Мамлакатимиз саноат тармоқларидаги салоҳиятли корхоналар ўз маҳсулотлари билан ушбу анжуманда фаол иштирок этяпти. Тўрт кун давомида бўлиб ўтадиган тармоқлараро саноат ярмаркаси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Рақамли трансформация маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
«Ўзчармсаноат» уюшмаси ва унга аъзо 100 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ҳам жамоавий стенд билан саноат ярмаркасида иштирок этяпти. Экспозициядан 500 турдаги чарм, пойабзал, жун ва мўйна, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар намуналари ўрин олган. Шунингдек, «Orient Technology», «UzSHoes», «Egida Simax» корхоналари якка тартибдаги стенд орқали манфаатли мулоқотларга киришган.
Кўргазманинг дастлабки кунида Уюшма томонидан ярмарка иштирокчилари учун «Мамлакатимиз чарм саноатининг истиқболлари» мавзусида тақдимот бўлиб ўтди. Унда бугунги кунда чарм-пойабзал ва мўйна саноатининг ишлаб чиқариш салоҳияти, инвестиция сиёсати, экспорт кўрсаткичлари, божхона ва солиқ имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, ҳамкорлик қилиш мақсадида бўлган ишлаб чиқариш корхоналари учун маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар тўғрисида ахборот берилди.
Кўргазманинг дастлабки кунида Уюшмага аъзо корхоналар тармоқ корхоналари билан манфаатли музокараларни амалга оширди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.
Тармоқлараро саноат ярмаркаси давом этади.