“Бухоро шашмақоми” кўрик-танловининг республика саралаш босқичи ўтказилди

    Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази” 29-31 октябр кунлари мақом–мумтоз қўшиқчилиги санъатининг “Бухоро шашмақоми” республика кўрик–танловига мезбонлик қилди.

    Мазкур маҳорат намойишида вилоятимиз вакилларидан ташқари Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах вилоятларидан 15 ёшдан 35 ёшгача бўлган жами 200 дан ортиқ номзод, яъни ўзбек миллий мақом санъати иштиёқмандлари, ёш истеъдодли мумтоз қўшиқ ижрочилари иштирок этдилар.

    Танловга пухта ҳозирлик кўрган Бухоро тумани Маданият бўлими ансамбли “ғолиблик шоҳсупаси”нинг қуйи поғонаси–учинчи ўрин билан кифояланган бўлса, Сирдарё вилоятидан келган Намунали мақом ансабли фахрли иккинчи ўринга муносиб деб топилди. Кўрик-танловнинг бош мукофоти — олий ўрин учун баҳс Андижон ҳамда мезбон жамоа–бухоролик ёш санъаткорлар жамоалари ўртасида кечди. Якунда водий вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаби ўз репертуари ва истеъдодли ижрочилари билан фахрли биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, Бухоро вилоят Намунали мақом ансамбли олий ўрин – Гран-прини қўлга киритди.

    Бундан ташқари, уч кун давом этган ва санъатсевар мухлису мутахассисларни ўзига чорлаган кўрик–танловда “Эркак овози”, “Аёл овози” ҳамда “Созанда ансамбли” каби номинацияларда ҳам иқтидор эгалари аниқланди. Жумладан, танловнинг “Эркак овози” номинацияси бўйича Бухоро вилояти 16-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Қулмамат Ҳимматов ва Самарқанд вилояти Намунали мақом ансамбли яккахон хонандаси Нишон Қаюмовлар фахрли учинчи ўринни эгалладилар. Бухоро мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси Рамзиддин Эргашев фахрли иккинчи, Сурхондарё вилояти Намунавий мақом ансамбли яккахон хонандаси Аловиддин Шермаматов эса фахрли биринчи ўринни қўлга киритдилар. Бу йўналишда олий ўрин––Гран-при Бухоро вилояти 14-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Асадбек Ҳайдаровга насиб этди.

    Танловнинг “Аёл овози” номинациясида ҳам ёш истеъдод эгалари кашф этилди. Хусусан, мезбон жамоадан Ромитан тумани 12-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Фазилат Солиева ҳамда Шофиркон тумани 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Санобар Худойназарова мос равишда фахрли учинчи ва иккинчи ўринларни эгалладилар. Жиззах вилояти Намунавий мақом ансамбли яккахон хонандаси Динора Раҳмонова фахрли биринчи ўринга лойиқ деб топилган бўлса, ўз ижрочилик маҳорати билан мезбон жамоанинг яна бир аъзоси––Бухоро вилояти Намунавий мақом ансамбли яккахон хонандаси Меҳринисо Самиева олий ўрин––Гран-при мукофотини қўлга киритди.

    Танловнинг “Созанда ансамбли” номинациясида Вобкент тумани 8-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда Сирдарё вилояти Намунавий мақом ансамбли фахрли учинчи ўринни банд этдилар. Республика Мусиқа ва санъат коллежи бадиий ансамбли бу йўналишда фахрли иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Абдурауф Фитрат номидаги Бухоро мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб–интернати фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди. Олий ўрин––Гран-при эса Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби истеъдодларига насиб этди.

    “Бухоро шашмақоми” республика кўрик-танлови ғолиблари Ўзбек Миллий мақом саньати маркази ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан диплом ва эсдалик мукофотлари билан тақдирландилар.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates