“Четдаги одам”

    Маданият 7 июн 2024 247

    (Ёзувчи Нормурод Норқобилов сийратига баъзи чизгилар)

    7 июнь элимизнинг севимли ва сермаҳсул ёзувчиси Нормурод Норқобилов таваллуд топган кун. Бу адиб ва унинг феномени ҳақида кўп ва хуп ёзиш мумкин, дейиш мумкин. Дейиш ҳам керак, ёзиш ҳам керак. Албатта, бошқалар. Негаки унинг ўзи бу ҳақда ҳеч нарса демайди, демаган ҳам. Бировларга ўхшаб буюртма қилиб юрмайди, ўзига эп кўрмайди. Нормурод аканинг характерини билган одам унинг асарларини ўқиса ундаги қаҳрамонлар ёзувчининг ўзими, ўзини ёзганми деб ўйлаб қолади. Нормурод Норқобиловни озми-кўпми яқиндан билганим учун бу гапни айтаяпман, ва қайсидир маънода ҳақман деб ўйлайман. "Четдаги одам" хикояси гапимнинг исботи. Ҳикояда бир персонаж бор. Аслида персонаж деб ҳам бўлмайди, чунки ҳикояда унинг исми келтирилмайди, "четда сақланади", ўртага олиб чиқилмайди. Бу одам эрта вафот этган дўстининг болаларига моддий кўмак бериб туради, лекин буни дўстининг онасидан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, нақлига амал қилади. Ўша исми йўқ “четдаги одам” Нормурод Норқобилнинг ўзи десам, ким ишониб, ким ишонмайди. Истеҳзо билан куладиганлар ҳам бўлиши мумкин. Бу табиий. Чунки бундай одамлар айниқса, бугунги шиддатли замонда анқонинг уруғидай бир гап. Улар эски одамлардек туюлади бугуннинг нигоҳида.

    Кўпчиликка маълум Нормурод Норқобилов узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениесида фаолият юритган. Ўша машҳур "икки дарё оралиғида" кўрсатувининг муаллифи, бошловчиси бўлган. Дилором Каримова, Рустам Ҳолиқназаров, Тоҳир Эргашев каби кўплаб режиссёр ва операторлар, ўз касбининг усталари билан кўрсатувни тайёрлаган. Кўрсатув тайёрлаш жараёнидаги қийинчиликлар, машаққатлар, тортишувлар алоҳида мавзу. Бизнингҳозирги гапимиз бошқа. Кўрсатув ижодкорларидан бири, маҳоратли режиссёр (Исми шарифини айтишни лозим топмадим, чунки билмайман) отаси вафотидан қаттиқ таъсирланиб юраги кутаролмайди ва ўзи ҳам бевақт вафот этади. Уч нафар фарзанд етим қолади. Аввалдан ижарада яшаган, эндиликда боқувчисиз қолган оила янаям танг аҳволда қолади, бунинг устига ота томон қариндошлар ҳам болаларни беэътибор қолдиришиб, ўз кунингни ўзинг кўр қабилида иш тутишади. Хуллас қаровсиз, уйсиз-жойсиз қолган бу оилани Нормурод Норқобилов ўз қарамоғига олади, шаҳар четроғида жойлашган икки хонали уйини уларга яшаш учун беради. Бунинг учун у ерда яшаб турган жиянларини чиқаришга мажбур бўлади. Натижада жиянларнинг олдида "оқибатсиз" тоғага айланади. Кейинчалик улар вазиятни тушуниб етгунларича ўртадаги совуқчилик аримайди. Етим болалар бугун катта бўлиб, ўзларини эплайдиган бўлиб қолишди. Дўстнинг вафотига йигирма йиллардан ошдиёв менимча. Лекин уй олишга имкониятлари етмайди. Ҳануз ўша уйда истиқомат қилиб туришибди. Нормурод ака шу пайтгача ўша уйга бирон марта бормади, лекин ҳар мактаб очилишида, қиш киришидан олдин дўстининг тўнғич фарзандини Қўйлиқ бозоридаги тураргоҳга чақиради ва йиққанини, харидини ундан бериб юборади. Ўзи бормайди. Четда туради, “четдаги одам” бўлиб.

    Ёзувчининг" Ака ука"деган ҳикояси бор. Унда ҳам айнан ёзувчининг ўзи қаҳрамон десак янглишмаймиз. Нормурод ака шундай эйлайди. Кўп қаватли уйда тураман. Болалар қишлоққа кетишган. Уйнинг аҳволи ҳам ўзига яраша, таъмир талаб, абгор холатда. Таъмирлашга ҳафсала йўқ, қоғоз-қаламни қизғонаман. Сурхондарё вилоятига сафарга кетишга тайёргарлик кўриб турган кунларимда дўкондан келаётсам, кўчада бир йигит билан учрашиб қолдим. Кайфияти йўқ, секин суриштирсам, қайсидир институтда сиртданўқишини, ҳозир яшаш учун ижара уй излаб юрганини, ҳозирча борадиган жойи йўқлигини билиб олдим. Мен билан юрингчи, деб уйга олибкелдим. Шу куни сафарга чиқадиган бўлганим учун унга калитни ташлаб вокзалга шошилиб чиқиб кетдим. Сафарда ўн кунлардан ошиқ қолиб кетдим. У ерда Абдиназар бахшиникида турдим. Сафарим қариб, уйга қайтадиган кунларда Абдиназар бахши:"Сиз эл одамисиз, уйингизга келди кетти кўп, уйни таъмирлатиб олинг. Кўрган кўзга уят "дедидақўлимга бир даста пул тутқазди. Мен хўп дедиму кетар чоғимда унинг кўзини шамғалат қилиб биз ўтирган сури-токча ёнидаги дарахтга осиб қўйилган тўзхалтага пулни солиб устини туз билан ёпиб қўйдим. Бахши мени уйини таъмирлашга пули йўқ деб ўйлаб ошна-оғайниларидан шунча пулни тўплаб қўйган экан.

    Тошкентга қайтдим. Уйга келганимда уй қулфланган Тақиллатиб турсам қўшни татар кампир чиқиб қолди. Қўлида калит ва бир парча қоғоз. "Шуни сенга бериб қўйишимни ойтишди”, дедида қўлидагини менга тутқазиб эшигини ёпиб уйига кириб кетди. Эшикни очиб уйга кирдим,кирдиму бошқа бировнинг уйига келиб қолдимми деб ўйлаб қолдим. Чунки уй чиройли қилиб, дид билан таъмирланган эди. Беихтиёр туздонга солиб қолдирганим пул ёдимга тушди. Қўлимдаги парча қоғозга "Яхшилигингизни унутмайман, танимаган одамга жой бердингиз. Уйнинг таъмирланганига келсак бир ука акасининг уйини таъмирлаб берса бунинг айби йўқ” деган сўзлар ёзилган эди. Ҳикоя ҳам “Ака-укалар” деб номланган.

    Нормурод Норқобилов ана шундай ёзувчи у алдам қалдамни билмайди. Қаҳрамонлари ҳам ўзига ўхшаган тўгрисўз, чўрткесар, оқибатли.

    Нормурод аканинг характерида, феълида яна бир ўзига хослик бор. Бу одам биров билан оғайни тутиндими, ўзига яқин олдими қўлини маҳкам ушлаб олади. Икки кун қўнғироқ қилмасангиз ўзи қўнғироқ қилиб аҳволингизни сўрайди. Кўп гапирмайди ҳам, овозингизни эшитгач кўнгли жойига тушгандек тез хайрлашиб гўшакни қўяди. Хуллас оқибатни унутмайди.

    Бугун таваллуд куни бўлган "четдаги одам”, забардаст, меҳридарё, оқибатли, сермаҳсулёзувчимиз бундай туғилган кунларни кўп ўтказсин. Халқимизга янги-янги асарлар туҳфа қилсин. Биз ўқувчилар “четда туриб” асар сеҳридан бахраманд бўлаверайлик.

    Даврон Улуғмуродов,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси