Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги ўн йилликда дунё сайёҳларида табиий ёки экотуризмга қизиқиш ортиб бормоқда. Экологик муҳитда жонли табиатни томоша қилиш иштиёқи кўпчиликка ўзгача завқ беради. Айниқса, ён-атрофда ноёб жонзотларнинг кезиб юриши экзотик саёҳат ишқибозларида унутилмас таассурот қолдиради.
Юртимизда ҳам жонли табиати, мусаффо ҳавоси, бир-биридан гўзал манзаралари билан сайёҳларни ўзига тортадиган масканлар бисёр. Уларда экотуризмни ривожлантириш, сайёҳларнинг дам олиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Туризмни ривожлантириш истагидаги тадбиркорларга кенг имконият ва имтиёзлар бериляпти.
Ана шундай имкониятлардан фойдаланган “Corrida Food” оилавий корхонаси томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган Қоронкўл қишлоғи ҳудудида кичик туризм зонаси ташкил этилди. Ҳозир 176 гектар майдонда Словения ва Австриядан олиб келинган ноёб кийик турлари — 50 та асл буғу ва 45 та Европа кийиги кўпайтирилмоқда.
Бўстонлиқ, асосан, туризм ҳудуди бўлиб, бу ерда сайёҳлар учун меҳмон уйлари, дам олиш масканлари тизимини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу боис, тадбиркорнинг ҳудудда кийикчиликни ривожлантириш ташаббуси туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиб, 2 йил олдин захирада турган 176 гектар ер майдони ажратилди. Кийикларни олиб келишдан аввал ерлар текисланиб, уларда жониворларни боқиш учун барча шароитлар яратилди. Тадбиркорнинг катта куч ва меҳнати билан бу ерлар чинакам экоҳудудга айлантирилди.
— Кийикларни кўпайтириш учун мос ҳудуд танлаш жараёни анча узоқ давом этди, — дейди “Агроэкотур” раҳбари Бахтиёр Ҳожиматов. — Германия, Испаниядан жалб қилинган мутахассислар билан биргаликда бир йил давомида Тошкент, Наманган, Жиззах вилоятларидаги бир қанча ҳудудларнинг иқлим муҳити, ер хусусиятлари лаборатория шароитида ўрганилди. Ниҳоят Бўстонлиқ туманидаги мана шу ҳудуд шароити мутахассисларга маъқул келди. Бу ерларнинг баландлиги ҳам кийикларга мос келади. Боиси, ушбу жониворларнинг қийинчиликсиз яшаб кетиши учун баландлик 1200 метрдан паст бўлмаслиги керак.
Барча шароитлар муҳайё қилингач, навбат хориждан ноёб турдаги кийикларни олиб келишга етди. Бунинг учун тадбиркорга Жаҳон банки кредит линияси асосида “Алоқабанк” томонидан 7 йил муддатга 780 минг АҚШ доллари ажратилди.
“Агроэкотур” раҳбарининг айтишича, мазкур Европа кийиклари аввал Озарбайжонда боқилиб, бизнинг иқлимга мослаштирилганидан сўнг шу йилнинг январь ойида республикамизга олиб келинди.
Бугун жаҳон бозорида, айниқса, кийик шохларига талаб катта. Ундан юрак-қон томир касалликларини даволашда қўлланиладиган турли дори воситалари тайёрлашда кенг фойдаланилади.
Ҳозир экологик ҳудудда кийиклар сони кўпаймоқда. Улар ҳар 12 ойда 1 нафардан болалайди. Ҳудуд раҳбари кийикларни янада кўпайтириб, келгусида уларнинг шохини талаб юқори бўлган чет давлатларга экспорт қилишни режалаштирган. Ҳудудда кийиклар парвариши учун алоҳида шароит яратилган. Ер майдонининг 98 километри Австралиядан олиб келинган махсус тўсиқлар билан ўралган бўлиб, жараён яна давом эттириляпти. Кийиклар, асосан, ҳудудда ўсадиган гиёҳ ўтлар ҳамда сули, олма маҳсулотлари билан озиқланади. Мутахассисларнинг айтишича, бу ернинг шифобахш ўтлари жониворларнинг соғлом ривожланиши учун жуда фойдалидир.
Ноёб кийикларни кўпайтиришга мўлжалланган бу ҳудуд ҳозир Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Бу ерда нафақат кийик, балки лама, апаки, пони, тустовуқ, қирғовул каби ҳайвон ва қуш турларини ҳам олиб келиб кўпайтириш ва ҳудудни сайёҳлар учун ўзига хос экозонага айлантириш режалаштирилган. Тез орада сайёҳларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун қулай шароит яратилиб, ҳудуд туризмга мослаштирилади.
Айни пайтда коттежлар, дам олиш масканлари қуриш ишлари бошланган. 2020 йилнинг сўнгига қадар истаган киши ушбу масканга келиб, ноёб кийик турлари ва бошқа ғаройиб жониворларни ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўлади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири