"Бошқача ҳоким"нинг ўзгача учрашуви

    Ўқувчиларга “тасаввур қилинг, қаршингизда ҳеч қандай ҳоким, директор, умуман биронта раҳбар йўқ, бу ерда ҳамма тенг, фақат китобни севувчи инсонлар жамланган”, дедим.

    Ҳокимларнинг ёшлар билан учрашувига кўп гувоҳ бўлганмиз, бўлиб келяпмиз ҳам. Туман, вилоят раҳбарлари мустақил ҳаёт остонасида турган йигит-қизлар билан уларнинг орзу-истаклари, олдига қўйган мақсадлари ва мавжуд муаммолари юзасидан ўртоқлашади одатда. Ёшларнинг ғайрати, шижоатини кўрган ҳоким буваларимизнинг тантилиги тутиб кетиб, бошига бахт қуши қўнган йигит-қизлар ҳам талайгина. Умуман олганда, бундай учрашувларда кўнгли осмон қадар юксалган ёшларнинг кўзлари қувончдан кулади.

    Қўрғонтепа тумани ҳокими Алишер Халиловнинг ўзгача форматдаги учрашувида иштирок этаётган ёшлар эса, бир умрлик “содиқ дўст”лари сафини кенгайтиришга аҳд қилаётгани аниқ. Боиси, қайси мактабга бормасин, ўқувчилардан “охирги ўқиган китобингиз қайси”, деб сўрайдиган ҳоким эндиликда эзгу бир лойиҳа доирасида улар ўқиган ёки ўқиётган китобнинг номинигина эмас, асарнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақидаги фикрларини ҳам тинглай олиши мумкин. Шу маънода бўлса керак, водийнинг энг катта телеграм каналида унга “Бошқача ҳоким” дея нисбат берилди.

    Журналист Элмурод Эрматов “Биз мажлисларда ўтирадиган, топшириқлар билан банд ҳокимларни кўрардик. Қарангки, дунёнинг дурдона китобларини ўқувчилар билан таҳлил қилиб ўтирадиган ҳокимларимиз ҳам бор экан”, дея китобхон ҳокимнинг ишларига ривож тилади. Мазкур постни баъзи фаол блогерлар ўз саҳифаларида ҳам эълон қилишди.

    Биз эса китобхон ҳокимнинг ўзи билан боғланиб, эзгу ташаббусга кимлар ва нималар туртки бўлгани билан қизиқдик:

    — Мактабларга борганимизда, ўқувчиларнинг фанларни қай даражада ўзлаштираётганини синаб кўришдан ташқари, уларнинг қайси бадиий асарларни ўқиётгани билан ҳам қизиқаман. Ҳозир мактаб директорлари синфлар кесимида ўқувчиларини китоб ўқишга тарғибот қилиш билан жиддий шуғуллана бошлашди. Навбати билан барча таълим муассасаларига боришга ҳаракат қилаётган пайтимиз туманимиздаги ихтисослаштирилган мактабнинг директори Муҳаммаджон Отажонов бир таклиф билан келди. Ўқувчилари “ҳокимимиз ўзи ўқиган китобларни бизга ҳам айтсин, биз ҳам ўша асарларни ўқиб чиқсак, кейин ўзи билан ҳам дебат шаклида суҳбат қилсак яхши бўларди”, дейишибди.

    Бу таклиф, ташаббусни бажонидил қабул қилдим. Зеро, мактабларга назорат юзасидан бориб, йўл-йўлакай ўқиётган китобини сўраш, шошилинч тарзда 5-6 бадиий асарни тавсия қилиш ўз йўлига. Аммо, ёшларнинг кўнглиги кириш, улар билан дилдан мунозара қилиш бутунлай бошқа. 4 синфдан тортиб ўқиган бадиий асарларимнинг олтмишга яқинини қоғозга тушириб, мактабга етказдим. Рўйхатдагиларнинг аксари республикамиз миқёсида ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови учун тавсия этилаётган асарлар. Нима бўлганда ҳам, асосий мақсадимиз — ёшларда мутолаа маданиятини шакллантириш баробарида ватанпарварлик туйғусини ошириш, келажагимиз ворислари миллийлигимизни янада яхшироқ англашига кўмаклашиш.

    Хуллас, биринчи қадамни ихтисослаштирилган мактабимиздан бошладик. Аслида, мактабга борганимда, учрашув учун одатдагидек расмий майдон ҳозирланганди. Мен эса, ноанъанавий давра қилишимиз кераклигини, бу борада ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслигини айтдим. Бир-биримизни аниқ-тиниқ кўриб турадиган доира шаклида жойлашдик. Ўқувчиларга “тасаввур қилинг, қаршингизда ҳеч қандай ҳоким, директор, умуман биронта раҳбар йўқ, бу ерда ҳамма тенг, фақат китобни севувчи инсонлар жамланган”, дедим. Сабаби, инсон қалбининг туб-тубидаги фикрларини, хисларини шунақанги эркин даврадагина билиб олиш мумкин.

    ***

    Самимий гаплар билан бошланган учрашувда ёшлар чиндан ҳам ўзларини анча эркин ҳис қилишди. Улар ҳокимнинг тилидан зўр қизиқиш билан Габриел Гарсиа Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” романи ҳақидаги таассуротлар, ёзувчидан Голливуд киноижодкорлари асарни экранларга олиб чиқиш учун 6 миллион долларгача гонарар таклиф қилишгани, лекин ёзувчи бунга рози бўлмай, “Агар бу асаримни дунёда 1 миллион одам ўқиса, 1 миллион хил тасаввурга эга бўлади. Лекин кино ишланса, қаҳрамон ҳақида битта тасаввур пайдо бўлиб, асар қобиққа тушиб қолади”, деганини эшитишди.

    Ҳоким Маркеснинг гапига исбот сифатида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини мутолаа қилиш билан кино талқинида кўришнинг фарқини тушунтирди. Туман раҳбари шунингдек ўқувчилар билан Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”, Эрнест Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз” асарлари, умуман жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдона асарларидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди. “Ўн беш ёшли капитан”ни ўқиб денгизчи бўлишни истамаган бола қолмагани, “Оқ кема”ни ўқиганлар болакайнинг орзулари, изтиробларига шерик бўлгани, “Дунёнинг ишлари”дан миллионлаб инсонлар таъсирлангани ҳақида гапириб, бу асарларни ўқимаган болаларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

    Ўта қизғин ва бахсларга бой давра суҳбатидан сўнг туман ҳокими бундай ажойиб учрашувдан миннатдорлигини билдириб, барча китобхон ўқувчиларни эсдалик совғалари билан тақдирлади. Йигит-қизлар шундай учрашувлар тез-тез бўлишини жуда-жуда исташлари, бунинг учун ҳар қанча китоб ўқишга тайёрликларини айтишди. Бироқ, туманда 50 дан зиёд умумтаълим мактаблари бор. Тумандаги таълим муассасаларида тарбиявий ишларни мувофиқлаштириш бўлими раҳбари Авазбек Маматалиевнинг айтишича, уларнинг барчасига ҳоким ўқиган китоблар рўйхати етказилган. Қанчадан-қанча китобхон ёшлар бу учрашувга астойдил тайёрланаётгани аниқ. Шундай экан, эзгулик барчага баробар улашилаётгани қувонарли.

    Шу ўринда алоҳида айтиш жоизки, ёшлар орасида азалдан илму маърифатга интилган, мутолаа маданияти юқори бўлган ёшлар Қўрғонтепанинг ифтихори бўлаб келган. Куни кеча айни ҳудуд фарзандлари — Дилнавоз Хайитахматова ҳамда Арофат Абдуғаниева “Ёш китобхон” кўрик-танловининг республика босқичида Андижон вилояти шарафи учун курашди.

    Дарвоқе, икки йил аввал тумандаги “Деҳқончек” МФЙ идораси ҳамда маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ёшлар етакчиси ташаббуси билан “Илм беллашуви” ташкил этилгани, ҳозирда ҳам бундай тадбирлар давом этаётгани туманда китобхонлик кенг қулоч ёзаётганидан далолат беради. Ёшларнинг айниқса, жадидларимиз асарларига жалб этилаётгани янада қувонарли.

    Бу ҳолат, бу учрашув бизни ҳам жуда ҳаяжонга солди, қувонтирди. Ёш авлодга китоб ўқишнинг фойдаси, аҳамияти ҳақида маърузага нисбатан, китобхон ёшлар билан бу каби жонли мулоқот, ўқиган асарларининг мазмун-моҳияти ҳақида дилдан суҳбат бутунлай бошқача таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Зеро, инсоният яратган мўъжизаларнинг олд қаторидан олган китобга бўлган меҳр ана шундай самимийлик, дўстона фикр алмашув орқали уйғонади. Энг муҳими, бу меҳрни кўнгилга абадий муҳрламоқ керак.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates