«CASHM BARLAS» Ўзбекистонни лойиҳалари учун жозибадор манзил деб топди

    «Ўзчармсаноат» уюшмасида Туркиянинг « CASHM BARLAS» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Инвесторлар билан учрашувда пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган янги инвест лойиҳани амалга ошириш масаласи муҳокама этилди.

    Дастлаб, Туркия компаниясига мамлакатимиздаги чарм-пойабзал саноатига ихтисослаштирилган кичик саноат зоналари, инвесторлар учун яратилган шароит ва ажратилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.

    Шунингдек, музокаралар давомида томонлар инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилдилар. Турк компанияси мамлакатимизда турли моделдаги пойабзаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган сармоявий лойиҳани амалга оширишни мақсад қилган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 2 миллион долларни ташкил этади. Ускуналарнинг 70 фоизи Туркиядан келтирилади. Тошкент вилоятида кимошди савдосига қўйилган чарм саноатига ихтисослаштирилган ер майдонларидан сотиб олиб, бино қуриш ва янги корхона ташкил этиш режалаштирилган.

    Музокаралар давомида корхонада пойабзал моделларини ишлаб чиқиш бўйича дизайнер ва технолог кадрларни тайёрлаш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистонлик мутахассислар учун ушбу йўналишда тренинглар ўтказишга қарор қилинди, деб хабар беради «Ўзчрмсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.