Мулоқот чоғида долзарб масалалар юзасидан икки томонлама ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижалари ҳақида фикр алмашилди.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Ўзбекистоннинг энг муҳим халқаро ҳамкорларидан биридир. Ушбу нуфузли ташкилот мамлакатимиз мустақилликка эришган пайтдан бошлаб қўллаб-қувватлаган ва кўплаб йўналишларда биз билан ҳамкорлик қилиб келади.
Ўзбекистон БМТнинг қатор таркибий тузилмалари, хусусан, Тараққиёт дастури билан доимий ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширди ва бу жараён узлуксиз давом этяпти. Хусусан кичик ва ўрта бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратишда ҳукуматни қўллаб-қувватлаш бўйича фаолият олиб бораётгани халқимиз манфаатига хизмат қиляпти.
Сенат Раиси Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиб, минтақавий даражадаги ҳамкорлик кенгайгани, кўплаб концептуал лойиҳалар амалга оширилгани, муҳим қарорлар қабул қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Хусусан, М.Димовсканинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасига тўхталиб, унинг бевосита кўмагида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бир қатор йирик тадбирлар ва лойиҳалар амалга оширилганини, экология, қишлоқларни ривожлантириш, БРМга эришиш, гендер тенглиги ва инклюзив сиёсат каби қатор соҳаларда сезиларли ютуқларга эришилганини қайд этди.
Ўз навбатида, Матилда Димовска Ўзбекистон тобора ривожланиб бораётгани, айрим мамлакатларда иқтисодий стагнация юз бераётган бир шароитда Ўзбекистонда ўсиш кузатилаётгани, инсон камолоти (тараққиёти) индекси рейтингида юқори поғоналарга кўтарилиб бораётганига тўхталиб ўтди. М. Димовска БМТТД ва Ўзбекистон ҳамкорлиги бундан кейин ҳам изчил давом эттирилиши, биргаликдаги лойиҳаларнинг кўлами кенгайиб боришини маълум қилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.