Чим устида хоккейчи қизларимиз мезбонларни мағлуб этди

    Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида чим устида хоккей бўйича Осиё ўйинлари-2022 учун саралаш мусобақаси бўлиб ўтмоқда.

    Мусобақада Ўзбекистон чим устида хоккей бўйича аёллар терма жамоаси аъзолари ҳам қатнашмоқда. Қизларимиз дастлабки икки турда Гонконг (0:4) ва Қозоғистон (0:2) терма жамоаларига имкониятни бой берганди.

    Учинчи турда эса вакилларимиз мезбон Индонезияга қарши ўйин ўтказишди ва 2:1 ҳисобида ғалабага эришди. Дарвозабонимиз Малика Комилова эса ўйиннинг энг яхши хоккейчиси бўлди. Бу ғалаба орқали терма жамоамиз очколар сонини учтага етказиб олди.

    Қайд этиш лозимки, саралаш баҳсларида 7 та терма жамоа иштирок этмоқда. Мусобақада энг яхши 6 та терма жамоа Осиё ўйинларига йўл олади. Олдинда Сингапур, Камбоджа ва Шри-Ланка терма жамоаларига қарши ўйин бор.

    Маълумот учун, Осиё ўйинлари шу йилнинг сентябрида Хитойда ўтказилиши лозим эди. Бироқ, пандемик вазият сабаб Хитой ўйинларни қабул қила олмаслигини маълум қилди ва мусобақа номаълум муддатга қолдирилди.