Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2022 йил 1 январга қадар мактабгача таълим тизимида замонавий ўқитиш шакллари, янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш, жумладан, болаларнинг ўсиши ҳамда мактабгача таълим билан қамраб олиниши жараёнларини мониторинг қилиш бўйича “Болалар боғчаси” ахборот тизимини ишга тушириш ва унга киритиладиган маълумотлар шаффофлигини таъминлаш белгиланган эди. Шунингдек, мактабгача таълим хизматлари учун электрон тўлов тизимларини жорий этиш, соҳада ахборот тизимини бошқа вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш каби вазифалар ҳам юклатилган.
Мактабгача таълим вазирлиги томонидан “Болалар боғчаси” ахборот тизими ёрдамида болаларни мактабгача таълимга қамраб олишни мониторинг қилиш, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат хизматлари агентлиги билан ахборот тизими интеграцияси орқали болаларни мактабгача таълим ташкилотларига навбатга қўйиш ва қабул қилиш учун йўлланма олиш бўйича давлат хизмати кўрсатилади.
Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, Мактабгача таълим вазирлиги МТТ ходимлари ва тарбияланувчиларини замонавий рақамли технологияларни қўллаган ҳолда автоматик ҳисобга оладиган “Болалар боғчаси” ахборот тизимини такомиллаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиб, тажриба-синов тариқасида пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги мактабгача таълим ташкилотларида жорий қилди.
Ушбу ташкилотларда биометрик идентификация қилиш, яъни Face ID қурилмалари ўрнатилди. Шунингдек, “Болалар боғчаси” ахборот тизими юртимизда мавжуд электрон тўлов тизимлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция қилиниши натижасида онлайн тўловларни амалга ошириш имконияти яратилган.
“Болалар боғчаси” ахборот тизимининг яна бир афзаллиги шундаки, у ташкилотга қамраб олинган тарбияланувчилар ҳамда ходимларни юз қиёфаси орқали автоматик равишда рўйхатга олади. Боланинг мактабгача таълим ташкилотидаги ҳар бир дақиқаси назоратда бўлади. Ходимларнинг ҳам ҳар бир куни, соатигача кўрсатилиб борилади. Агар МТТнинг бирор ходими ишдан вақтли кетса ёки сабабсиз ишга келмаса, уларнинг иш соати тўлақонли ёзилмайди. Бу эса, ўз навбатида, давомат масаласида кузатилиши мумкин бўлган баъзи кўринишдаги коррупцион ҳолатларга ижобий ечим бўлмоқда.
Шунингдек, тизимда озиқ-овқат харажатларини автоматик ҳисобга олиш, таҳлил ўтказиш ва лавозимлар бўйича кадрлар етишмовчилигини аниқлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотларининг кадрлар салоҳияти ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш мумкин. Масъулларнинг таъкидлашича, ушбу тизимга ўтилганидан сўнг муассасадаги анчайин ноқулайликлар бартараф қилинган. Дастлаб бу тизимни тушуниб олиш қийинчилик туғдирган бўлса-да, ҳозир бундан барча мамнунлиги айтилмоқда.
— Face ID тизими ўрнатилганига кўп бўлмаган эса-да, самарасини кўрсатяпти, — дейди Бектемир туманидаги 577-мактабгача таълим ташкилоти методисти Нигора ШАРИПОВА. — Бу тизим нафақат тарбияланувчилар, балки ходимларни ҳам тартиб-интизомга ўргатяпти. Қолаверса, болаларнинг саломатлигини асраш, соғлом овқатланишини таъминлашда ҳам аҳамияти катта бўляпти. Илгари болаларнинг тана ҳароратини танометрда ўлчардик. Ҳозирги қурилма автоматик равишда боланинг тана ҳароратини кўрсатади ва ота-она боласининг соғломлигига ишонч ҳосил қилиб, кўнгли хотиржам ҳолда кета олади. Тана ҳарорати 37 даражадан юқори бола боғчага қабул қилинмайди ва ота-оналарга даволаниш бўйича кўрсатма берилади.
Мазкур тизим МТТда озиқ-овқат харажатларини назорат қилишда ҳам афзалликларга эга. Ошхонада овқат тайёрлаш плиталари олдида электрон тарози қўйилган. Тарози кўрсаткичларини кўриш учун қулай бўлган жойда интернет тармоғига уланган 3 та камера ўрнатилган. Таомнома бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари бевосита қозонга солишдан аввал мажбурий тартибда электрон тарозида тортилади.
Биометрик идентификация қилиш, яъни Face ID тизими жорий этилгани МТТ ходимлари ва тарбияланувчиларининг ягона маълумотлар базасини шакллантириш, ходимларнинг иш вақти ва тарбияланувчиларнинг давоматини реал вақт режимида мониторинг қилиш, МТТларда озиқ-овқат харажатларини автоматик ҳисобга олишни замонавий рақамли технологиялар орқали юритиш имконини бермоқда.
— Бюджет маблағларининг тўғри тақсимланишида мазкур ахборот тизимининг ўрни катта, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Анвар ЖЎРАЕВ. — Албатта, тизимни рақамлаштириш билан бу жараён тўхтаб қолмайди. Бугунги кунда тажриба-синов натижаларидан олинган хулосалар асосида уни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган лойиҳалар устида ишлар олиб борилмоқда.
Бектемир туманида ўтказилган тажриба-синов натижаларидан келиб чиққан ҳолда, Мактабгача таълим вазирлиги бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда 2022 йил 1 июнга қадар “Болалар боғчаси” тизимининг такомиллаштирилган кўринишини юртимиздаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида жорий этиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Республика санитария-э пидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан келишилган ҳолда, тасдиқланган стандарт таомнома асосида болаларни овқатлантиришга мўлжалланган “Ягона мавсумий таомнома”ни жорий этиш кўзда тутилган.
Мақсад битта — мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш ҳисобига меҳнат ресурсларини тежаш, иш унумини ошириш ҳамда тизимнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлашдир.
Рисолат МАДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири









