Бош прокуратура: қурилиш соҳасидаги қўпол қонун бузилиши юзасидан 673 жиноят иши қўзғатилди

    Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳусан Шораҳимов маълум қилди.

    2023 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган 2,5 мингдан зиёд, жумладан, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастурларидаги 9 минг 905, ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳалари доирасида 5 минг 989 объектда олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилиши, ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан ажратилган 32 триллион сўмдан ортиқ маблағнинг мақсадли сарфланиши ўрганиб борилди.

    Дастурлар ижросига масъул бўлган мутасаддилар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириб бориш мақсадида Бош прокуратура томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида назорат тадбирлари ташкил этилди.

    Ўрганишлар натижасида давлат дастурларидаги 14 минг 273 объектда қурилиш ишлари муддатида якунланиб, фойдаланишга топширилиши таъминланди.

    Хусусан, 1 минг 876 мактаб, 414 мактабгача таълим ташкилоти, 522 тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Ҳудудларда 14 минг 376 км. йўл таъмирланди ва 11 минг 471 км. ичимлик суви тармоғи тортилди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги 404-сонли қарори билан жорий йил учун тасдиқланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ижроси ҳам тизимли назоратга олинган.

    Ушбу дастурга асосан 2024 йилда бюджетдан 20 триллион 424 миллиард сўм маблағ ажратилиши ва 1 минг 724 объектда қурилиш – таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.

    Назорат тадбирларида объектларнинг нархи асоссиз равишда оширилиши ва ортиқча харажатлар қилинишининг олдини олишга алоҳида эътибор берилмоқда. Натижада, 2023 ва 2024 йилги дастурлардаги қурилиш объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда 4 триллион сўмга яқин ортиқча харажат мақбуллаштирилди.

    Шунингдек, объектларни ўрганишда 3 минг 716 ҳолатда сифатсиз бажарилган 77 миллиард сўмлик ишлар, 1 минг 639 ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 74 миллиард сўмлик ишлар аниқланиб, бартараф этилиши таъминланди.

    Шу билан бирга, юклатилган вазифа ва топшириқлар ижросида камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган, ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 782 нафар масъул шахс интизомий ва 2 минг 353 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди. 2,5 мингдан зиёд мансабдор шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик юзасидан расман огоҳлантирилди.

    Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан эса 673 жиноят иши қўзғатилди, 5,5 мингга яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

    Ўрганишлар ва таҳлиллар давомида аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш орқали қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрланиб, ҳукуматга киритилди.

    Ҳозирда қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates