Боёвутдаги таъмир талаб поликлиника таъмирланиб фойдаланишга топширилди

    Саломатлик 10 декабр 2021 2043

    Сирдарё вилояти Боёвут туманида оилавий поликлиника таъмирдан сўнг янгича иш бошлади.

    Туманнинг Деҳқонобод қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилиб келаётган 16 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган 3-оилавий поликлиника таъмир талаб бўлиб қолганлиги учун ўтган йили инвестиция дастурига тушганди.

    Дастур доирасида ушбу мажмуада 1 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу юмушни Гулистондаги «Шаҳноза-Декларант сервис» хусусий корхона қурувчилари қисқа фурсатда ниҳоясига етказди.

    Оила шифокорлари амалиёт ва патронаж ҳамширалар ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари қаттиқ ва юмшоқ мебель жиҳозлари тўлиғича янгиланди. Замонавий, энг сўнги русумдаги УЗИ, ЭКГ ва бошқа тиббий диагностика воситалари билан таъминланди.

    Оилавий поликлиникага оптик тола тортилди ва локал тармоққа уланди. Компьютер жиҳозлари билан таъминланиб, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.

    Бу эса тиббиёт ходимлари учун ҳам, шифо истаб мурожаат қилган аҳоли вакиллари учун ҳам қулай бўлди.

    Бундан ташқари мазкур оилавий поликлиникада дастур доирасида қўшимча тез ёрдам бўлими учун алоҳида бино, тез ёрдам машиналари учун алоҳида гараж қурилади. Бунга эса тамал тоши ҳам қўйилди.

    Ғулом Примов,

    Сирдарё вилоят

    Соғлиқни сақлаш бошқармаси

    матбуот хизмати ходими.