Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Малайзия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги маркетинги агентлиги, Қишлоқ хўжалиги тадқиқотларини ривожлантириш институти, Ислом тараққиёти департаменти, Пальма ёғи кенгаши ва «Meraque Group» компанияси вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Малайзия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «Йўл харита»сини ишлаб чиқиш, сув ресурсларини бошқариш ва сувдан фойдаланиш бўйича малайзиялик мутахассислар томонидан мамлакатимизда тренинглар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Малайзия қишлоқ хўжалиги тадқиқотларини ривожлантириш институти ва Ўзбекистон Шоличилик илмий-тадқиқот институти ўртасида ушбу мамлакатнинг қурғоқчиликка чидамли ва эртапишар шоли навлари уруғларини тажриба тариқасида юртимизда етиштириш, шолини янги навларини яратиш, қурғоқчиликка чидамли генларни топиш бўйича қўшма илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.
Малайзия қишлоқ хўжалиги маркетинги агентлиги мамлакатимиздан сархил ва қуруқ мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотларини импорт қилишда ўзининг ҳамкор улгуржи савдо компаниялари ва Ўзбекистоннинг экспортчи корхоналари ўртасида алоқалар ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, делегация аъзолари Малайзиянинг «Meraque Group» компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган масофадан бошқариладиган электрон ва гибрид қурилмаларни дала шароитида қўлланилиши билан танишди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги синов майдонларида тажриба ўтказиш ва кейинчалик бундай турдаги қурилмаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича фикр алмашиш учун малайзиялик мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳни Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради «Дунё» АА.