"Ўзгидромет" 2024 йилнинг октябрь ойида об-ҳаво қандай келиши юзасидан ўз башоратларини эълон қилди.
Маълум қилинишича, Бу йил октябрь илиқ об-ҳаво билан бошланди. 2-4 октябрь кунлари ҳарорат кечалари 13-18 даража илиққача, кундуз кунлари 26-31 даража илиққача кўтарилади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Ёмғир фақат 2 октябрь куни Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида ва 3-4 октябрь кунлари республика шимолида ва чўл ҳудудларида ёғади.
Республика бўйича 5 октябрдан 10 октябргача ҳарорат фони пасаяди.
Ушбу даврда ҳаво ҳарорати асосан кечалари 8-13 даража илиқ, кундуз кунлари 21-26 даража илиқ бўлади. Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида 5-6 октябрь кунлари баъзи жойларда ёмғир ёғади. 7-10 октябрда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади.
Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари 10-15 даража илиқдан 0-5 даража илиққача, кундуз кунлари 23-28 даража илиқдан 15-20 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Октябрь ойининг учинчи ўн кунлигида айрим ҳудудларда тупроқда ва ҳавода совуқлар кузатилиши мумкин.
Октябрь ойи иккинчи ва учинчи ўн кунликларининг айрим кунларида (ўн кунликда 1-3 кундан) баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғларда қорга айланади.
Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.