Қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:
- Урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, шаҳарлар ва туманлар марказларини ривожлантириш ҳамда агломерация ҳудудларини ташкил этишга қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиладиган туманлар ва шаҳарлар рўйхати;
- Аҳоли ва сайёҳлар учун барча қулайликларга эга туризм масканларини ташкил этишга қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиладиган туманлар ва шаҳарлар рўйхати;
- Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) билан ҳамкорликда комплекс иқтисодий ривожлантиришга қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиладиган туманлар рўйхати.
Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар мажмуаларини ташкил қилиш мастер-режаларнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
2024 йил 1 августдан жорий йил якунигача белгиланган мастер-режаларга мувофиқ замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектларини, жумладан жойлаштириш воситалари, турар жойлар, савдо-кўнгилочар марказларини ташкил қилиш учун мастер-режа ҳудудидаги ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилади.