Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат ва нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда “Бахтли болалик шарафига” лойиҳаси бўлиб ўтди.
Мазкур хайрия тадбирида пойтахтлик 4000 дан ортиқ алоҳида эътиборга олинган оила фарзандлари иштирок этди. Тадбир доирасида турли маданий тадбирлар, жумладан, китоблар кўргазмаси, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши, расм чизиш мусобақалари ташкил этилди.
Айтиш жоизки, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан бугунги кунга қадар ўсиб келаётган ёш авлодни аждодларга муносиб авлод этиб тарбиялаш ҳамда маънавий оламини янада бойитишга қаратилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Хусусан, фарзандларимизни халқимизнинг йиллар давомида шаклланган миллий таълим-тарбия услублари, ўзбекона оила моделига асосланиб вояга етказиш, болалар маънавий дунёсини бойитиш мақсадида “Зукко Болажон!” фотоальбоми тайёрланди. Фотоальбом тақдимоти республикамиздаги барча мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун ҳам “Болаларга маърифат улашиб”, “Бахтли болалик” лойиҳалари доирасида китоб кўргазмалари, турли кўнгилочар томошалар, концерт дастурлари ўтказилиб, мазкур тадбирлар давомида 10 минг нафардан ортиқ бола қамраб олинди. “Маърифат тур” лойиҳаси давомида эса ўғил-қизларнинг юртимиздаги қадимий обидалар, қадамжолар ва диққатга сазовор жойларга ташрифлари амалга оширилди.
Маданий-маърифий тадбир давомида намойиш этилган мусиқали театр болажонлар қувончига қувонч қўшди.
Муножат Мўминова