Бош вазир Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги якуний келишув бўйича ахборот берди

    Мамлакатимизда 14 ноябр 2022 551

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

    Мажлисда депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

    Кун тартибидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов бошчилигидаги ҳукумат аъзолари иштирок этиб, қонун лойиҳалари юзасидан ахборот берди.

    Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида самарали халқаро ҳамкорлик ўрнатишга, бунда энг аввало миллий манфаатларимиз, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнда очиқ ва амалий, фаол ташқи сиёсат олиб борилаётгани туфайли Ўзбекистон халқаро миқёсда ишончли ҳамкор сифатида тан олинмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва доимий қўллаб-қувватлаши туфайли қисқа вақт ичида мамлакатимиз ва қўшни давлатлар чегара чизиқларининг энг мураккаб ҳудудлари бўйича ўзаро мақбул ечимлар топишга эришилмоқда.

    Мажлисда депутат Д. Ғаниев Ўзбекистон томонидан Қирғизистонга ёки Қирғизистондан Ўзбекистонга берилаётган ер майдони ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётганлигини айтиб, ушбу ер майдонларининг тоифаси бўйича маълумотларга ойдинлик киритишни сўради.

    Депутат Д. Ғаниевнинг саволига Бош вазир А. Арипов таҳлилий маълумотлар асосида жавоб қайтарди.

    "Қайд этилганидек, ҳақиқатдан ҳам, Интернет тармоқларида тарқалган маълумотда сизлар айтгандек тасдиқланмаган рақамлар муҳокама қилинган. Андижон сув омбори учун Қирғизистонга Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан 1 минг 19 гектар яйлов ер майдони бериляпти. Албатта сув омбори майдони 5 минг гектарга яқин, қолган ер майдонини қандай компенсация қилинди деган табиий савол туғилади.

    Қолган 4 минг гектардан ортиқ ер майдонлари собиқ Иттифоқ даврида (1970 йилларда) Андижон сув омбори учун Ўзбекистон томонидан компенсация тариқасида берилган. Архив ҳужжатларини ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистон томонидан 200 км дан ортиқ Кампиробод чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти олинган. Афсуски, ҳар хил сабаблар билан ушбу канал қурилмасдан қолиб кетган. Айнан шу мажбурият бажарилмаганлиги сабабли, катта миқдордаги 8 мингдан 18 минг гектаргача бўлган ер майдонлари ўзлаштирилмасдан қолганлиги Қирғизистон томонидан узоқ йиллар давомида таъкидлаб келинган.

    Агар “Андижон” сув омборидан Қирғизистоннинг Боткен вилоятигача ушбу канал ва қўшимча гидротехник иншоотларни қуриб берадиган бўлсак, республикамиз бюджетидан кўп маблағ талаб этилади. Бундан ташқари, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги 20 дан ортиқ аҳоли пунктларини кўчиришга мажбур бўламиз.

    Энг ачинарлиси, 2 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер майдонларини йўқотишимиз мумкин эди. Шу боис, Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидаги тоғли ҳудуддан 12 минг 700 гектар атрофида яйлов ер майдони компенсация тарзида берилиши таклиф этилмоқда. Наманган вилоятидан сайланган депутатларимизнинг хабари бор, таклиф этилаётган Ғовасой участкасининг 6 минг гектари бахсли ҳудуд бўлиб, амалда Қирғизистон фуқаролари томонидан фойдаланиб келинмоқда. Ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, 8 минг гектардан ортиқ ўзлаштирилмаган қишлоқ хўжалиги ер майдони учун 12 минг 700 гектар яйлов майдонини таклиф қиляпмиз.

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда амалиётда чегара бўйича мухокамаларда ўртача бир гектар экин ери учун 2,5 баробар кўп яйлов ери бериш қўллаб келинмоқда. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида 19,5 минг гектар эмас, балки 13 минг 719 гектар яйлов ер майдонларини компенсация тариқасида Қирғизистон томонига ажратилиши назарда тутилмоқда (4 минг 127 гектари олдин берилган)."

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates