Чунки у яхшилик ва эзгулик ҳақида умуман ўйламайди. Атрофга ва ҳатто ота-онаси, қариндош-уруғлари тақдирига ҳам бефарқ, лоқайд қарайди. Тарбияли, маънавиятли инсон бугунги кун ва келажак ҳақида фикр юритади. Шунингдек, келгуси ҳаёти ва турмушини фаровон қилишга интилади.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 20 ноябрдаги мажлисида нутқ сўзларкан, жумладан, бундай деди: “Ёшларимиз онгу тафаккурида миллий ғурур билан бирга умумбашарий қадриятларга ҳурмат ҳиссини топтириш мақсадида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш зарур.
Фарзандларимизни замонавий билим ва дунёқараш, даромадли касб эгалари этиб тарбиялаш, уларни илм-фан, IT технологиялар, маънавият, санъат ва адабиёт, спорт билан ошно этиш учун ҳеч нарсани аямасдан, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Бугун фақат мана шундай илғор ёшларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, Ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади”.
Ҳа, бугунгидек алғов-далғов паллада ёшларни маънавиятли, соғлом, билимли шахслар этиб камол топтириш орқалигина ҳаёт мураккабликларини енгиш, мамлакатни тараққиётнинг равон йўлига олиб чиқиш мумкин. Бунинг учун таълим пойдевори мукаммал тарбиядан бино бўлиши даркор. Зотан, бу дунёда инсониятга тарбия сингари таъсирчан восита йўқ. Шу сабабли қадимдан юксак ақл соҳиблари тарбия тўғрисида қимматли фикрларни ёзиб қолдирган. Жумладан, хитой донишмандларидан бири “Чақалоқлар ҳамма ерда бир хил йиғлайди. Катта бўлганида эса турли қилиқлар қилади. Бу тарбиянинг оқибати”, деб ёзган эди.
Олмон файласуфи Иммануил Кант “Инсон фақат тарбия орқали инсон бўлади, унинг қандайлиги тарбия натижасидир”, деган фикрни билдиради. Абу Наср Форобий эса “Инсонда гўзал фазилатлар икки йўл — таълим ва тарбия билан ҳосил қилинади. Таълим фақат сўз ва ўргатиш билангина бўлади. Тарбия эса амалий иш, тажриба билан, яъни шу халқ, шу миллатнинг амалий малакаларидан иборат бўлган иш-ҳаракат, касб-ҳунарга берилган бўлиши ўрганишидир”, дея таъкидлайди.
Инсон ўз табиатига зид эмас, балки мос яшаши лозим. Шундай экан, инсон табиати тушунчаси ҳам, маънавият тушунчаси ҳам “Инсоннинг яшашдан мақсади нима?” деган масалага ечим билан бевосита боғлиқ. Халқимизнинг асрий турмуш тажрибаси асосида шаклланган кундалик қарашида бу саволга қуйидагича жавоб берилади: “Инсоннинг яшашдан мақсади эзгу ишлар қилиб, муносиб фарзандлар тарбиялаб, яхши ном қолдиришидир”. Мазкур содда ва ниҳоятда доно фикрдан келиб чиқиб, маънавият инсоннинг эзгуликка йўналтирилган мақсадларига эришиш учун хизмат қиладиган орзу-ҳаваслари, ақл-заковати, билимлари, амалий фаолияти асосида ётган иродаси дейиш мумкин.
Бола табиат фарзанди сифатида дунёга келади. Уни жамият фарзандига айлантириш учун инсондан, айниқса, ота-онасидан жуда кўп меҳнат талаб қилинади. Баъзилар боламни боқсам катта бўлади-да деб тарбиясига эътибор бермайди. Агар болани фақат боқиб, тарбиясига эътибор берилмаса, у инсон қиёфасидаги одам бўлади. Лекин ҳақиқий инсон даражасига кўтарила олмайди.
Зурриёдини яхши кўриш, асраб-авайлаш барча жонли мавжудот учун хос хусусият. Ҳатто ҳайвонлару паррандалар ҳам боласи туғилганидан уни парваришлашга киришади. Инсон ҳам бу хусусиятдан холи эмас. Бироқ тарбияли бола янада севимли бўлади: Ҳазрат Алишер Навоий “Одам борки, одамларнинг нақшидур, Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур”, деганда тарбия одамларнинг яхшисини шакллантиришига ишора қилади.
Бугун болаларга ёмондан ҳазар, яхшига ҳавас қилиш хусусиятини сингдиришимиз, ўзимиз намуна бўлишимиз керак. Қолаверса, жамият олдида масъулиятни ҳис этиш, ватанни севиш, атрофдагиларга ҳурмат-эҳтиромда бўлишни ўргатишимиз зарур.
Соҳибқирон Амир Темур ҳам фарзанд тарбиясини давлат сиёсати даражасига кўтаргани бежиз эмас. Чунки давлатнинг қудрати соғлом фикрли, ахлоқ-одобли, халқ, миллат, ватан тақдири учун жонфидо инсонлар биландир.
Мамлакатимизда оилани ҳар томонлама мустаҳкамлаш, оила ва таълим тизимида ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, аҳоли саломатлиги борасидаги муҳим ишлар негизида ҳам айнан шу ғоя ётибди.
Оилада фарзанд ҳаётида синалган тарбия методларидан бири намуна кўрсатишдир. Бобо-буви, ота-она, атрофдаги катталарнинг хатти-ҳаракати, юриш-туриши, муомаласи, ўзини тутиши, жамиятга, табиатга муносабати намуна сифатида жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга. Болага ақлий-ахлоқий, эстетик, диний, меҳнат тарбияси асослари ота-она намунаси билан сингдириб борилади.
Ота-она фарзанди олдида ақл-заковати муомаласи, кийиниши, ширинсўзлиги, қатъияти, ростгўйлиги, меҳнатсеварлиги, оила юритишда адолатпарварлиги, илмпарварлиги билан намуна бўлмоғи зарур. Бола феъл-атворига ота-онанинг ўзаро жанжали, оилага, жамиятга, атроф-муҳитга салбий муносабати, ёлғон сўзлаши, қатъиятсизлиги, кийиниши, рўзғор юритишидаги палапартишлиги, меҳнатни севмаслиги тезда салбий таъсирини кўрсатади.
Баъзи ота-оналар фарзанди содир этган хато, камчилик, беодобликда мактаб ва ўқитувчиларни айблайди. Бу, албатта, нотўғри. Чунки фарзанд учун илк мактаб оила бўлса, биринчи устоз ота-онадир. Фарзанд кўз очиб, ота-онасини кўради, доим улар билан бирга. Ота-она илмли ва тарбияли бўлса, бу фазилат ўз-ўзидан фарзандга ўтади. Агар ота-онада тарбия, одоб, маданият бўлмаса, албатта, буни фарзанддан ҳам кутиш қийин. Шунинг учун ҳам баъзи руҳиятшунослар “Фарзандингизни эмас, ўзингизни тарбия қилинг. Шунда фарзандингиз ҳам тарбияли бўлади”, дейди.
Инсонда одоб ва тарбия бўлмаса, таълим олиш масаласи жуда қийин. Илми бўлса-ю, одоби, тарбияси бўлмаса, дунёда энг хавфли ва хатарли инсонга айланади. Чунки у одамлар бошига турли кулфат ва балолар келтириши мумкин.
Ота-онасининг бир-бирига нисбатан юксак ахлоқий муносабатини кўрган, билган бола келгусида оила қурганда ҳам турмуш ўртоғи билан шундай яшашга тайёр бўлиб боради. Ҳаёт илмида она қиз бола учун, ота эса ўғил бола учун мураббийдир. “Арқоғини кўриб бўзини ол, онасини кўриб қизини ол”, деб бежиз айтилмайди.
Баъзи ота-оналар фарзанди келажагини фақат моддий таъминлашдан иборат деб билади. Шунинг учун турли йўллар билан мол-дунё тўплашга ҳаракат қилади, очкўзлик касаллигига мубтало бўлади. Инсон жисми-жонидаги касалликларни даволаш мумкин, лекин бу касалликни даволаш жуда мураккаб. У инсонни одамийликдан маҳрум этади, турли жиноятларга, ғайриахлоқий хатти-ҳаракатларга ундайди, эл-юрт ичида обрўсизлантиради. Бундай бойлик фарзандга бахт эмас, бахтсизли келтиради.
Оилада фарзандни тежамкорликка, тадбиркорликка, ташаббускорликка ўргатиш, дунёвий илмлар ва ҳаёт илмидан воқиф этиш, касб-ҳунар сирларини қунт билан эгаллаши учун шарт-шароит яратиш ҳаёт сўқмоқларида адашиб қолмаслик ва равон йўлдан боришда ёрдам беради.
“Темур тузуклари”ни ўқир эканмиз, Соҳибқироннинг кўплаб илмлар билимдони бўлганига ишонч ҳосил қиламиз. Амир Темурнинг таълим-тарбияга доир қарашларини оила ва оилавий тарбия, меҳнат, касбий-ахлоқий тарбия, ватанпарварлик, дўстлик, инсонпарварлик ва нафосат тарбияси туркумларига бўлиш мумкин. Унинг қарашларида оила жамият ва мамлакатнинг асоси экани таъкидланган.
Оиланинг мустаҳкам бўлишида масъулият оила бошлиғи зиммасида деб билади Соҳибқирон. Шу боис, ўғиллари, набиралари ва яқинларини уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бергани, бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрганини қайд этади. Соҳибқирон келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирган. Хос одамлари орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмоний камолотини аниқлаган. Келин бўлмиш насл-насаби тоза, одоб-ахлоқли соғлом ва баркамоллиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина, эл-юртга катта тўй-томоша бериб, келин қилган.
Оила тарбия маскани бўлиб, шахснинг камол топиши ота-онанинг ўз бурч ва вазифаларига қандай муносабатда бўлишига боғлиқ. Оиладаги бу муносабат унинг мустаҳкамлиги, жамият фаровонлигига эришиш омилидир. Зотан, ҳар бир киши оила ва жамият диалектик бирлик эканини ҳеч қачон унутмаслиги ва уларнинг доимий жипслиги учун қайғуриши, ғамхўрлик қилиши лозим. Бу тушунчани барча зиёлилар ёшлар онги ва тафаккурига сингдириши муҳим вазифадир.
Муҳиддин ПЎЛАТОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор