳнатда қотди. Даладаги оғир меҳнатнинг азоби тугамасди. Уйландим, сўнг фарзандларни вояга етказиш ғамида бўлдик. Ҳар қалай тинчмиз, қозонимиз қайнаб турибди-ку, деган таскин билан яшадик.

    Бир куни “Ўзбекистон мустақил бўлибди”, деган хабар тарқалди. Ўшанда кимдир қўрқувга тушган, энди нима бўлади, қандай яшаймиз, дея саросималанган, кимдир қўлини дуога очиб, Яратганга ҳамду сано айтган, шу кунларга етказганига шукр қилган, яна кимдир нима бўлаётганини ҳам англамай, кетмонини елкасига ташлаб далага кетган эди.

    Ўша кунлардаги бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Кечқурун ҳовлида йиғилиб, энди нима бўлади, деган савол атрофида ўзаро пичир-пичир қилиб гаплашиб ўтирганимизда, бир дўстимизнинг болагина ўғли келиб “Ота, мустақиллик нима?” дея сўраб қолди. Ҳамма жим бўлди...

    Мана шунақа. Фарзандларимиз тугул ўзимиз ҳам озодликнинг моҳиятини яхши англамасдик. Ҳатто мустақилликдан қўрққанлар ҳам бўлган.

    Майли, у кунларни эсласак гап тугамайди. Мустақиллик замонида ҳаётимиз ўзгарди. Аввалида кўп қийинчиликларни бошдан ўтказдик. Шунда биров қайтамиз деди, биров йўқ деди. Бу пайтда мустақиллик ҳақидаги хабарни эшитиб, бир сўз демай даласига кетган оддий қишлоқ одами ҳамон далада эди...

    Ҳозир ёшим етмишга яқинлашди. Катта ўғлим Тошкентда ўқиб, ўша ерда қоламан деди. Қолди ҳам. Давлат муассасасига ишга кирди. Уйланди, фарзандли бўлди. Лекин ҳали уйи йўқ, пропискаси қишлоқда эди. Ижарама-ижара юриб яшашди. Ҳар борганимда бошқа манзилда кутиб оларди. Ижарада яшаганларнинг тақдири шу экан-да. Мени бегона уйининг тўрига ўтқазарди-ю, кўзида ҳадик бўларди. Кейин билсам пропискаси йўқлигидан қўрқар экан. Ҳар дақиқада профилактика инспектори келиб, уйдан чиқариб юбориши, катта жарима солиши мумкинлигидан доим ҳадик билан яшар экан.

    Ўксиниб қишлоққа қайтар эканман, шу ўғлим қачон уй-жой қилиши-ю, қачон пропискага ўтишини ўйлаб қийналардим.

    ...2019 йилнинг ёзи эди. Ўғлим телефон қилиб, “Ота, биз уй олдик”, деди. Ишонмаяпман, ҳеч ишонмаяпман. Қанақасига ахир, йиғиб қўйган пули йўқлигини биламан, ойликдан ойликка яшаб юрган бола... Яна пойтахтдан уй олиш...

    Банклар уй-жойи йўқлар учун эмин-эркин кредит бера бошлаган экан. Шу имкониятдан фойдаланиб бир танишининг уйини сотиб олибди. Шундан буён ҳар йилги қишни Тошкентда ўтказамиз. Хоналари катта-катта, баҳаво, сиқилиб қолмайсиз.

    Мустақиллигимизнинг икки даврини кўрдик. Дастлабки йилларда том маънода қайта қуриш, тикланиш даври бўлди. Шу боис, қийинчиликлар, етишмовчиликлар бўлгани ҳам рост. Биз у кунлардан асло нолимаймиз. Ҳаммасидан розимиз.

    Бугун юксалиш даврида яшаяпмиз. Ҳаётимиз ўзгарди, кундан-кунга ўзгаряпти. Қишлоқлардаги ҳаёт тарзи ҳам ўзгарди. Агар шуларни ўз кўзингиз билан кўрмоқчи бўлсангиз, қишлоғимизга келинг. Кўчаларимиз асфальт, чироғимиз ўчмаяпти, сувимиз, газимиз бор. Болалар боғчасини орзу ҳам қилмас эдик. Яқинда боғча ҳам қурилди. Невараларимиз боғчага боряпти. Шу боис, уларнинг тили бийрон, қадами ўткир, жисми соғлом.

    Мен буларни бежиз айтмаяпман. Демоқчиманки, бугун нимагаки эришган, эришаётган бўлсак, уларнинг барчасига Аллоҳ берган неъмат — озод ҳаёт, мустақил давлатчилигимиз сабабчи. Шунинг учун биз бу неъматнинг қадрига етиб, уни асраб-авайламоғимиз, тинч-осойишта ўтаётган ҳар бир кунимизга шукрона айтмоғимиз керак.

    Қирғиз ХУДОЙҚУЛОВ, меҳнат фахрийси

    Самарқанд вилояти Булунғур тумани

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates