Биз недан тараққий истармиз?! Ёхуд ватанпарварлик бўлмаган жойда фаровонлик йўллари ёпилади

    Бир қарашда ҳаётимиз маромида кечаётгандек, ҳар иш, юртимиздаги ҳар бир ўзгариш ўз-ўзидан бўлаётгандек кўринади. Аммо тириклик қисматининг ўз моҳияти, қувватланиш манбалари бор.

    Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилишидан ана шундай хулосалар билан чиқдик.

    Шу ўринда алоҳида қайд этишни истардикки, мазкур йиғилиш Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида миллий маънавий тараққиётга доир илгари сурилган фикрларнинг мантиқий давоми, вазифаларнинг тизимлилиги сифатида барчамизда жўшқин таассурот қолдирди.

    МИЛЛИЙЛИК ИҚТИДОРИ

    Инсон ҳис-туйғулари, баъзан закоси ҳам кўпинча муваққат бошқарув исканжасида қолади. Бу бошқарув ўрами аниқ ўйланган, кимнингдир манфаати учун аталган мафкуравий, ғоявий мақсадларга хизмат қилади, аниқроғи, йўналтирилади.

    Бир қарашда ахборий кўриниш касб этган мазкур жараён замирида катта-катта сиёсий, иқтисодий манфаатлар яширин экани кўпчилик, ҳатто зиёлилар қатлами ҳам сезиши гумон бўлган услубда, ғоят моҳирона сингдирилади. Бу XXI асрнинг энг аёвсиз онг ости хуружидир.

    Энди савол туғилади: бу хуруж исканжасига қарши қандай курашилади ёки унинг “вакцинаси” борми?

    Бунинг учун икки муҳим ғоявий ҳодисани улғайтириш керак бўлади. Биринчиси — макон тушунчаси ва дахлдорлик туйғуси. Иккинчиси — миллий ўзлик ва миллий ғурур тарбияси.

    Макон бу — Ватан. Жамиятлашув илдизлари асрлар оша кишилар онгини такомиллаштириб келади. Одам авлодлари тааллуқлилик жиҳатидан ўзаро жипслашади, шунда ички ва ташқи муҳит пайдо бўлади. Шу тариқа навбат давлатчилик муҳофазасига етади.

    Ким қайси заминда туғилса, ўша жой унинг Ватани бўлиши аён ҳақиқат. Аммо биз бу ўринда бошқа бир муҳим мушоҳадага — миллий давлатчилик қисматига навбат бермоқдамиз. Давлатчиликни қисмат деяпмиз. Боиси, ватан ҳам, жамиятдаги қадриятлар ва миллий яшовчанлик тақдири ҳам, аввало, давлат атрофида жам бўлади, давлатчилик анъаналари билан такомилига етади ва сақланади. Инсониятнинг илк асрларида миллий хавфсизлик эҳтиёжи пайдо бўлиши билан давлатчилик анъаналари бардавом бўлиб келмоқда. Шу маънода, инсонлар ўз маконини севиши, қадрлаши ва қалб туморига айлантириши зарурий эҳтиёждир. Иккинчи томондан, ватанга дахлдор бўлиш ҳам инсоний бурч сифатида талқин қилиниши керак.

    Бугунги дунёда мутлақо янги мафкура шаклланмоқда. Бу ҳақда Президентимиз таъкидлаганидек, азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

    Агар шу нуқтаи назардан хулоса қиладиган бўлсак, мақоламиз аввалида айтганимиздек, ҳаётдаги ҳеч бир ютуқ, айниқса, тинчлик-тотувлик ва ҳамжиҳатлик толеи ўз-ўзидан, осонликча бўлмаётганини англаб, тушуниб етиш мумкин. Демак, тириклик қисматининг моҳияти ва қувватланиш манбалари ҳам, аввало, шукроналик, ватанга содиқлик, ўзликни англаш ва миллий ғурурни юксалтириш асносида намоён бўлади.

    Энди миллий ўзлик ва миллий ғурур иқтидори ҳақида гапирсак. Бундай иқтидор қачон пайдо бўлади ва такомилига етади?

    Аслида, бу туйғу қон суради. Яъни шажаравий хусусиятга эга. Сўнг тарбиявий аҳамият касб этади. Шажаравий хусусият, деганимиз сабаби шундаки, бобо-момо, ота-она, умуман, аждодлар феълидаги хусусиятлар, ҳиссиётлар кўчиб юради. Фақатгина у сустлашиши ёки аксинча, фаоллашиши мумкин. Шу боис, бизда насл-насабга кенг эътибор билан қаралади. Бундан келиб чиқадики, ота-она ғурурли бўлса, фарзанд ҳам шундай камол топади.

    Миллий юксалишнинг тарбиявий аҳамиятига келадиган бўлсак, атроф-муҳит ва ташқи таъсирлар кучини эътироф этиш керак. Бир фарзанд дунёга келиши ва унинг қобил инсон, ватанпарвар ва зўр иқтидор эгаси бўлиб камол топиши жамият учун катта ютуқдир. Чунки бундай фарзандлардан ҳамма бирдек манфаат кўради, барака топади. Тараққиёт янги манзиллар сари дадил одимлай бошлайди.

    Халқимизда ажойиб мақол бор: “Бир болага етти маҳалла ота-она”. Бу неча-неча асрлар хулосаси. Эътибор берсак, ўзбек жамияти маҳаллалари ҳамиша тарбия маскани бўлган. Маҳаллаларда тарбияни ким таъминлаган? Албатта, кайвонилар, яъни катта авлод вакиллари. Дарвоқе, этнотарихимиздан ҳам маълумки, оилада фарзанд туғилса, ота-она таъминотчи, бобо-момо эса тарбиячи ролини бажариб келган.

    Шундай экан, яна бир долзарб савол пайдо бўлади. Бугун бу борадаги аҳволимиз қандай? Таомиллар-чи?

    Бир қарашда ҳозир ҳам шундайдек. Оилада катталарнинг ўрни бор, маҳалла фаоллари бор, кайвониларимиз соғ-саломат. Лекин, очиқ айтиш керак, ҳақиқий аҳволимиз унчалик ҳам мақтангулик эмас.

    Тарбиямизда миллийлик, ватанпарварлик руҳи ўтмаслашиб бораётир. Бу хавотир билан айтишимиз керак бўлган оғриқли муаммога айланиб улгурди. Таъбир жоиз бўлса, миллий масаладир.

    Ўзингиз айтинг-чи, бугун қайси бир маҳаллани ҳақиқий маънода, алоҳида ғурур билан ватанпарварлик маскани сифатида ўрнак қилиб кўрсата оламиз?

    Биз ёлғон мақтовлар, сохта мулозаматлар замонидан ўтдик. “Қоғоз тараққиёт” даври ортда қолди. Лекин руҳимиз у давр қуршовидан озод бўлдими? Ўзимизни ўзгартира олдикми? Бугун барчамизни мана шу саволлар ўйлантириши керак.

    Мақоламиз аввалида муваққат бошқарув ҳақида айтган эдик. Унинг асл қиёфаси уринишлардан касбланади. Ёшлар онги учун кечаётган кураш улардан бири.

    Шу ўринда яна бир мулоҳаза юзага чиқади. Юқорида ҳам таъкидлаганимиздек, ҳозир дунёдаги катта геосиёсатни ахборотлар бошқармоқда. Айрим мамлакатлар, миллатлар бошига тушган кулфату қайғу сабабчиси ҳам ахборот уруши оқибатидан эканини барчамиз англашимиз зарур.

    Замон таҳликага тўлиб бораётгани ҳақида кўп гапирамиз. Аммо бу таҳликаларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш борасида кўп ҳам жиддий қайғурмаяпмиз, аслида.

    Ҳозир бу фикрларни бежиз айтмаяпмиз. Чунки гапимиз маҳаллалардаги маънавий аҳвол, ватанпарварлик муҳити ҳақида бораётган эди. Бизнинг фарзандларимиз турғунлик даври, мустабид тузум залолатини кўрмаган. Илоҳим, кўрмасин ҳам! Аммо тарих сабоқ олиш, тараққий этиш мақсадида ёзилганидек, ёди ёқимли бўлмаган у кунлардан ёшларимиз ўзига хулоса олиши, бугун қандай замонда яшаётганимизни азиз вужуди билан ҳис қилиши учун ҳам маҳаллаларда нуронийларимиз иштирокидаги маънавий-маърифий суҳбатларни кўп-кўп ўтказиб туриш керакка ўхшайди, назаримизда.

    Шундагина биз ўзимизни янги замон руҳига муносиб ватанпарвар инсон деб билишимиз мумкин. Шундагина ёшларимиз онгини ташқи таъсирлардан ҳимоя қиламиз. Миллий ўзлик ва миллий ғурур тарбияси қўр олади. Ҳеч бир ташқи куч таҳдид сололмайди, биздан чекинади. Шундагина бизда миллийлик иқтидори улғаяди. Бу иқтидор эса эртанги кунимизда олдимиздан чиқади — юксалиш йўли бўлади!

    МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ САОДАТИ

    Баъзи касалликнинг сўрови бўлмайди. Боши ёки тиши оғриб ётган танишимизнинг уйига ҳол сўрашга бормаймиз. Қачонки у шифохонага тушиб, оғир аҳволга келсагина, қайғургандек бўламиз.

    Маънавий қиёфасизлик ҳам шундай. Кўчада кетаётган кишидан маънавиятингиз қани, деб сўралмайди. Қалбингизда кемтиклик борми, атрофдаги воқеа-ҳ о д и с а л а р д а н танангиз зирқирамаяптими, дея саволга тутмаймиз. Ниҳоят, маънавий қ и ё ф а с и з л и к н и н г оқибатини зил-замбил қилиб кўтариб юришга мажбур бўламиз. Бу миллат учун инқироз йўли эканини бугун англашимиз шарт, акс ҳолда, бизни бошқалар ўз ҳукмига солади.

    Мана шунинг учун ҳам Президентимиз маънавий тараққиётни бир зум бўлса-да, эътиборсиз қолдирмаяпти. Хавфсизлик кенгашининг кечаги йиғилишида бунга яна бир бор амин бўлдик.

    Глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

    — Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур, — деди Президентимиз.

    Амалда Ватан ҳимоячиси бўлишнинг замирида катта ҳаётий ҳақиқатларни англамоғимиз керак бўлади. Айниқса, ёшлар тарбиясида. Улар нималардан иборат ва ҳаётимизда қандай акс этиши зарур?

    Биринчиси — қалб тарбияси. Фарзандларимизни ҳали болалигидан ватанга муҳаббат ҳисси билан тарбиялашимиз керак. Юрагида ватанга, инсонларга катта муҳаббат билан улғайган ўғил-қиз кун келиб, фақат яхшиликлар соҳиби бўлади. Бундай авлодни ҳеч бир ҳийлаю найранг ўз домига тортолмайди. Улар алдовларга, ёлғонларга учмайди, зарга ҳам, зўрга ҳам бўйин эгмайди.

    Иккинчиси — фидойилик ва жонбозлик руҳини кучайтириш. Ишда, кўчада, маҳаллада, турли йиғинларда одамлар билан мулоқот қилар экансиз, ҳиссиз ва жўшқин қиёфаларга дуч келасиз. Ҳар икки тоифани лоқайдлик ва жонбозлик, беғамлик ва фидойилик ажратиб туради. Бундан хулоса шуки, жамиятда токи лоқайд ва беғам одамлар учрар экан, демак, миллий тарбиямизда кемтиклик бор. Агар ёшларимизда ҳам фидойилик ва жонбозлик руҳи сезилмаётган бўлса, биз бунга бутун халқ бўлиб курашмоғимиз керак.

    Учинчиси — тонгни қаршилашни ўргатиш. Ота-боболаримиз ҳар тонгни шукрона айтиш билан бошлайди. Бу — миллий анъана.

    Бугун қуролли можаролар авж олган, эътиқодий тўқнашувлар урчиётган мамлакатларда яшаётган одамлар бир тун бехавотир ухлашни орзу қилади, Яратгандан тинчлик-омонлик сўраб ёлворади. Фарзандидан жудо бўлган ота-оналарнинг ноласини эшитишдан оғир азоб йўқ бу дунёда. Шундай экан, ҳар бир инсон, у каттами-кичикми, бойми ё камбағал, аввало, тинчликнинг қадрига етиши керак ва бу муқаддас эътиқодимизга ҳам мақбул ишдир.

    Ахир қаердаки нимадир қадр топса, унинг атрофида фақат эзгу ишлар бўлиши бизга яхши маълум. Шу боис, фарзандларимиз қалбида шукроналик ҳиссини чўғлантириб туриш ватанни севишга чорлайдиган энг таъсирчан воситадир.

    Бу, албатта, бир қарашда осон иш, енгил чорадек туюлади. Лекин амалда эса ҳамма ҳам бу мақомга эриша олмаётганини, аччиқ ҳақиқат бўлса-да, айтиш керак. Сабаби нима, деб сўрасангиз, жавобимиз битта бўлади — маънавий етуклик етишмайди.

    Шунга қарамай, бизда мустаҳкам тарихий замин бор. Бу борада биз жадид боболаримиз ўгитлари, уларнинг фитратидан сабоқланишимиз керак бўлади.

    Давлатимиз раҳбари ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, аввало, раҳбарлар халқимиз, она юртимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қилиб, чинакам ватанпарвар бўлиши шарт! Ўтган аср бошида кураш майдонига чиққан жадид боболаримиз кўтарган ғоя нима эди? Албатта, фидойилик ва ватанпарварлик бўлган.

    Шу маънода, улуғ мутафаккир, жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон халқининг манфаати уч нарсага боғлиқ, деб айтган. Биринчиси — ғалла, яъни озиқ-овқат хавфсизлиги, иккинчиси — аскар, учинчиси — ҳарбий тизимни шакллантириш, деб юз йил олдин айтган сўзлари чуқур маънога эга, дея бежиз қайғурмади.

    Мана шу уч нарса бугун ҳам бизни саодатга элтишига шубҳа-гумонимиз йўқ. Боиси, Ўзбекистон замини серҳосил, меҳнаткаш ва тадбиркор халқимиз бу табиий неъматдан унумли фойдаланиш ҳадисини олган. Бугунги миллий армиямиз қудрати ҳам ҳеч кимдан кам эмас. Бизнинг аскар йигитлар кучига, ақлий қувватига дунё тан бераётганини кўриб турибмиз.

    Ҳарбий тизимни шакллантириш борасида ҳам фахрланса арзигулик ишларимиз бор. Кейинги йилларда “Халқ ва армия — бир тану бир жон”, деган тамойил асосида ҳарбий-маънавий муваффақиятларга эришдик, дея баралла айта оламиз.

    БОТИНИЙ ЧАҚИРИҚ

    Яна бир ўтли саволни ўртага ташлаймиз: фуқаролик позицияси, деганда нимани тушунамиз?

    Келинг, бу саволга жавобни ташқаридан излайлик. Инсон феъли баъзан тор бўлади. Шу боис, халқимиз ўз эпосларида кенг феъллилик ҳақида кўп ва хўп гапирган. Аммо беш қўл баробар эмас. Яхшиликни, яхши хислатларни, яхши ютуқларни кўролмаслар ҳам бор. Лекин улар орасида юртга, миллатга тош отиш, миллийликка дахл қилиш “фазилат”ини кечириб бўлмайди.

    Бу ерда бир муҳим жиҳатни унутмаслик керак. Мураккаб замон талаблари ва табиатдаги жиддий ўзгаришлар давлатлар олдига ниҳоятда долзарб вазифаларни қўймоқда. Вазият шу даражада мураккабки, ҳатто яқин келажакда яшаб қолиш илинжидаги сиёсий ҳаракатлар ҳеч нарсадан тап тортмаяпти. Бор имкониятлар, улар қанчалик разил бўлмасин, ишга солинмоқда.

    Шундай вазиятда ҳеч бир муносабатни беэътибор қолдириб бўлмайди. Бу борада бизнинг фуқаролик позициямиз қониқарлими, деган савол бўлиши тайин, албатта.

    Ҳа, тўғри, бугун биз жадал тараққий этяпмиз. Лекин тараққиёт йўли шундайки, уни бир зум ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Шу маънода, бир ҳақиқатни жуда теран англаб олиш вақти аллақачон келган. Ватанпарварлик бўлмаган жойда фаровонлик йўллари ёпилади, мадорсиз ҳаяжоннинг қуввати ҳам ҳаминқадар бўлади.

    Демак, биз, барчамиз, бутун халқимиз билан жадид боболаримиз каби тилда, фикрда, ишда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишимиз зарур. Бу эзгу ва олижаноб ғоя бутун халқимиз, авваламбор, фарзандларимиз қалбидан чуқур жой эгаллаши керак.

    Шу боис, Президентимиз кечаги йиғилишда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини қайта кўриб чиқиш юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Навқирон авлод вакилларининг юртимиздаги ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини ошириш, улар ўз интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратиш муҳимлигига эътибор қаратди.

    Шунингдек, ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида медиа маконда олиб борилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ишларни кучайтириш вазифаси ҳам қўйилди.

    Бу оддий гаплар эмас. Беэътибор бўладиган мавзу ҳам эмас. Ҳар бирининг замирида қудратли эврилиш йўли, юксалиш фалсафаси бор. Зеро, уларнинг ҳар бири бизни ёруғ манзиллар сари элтадиган масъулиятдир.

    Бугун олдимизда ниҳоятда масъулиятли вазифалар турибди. Уларнинг ҳар бири бизни доимо огоҳликка, маънавий юксакликка, энг муҳими, фидойилик ва ватанпарварликка даъват этиши керак. Шу маънода, ҳар биримизнинг ўз ботиний чақириғимиз бўлсин, деймиз. Улар савол бўлиб янграши ҳам мумкин: азиз Ватанимиз тараққиёти учун нима қиляпмиз? Атрофимиздаги ўзгаришларга қандай ҳисса қўшяпмиз? Ич-ичимизда, қалбимизда юрт қайғуси борми? Тинч ва осойишта мамлакатимизга муносиблик бахтини сезяпмизми? Ва ниҳоят — янги Ўзбекистонимизни севамизми?

    Бу саволлар ҳар биримизни ҳар он ўйлантириши, чўчитиши, уйғотиши, сергак торттириши ва ниҳоят ҳаётий хулосалар чиқаришга чорлаб туриши керак.

    Миллий тараққиётимиз бугунгидай жўшқин кайфият билан давом этиши учун ҳам дунёда ўз ўрнимизни, сиёсий, маънавий, иқтисодий йўлимизни мустаҳкамлаш учун ҳам бу саволлар жавобини ўзимиздан излашдан тўхтамайлик. Токи, ватанпарварлик ҳисси ҳар биримиз учун муносиб тақдир йўли бўлсин!

    Салим ДОНИЁРОВ

    ("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2024 йил 14 январь, №10)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates