Болаларни қандай қилиб китобга қайтарамиз?

    Руҳшунослар китобни болалар ҳаётининг муҳим қисмига айлантириш учун кундалик маросим яратишни маслаҳат беришади.

    Бугун аксарият болалар китоб ўқишни ёқтирмайди. Чунки бунга одатланишмаган. Тадқиқот натижаларига кўра аҳолининг 60% дан кўпроғи болаларда китобга меҳр уйғотишни истайди. Шу аснода сўровдан ўтганларнинг деярли барчаси китоб сотиб олмасликларини ва уйда китоб сақламасликларини тан олган.

    Хўш, болани китоб ўқишга қачондан ўргатиш зарур? Болалар руҳшунослари болани китоб ўқишга эрта мактаб ёшидан бошлаб 7-8 йил давом эттириш зарурлигини, бироқ уч ёшдан китобга ўргатиш ўта маъқуллигини тавсия қилишади.

    Руҳшунослар шунингдек, болага мутолаани расмли, ҳарфлари йирик китоблардан ўргатиб бориш лозим деб ҳисоблашади. Зеро, бундай китобларни варақлаб ўтиришнинг ўзиёқ болага завқ беради. Китобхонликни шакллантиришда варақларнинг овози, китоб ҳидини хис этиш ҳам катта рол ўйнайди.

    Катталар эса китоб ўқиши учун болага бақириш ёки қўрқитишдан ўзларини тийишлари лозим. Боланинг ўзи китоб ўқишга қизиқсин. Майли, дастлаб 5 дақиқа, шу тарзда китобга ошно бўлиб қолади. Китоб иложи борича бола кўрадиган жойда туриши керак.

    ***

    Дастлаб ўйинчоқ-китоблар харид қилиш лозим. Қалин картондан тайёрланадиган бундай китобларнинг расмлари рангли ва қизиқарли бўлади. Кейинчалик боланинг ўзи қалин муқовали эртакларни ёки болалар учун қомусни, алифбени ўқийдиган бўлади.

    Болага китобни хурматлашни ўргатиш, уни йиртишга йўл қўймаслик керак. Улардан йиртилган варақларни ямаш, ёки китобга чизилган белгиларни ўчирғич билан ўчиришни илтимос қилиш бунда муҳим омил бўлади.

    ***

    Агар ота бўш вақтини компьютер олдида ўтказса, унинг ўғли ҳам компьютерда ўйин ўйнаб вақт ўтказади. Ҳар куни кечқурун китоб ўқийдиган ота эса китобхон бола тарбиялаш имкониятига эга бўлади. Болаларга оталар томонидан ўқиб берилган китобларни эшитиш жуда ёқимли.

    Руҳшунослар китобни болалар ҳаётининг муҳим қисмига айлантириш учун кундалик маросим яратишни маслаҳат беришади. Ўғил ёки қизга лоақал бир саҳифа очиб ўқийдиган вақт ажратиш лозим. Уйқуга ётишдан олдин бир неча дақиқа ажратиш жуда ўринли бўлади. Бола шу вақт келишини интиқ бўлиб кутади. Муҳими одатни шакллантиришдан чекинмаслик зарур, кундан кунга оилавий китоб ўқиш одатга айланиб бориши керак. Тез орада ота оналар ўз фарзандлари китоб ўқишга тайёрланаётганилиги ва китоблар топиб келаётганини сезиб қолишади.

    Баъзан болакай катталарнинг ҳар қанча уринишларига қарамай, китоб ўқишни истамайди. Ўта мураккаб ҳолатларда танаффус қилиш ва мактабгача ёшдаги болакайни икки ойлардан кейин қайта ўрганишга уриниб кўриш мумкин. шунингдек юмшоқ, бироқ қатъий ҳаракат қилган ҳолда қўшимча рағбат топиш мумкин:

    • Бола хотиржам, соғлом бўлганда китоб ўқиш учун вақт ажратган маъқул. Агар бола уй ичида фаол ўйинлар ўйнаш учун чопиб юрган бўлса, унинг орқасидан китоб кўтариб югириб юрманг. Руҳшунослар дастлаб болани бир оз чалғитиш, уни тинчитиш сўнгра эса янги китобнинг сюжетига қизиқтиришни маслаҳат беришади.
    • Она қизига ёки ўғлига ўқиб бераётган китоб унинг ўзи учун қизиқарли бўлиши лозим. Ота оналарнинг қизиқиши болаларга ҳам ўтади, зерикарли ҳикоя эса онада эсноқ уйғотади ва бу болага ҳам ўтади.

    ***

    Болани китоб ўқишга қизиқтириш учун унга ўзи фантазия қилишига имкон яратиш лозим. Майли унинг ўзи севимли эртакларини ўзи давом эттирсин ёки таниш сюжетларни бошқача қилиб айтиб берсин:

    • Дастлаб болага ўқиб чиқилган эртак ёки қисса қаҳрамони билан бирга кечадиган ниманидир ҳикоя қилиб бериш мумкин. Сўнгра болани ўйинга тортиш, унинг фикри бўйича кейин нима юз беришини сўраш мумкин.
    • Болалар учун шеърлар фойдали кўникмаларнинг яна бир ҳазинасидир. Болага қофияланган шеърларни ўқиб бериш, шеър эслаб қолиниши учун такрорлашни сўраш мақсадга мувофиқ. Оддийгина тўрт қаторлик шеърлар болага ахборотни қайта сўзлаб бериш кўникмасини шакллантириш ва ривожлантиришга ёрдам беради. Бу эса кейинчалик янада мураккаброқ нутқ тузилмаларини чиройли ва текис баён қилиш имконини беради. Бундай машқлар мактабда ҳам яраб қолади, чунки мактабда доска олдида туриб, ўрганилган дарсни сўзлаб беришга, жавоб беришга тўғри келади.
    • Болалар учун кўпгина эртакларни мулоқот тарзида овозлаштириш осон. Бола билан биргаликда ролларни ўзаро тақсимлаб олган ҳолда ўқилган китоблардаги таниш сюжетларни ўйнаш мумкин. Болаларга бундай ўйинлар жуда ёқади, улар кўпинча кутилмаган санъаткорликни намойиш этишади.

    Ота-оналар, бола учун танлаган китобингизни ўзингиз ўқиб чиқинг. Болалар билан суҳбат орасида китобдаги бир қизиқ ҳолатдан сўз очинг. Шу аснода болага баҳсга кириш учун туртки беринг: унинг қарашларига зид келадиган бирон нарсани айтинг. Гап орасида айнан шу китобни ўқишни таклиф этинг.

    Ўсмир билан “ўйлаб топ” шаклида ўйнаган ҳолда китоб ўқишга иштиёқ уйғотинг. Масалан, саргузашт (детектив) асарни бола билан биргаликда ўқинг, сўнгра бу саргузашт нима билан тугашини топишга уриниб кўринглар. Кейин эса китобни охиригача ўқиб ким ғолиб чиққанини аниқлаш, шунингдек, мукофот ҳам белгилаш мумкин. Романлар, фантастик асарларни ҳам шу тарзда мутолаа қилса бўлади. Болага муайян асар бўйича олинган фильмни кўришни, шу асар асосида саҳналаштирилган спектаклни бориб кўришга даъват қилинг. Сўнгра кўрилган нарсани китоб билан таққослаш мумкин. яъни, китобда бунақа эмас эдику. Агар фильм ёки спектакль болани жалб қила олса бу усул иш беради.

    Ўсмирнинг “Китоб ўқишни нима кераги бор?” қабилидаги саволига жавоб топинг. Китоб ўсмирларга нима беришини тушунтиринг.

    ***

    Китоб ўқиш – завқли. Аммо биз қандай замонда яшаётганимизни унутмаслик зарур. Ўн йилларча олдин ахборот бутунлай бошқача идрок этилган. Илгари китоблар, рисолалар, журналлар ўқиш ахборот олишнинг асосий усули эди. Бугунга келиб деярли ҳар қандай ахборотни интернетдан олмоқдамиз.

    Ҳозирги болалар олдинги авлодларга нисбатан ортиқча юкланишларга эга эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. бугунги кунда ҳам китоб ўқиш атрофида, ҳам болаларни мактабга тайёрлаш бобида вазиятни кескинлаштиришга умумий мойиллик кузатилмоқда. Гўдакларни йўргакданоқ алифбени ўрганиш ва бўғинлаб ўқишга мажбур қилинмоқда. Ўзиб кетиш борасидаги ушбу пойга туфайли бугунги гўдак ҳаётида таълим ўта кўп вақт оладиган бўлди, ота-оналарнинг талаблари эса мунтазам ортиб бормоқда. Ота оналар болага оламга нисбатан фақат ўзининг қарашларини тиқиштирмоқда, шу аснода агар бола китоб ўқишни билса мактабга тайёр деган содда фикрга бормоқдалар. Бу жуда катта хатодир. Болани мактабга тайёрлаш учун ота-оналар боланинг умумий ривожланишига: майда моторикага, жисмоний тайёргарликка, фикрлаш мантиқига, жамиятга ижтимоий мослашувига катта эътибор қаратишлари лозим. ана шундагина китоб ўқиш кўникмаси ва истаги ўз ўзидан пайдо бўлади.

    Энг муҳими эса – ота-оналар бирмунча сабрли ва эътиборли бўлишлари лозим, ана шунда болангиз улкан адабиёт оламига осон ва қизиқиш билан дастлабки қадамларини ташлайди.

    Чарос Мирҳолиқова,

    Низомий номидаги Тошкент давлат

    педагогика университети доценти,

    педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates