Ушбу босқич номзодларнинг хорижда таълим олишидан касбий мақсадлари, ўқишни якунлаб мамлакатимизга қайтгандан сўнг, хорижда олган илғор назарий билим ва тажрибаларини амалиётга татбиқ этиш ва Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига қўшиши мумкин бўлган ҳиссасини баҳолашга қаратилган.
Мазкур босқичга иштирок этиш учун 780 нафардан зиёд номзод тавсия этилган.
«Эл-юрт умиди» стипендиясига номзодлар учун ташкил этилаётган суҳбатнинг асосий мақсади — уларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини, ижтимоий тараққиётига эришган жамият ғояларини англаб етиш даражаси ҳамда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларга доир назарий тайёргарлиги, юксак маънавий-маърифий савиясини баҳолашдан иборатдир.
Ҳар бир номзод давлат бошқаруви тизими мутахассислари, академик ва эксперт ҳамжамияти ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан ташкил топган комиссия билан индивидуал суҳбатдан ўтади.
Номзодларнинг она Ватанга, танлаган касбига садоқати, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни англаб етганлиги даражаси, шунингдек, хорижда таълим олишдан кўзланган мақсади, ҳамда ўқишни тугатгач олинган билим ва малакаларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари давлат тилида ўтказиладиган суҳбат орқали аниқланади ва баҳоланади.
Шунингдек, номзодлар учун зарур шароит ва енгилликлар яратилган.
Хусусан, иш ёки ўқиш туфайли хорижда бўлиб турган номзодларга суҳбатдан онлайн тарзда ўтиш имконияти берилди. Суҳбат санаси ва олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари билан бир кунга тўғри келган тақдирда, абитуриентларнинг мурожаатларига кўра суҳбатни бошқа кунга кўчириш рухсат этилди.
Тасдиқланган жадвал асосида суҳбатлар 28 июлга қадар давом этади.
Маълумот учун:
«Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан 2021–2025 йиллар давомида қарийб 1 300 нафар стипендиат турли таълим дастурлари бўйича дунёнинг нуфузли университетларига таҳсил олиш учун юборилган. Улардан 740 нафари ҳозирда ўқишини давом эттиряпти. Стипендиатлар орасида хотин-қизлар улуши 35 фоизни ташкил этади.
Жамғарма томонидан 2025–2026 ўқув йили учун нуфузли хорижий университетларда таълим олиш учун: бакалавриат таълим дастурлари учун 130 та, магистратура учун 220 та, докторантура учун 100 та ўринга стипендиялар ажратилиши режалаштирган. Номзодларнинг ҳужжатлари 2025 йил 3 июндан 16 июнга қадар барча учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн платформа орқали 24/7 режимида қабул қилинди. Жами 8 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизмати.








