Шу йилнинг август—октябрь ойларида юртимизда яна бир ташаббус — “Ёш экспортчилар” лойиҳаси ташкил этилди. Лойиҳа Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёш фермерлар кенгаши, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Экспортчилар уюшмаси томонидан ёшларнинг халқаро савдо соҳасига янада чуқур кириб боришларига имконият яратиш мақсадида йўлга қўйилди.
Дастлабки босқичда хорижий тилларни биладиган 600 нафар ёш танлаб олиниб, 65 нафари сараланди ва Тошкент вилоятидаги “Ёшлар оромгоҳи”да ўқув семинарлари ташкил этилди. Бу жараёнда етакчи экспортчилар, халқаро бизнес мутахассислари ва давлат вакиллари иштирок этиб, ёшлар учун маҳорат дарслари ўтишди. Бу дарслар давомида иштирокчилар халқаро савдо, экспорт жараёнлари ва божхона қоидалари ҳақида амалий тажрибалар ўргандилар.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида ҳудудий дастурлар амалга оширилиб, Тошкент, Хоразм, Самарқанд ва бошқа вилоятларда семинар ва тренинглар ўтказилди. Экспорт фаолиятига қизиқаётган ёшлар ва янги тадбиркорлар ўқув машғулотларига жалб қилинди. Айниқса, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида бу соҳага катта қизиқиш кўрсатилди.
“Ёш экспортчилар” лойиҳаси бугунги кунда 10 та вилоятда кенг миқёсда ташкил этилиб, жами 8 минг нафар ёшлар қатнашди. Иштирокчилар халқаро савдо бўйича чуқур билимларга эга бўлиб, экспорт ва импорт бозорларига кириш, божхона талаблари, логистика жараёнларини бошқариш каби мураккаб вазифаларни самарали ўзлаштиришга муваффақ бўлишди. Лойиҳанинг амалиёт асосида берилган билимлари ёшларнинг халқаро бозор талаблари билан танишишига ва келажакда рақобатбардош тадбиркор бўлиб етишишига ёрдам беради. Ёш тадбиркорлар учун бу лойиҳа уларни халқаро савдо майдонига олиб чиқишда, инновацияларни жорий этишда ва муваффақиятли бизнес операцияларини бошқаришда муҳим қадам бўлди.