Унда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг май-июнь ойларида Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йил 1 май ҳолатига меҳнат органлари кўмагида Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Хусусан, ушбу даврда 52,2 минг нафар фуқаро бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилган.
Жумладан, ўтказилган меҳнат ярмаркаларида ишга жойлашиш учун қарийб 7,5 мингта йўлланма берилган.
Ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган қарийб 2,9 мингга яқин шахс банд қилиб қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштирилган.
Амалга оширилган ишлар билан бирга айрим соҳа ва йўналишларда, шунингдек, ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда бир қатор камчиликларга йўл қўйилиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланилмагани алоҳида қайд этиб ўтилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-104-сон қарорида белгиланган айрим тадбирлар муддатида амалга оширилмаяпти. Жумладан, қарорда хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали келгусида кафолатли иш ўринларини яратиш назарда тутилган.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Когон туманлари ва Когон шаҳри ҳамда Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ҳудудидан ўтувчи халқаро йўллар бўйида хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида танланган ер участкалари очиқ электрон аукцион савдосига ҳанузгача жойлаштирилмаган.
Қоракўл ва Фарғона туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш учун ер майдонлари аниқланмаган.
Қайд этилганидек, хизматлар соҳасида яратилган иш ўринларининг асосий қисми ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига тўғри келади. Янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида иш ўринларини яратиш Наманган вилоятида 7 фоизни, Жиззах вилоятида 12 фоизни ва Бухоро вилоятида эса 21 фоизни ташкил этади.
Хизматлар соҳасида яратилган янги иш ўринлари бир вақтнинг ўзида бошқа соҳа ва йўналишларда ҳам акс эттирилиши оқибатида ҳисоботларда жами яратилган иш ўрни сони орттириб кўрсатилган.
Жумладан, Бухоро вилоятида хизматлар соҳасида ўзини ўзи банд қилиш йўналишида яратилган 22,4 мингта иш ўрнидан 15,5 мингтаси қишлоқ хўжалигида, 3,0 мингтаси туризм ва маданият соҳасида такрорланган.
Бухоро вилоятида бандлиги таъминланганлар сони ҳисоботларда асоссиз равишда ошириб кўрсатилганлиги танқид қилинди.
Меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида Бухоро вилоятида 1 161 та, Жиззах вилоятида 1 401 та, Наманган вилоятида 974 та, Фарғона вилоятида 926 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганлиги ҳамда мазкур ҳолатлар бўйича 1 107 нафар мансабдор шахсга нисбатан 2,1 миллиард сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилганлиги қайд этилди.
Мажлисда қишлоқ хўжалиги кластерлари, фермер ва деҳқон хўжаликларида яратилган иш ўринларининг солиқ ҳисоботларида қайд этилишини рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш, аукцион савдолари орқали ажратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидаги деҳқон хўжаликларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга оширишда иш берувчи сифатида тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб этиш каби қатор вазифалар белгиланди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.