Чин ҳамкорлик — Европадан Хитойгача

    Олий таълим муассасаларини рақамлаштириш таълим сифати, шаффофлик ва инсон ресурсларига ижобий таъсир кўрсатувчи кўплаб афзалликларга эгадир.

    Жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари, тадқиқот марказлари ва соҳа йўналишлари бўйича фаолият юритадиган, катта ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш салоҳиятига эга корхоналар билан ҳамкорлик бугунги куннинг асосий талабларидан бири. Бу каби муносабатларнинг афзаллиги шундаки, у таълим муассасаларига таълим сифатини янги даражага кўтариш, меҳнат бозорида рақобатбардошликни ошириш ва хорижлик талабаларни кўпроқ жалб этиш имконини беради. Қолаверса, халқаро академик тажриба энг янги илмий изланиш ва технологиялардан фойдаланишга замин яратади.

    Бу каби истиқболли натижаларга эришиш йўлида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳам ўз олдига қатор мақсадларни қўйиб келмоқда.

    Хусусан, ўтган бир йил мобайнида институт хориждаги қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Институтда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий анжуманларда мазкур таълим муассасалари вакиллари фаол иштирок этиб келмоқда.

    Институтда халқаро талабалар контингентини жалб қилишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Бугун бу ерда Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва россиялик талабалар таҳсил олаётгани сабаби шунда.

    Кейинги йилларда 300 дан ортиқ профессор-ўқитувчи ҳамда 305 талаба Италия, Франция, Латвия, Жанубий Корея, Хитой, Греция, Грузия, Туркия, Ҳиндистон, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби кўплаб давлатларга академик алмашинув, малака ошириш, стажировка, амалиёт ва тажриба алмашиш мақсадида юборилди. Мазкур давлатлар ОТМларидан 193 профессор-ўқитувчи ва мутахассис ўқув жараёнимизга жалб этилди.

    Президентимизнинг 2023 йил 10 январдаги “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, институтда Туркия, Германия ва бошқа давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда тўқимачилик саноатида талаб юқори мутахассислар тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини жорий этиш белгиланган эди. Шу режага асосан, жорий йилнинг илк ҳафталарида институт делегацияси Измир шаҳридаги Ege университетида бўлиб, Тошкентда унинг филиалини очиш масаласини муҳокама қилди.

    Бундан олдин эса Хитойнинг Чангшу технологиялар университети билан “2+2” талабалар алмашинув дастури имзоланиб, жорий ўқув йили бошида 11 талаба Хитойга юборилди. Улар тўқимачилик муҳандислиги йўналиши бўйича назарий ва амалий билимларни пухта эгалламоқда.

    Тўқимачилик муҳандислиги йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатиб, экспорт салоҳиятини оширади. Масалан, Италия, Туркия ва Хитой тўқимачилик маҳсулотларини энг кўп экспорт қилувчи давлатлар бўлиб, бу уларга катта даромад олиш ва иқтисодий ривожланишга сармоя киритиш имконини бермоқда. Биргина Хитой бу соҳадан ҳар йили қарийб 200 миллиард доллардан ортиқ даромад кўради.

    Бугун Хитойда ўқиётган талабаримиз мамлакатимиз иқтисодиётида бу соҳада кескин ўсишни таъминлайдиган мутахассислар бўлиб етишишига умид қиляпмиз. Зеро, юртимиз тўқимачилик саноатининг салоҳияти ўта юқори. Етук кадр ва технологиялар бу салоҳиятни рўёбга чиқаришга мустаҳкам замин яратади.

    Институт олдига қўйилган мақсадлардан яна бири корхоналарда талаб юқори кадрларни тайёрлашдир. Бунинг учун назарий ва амалий билимларни бирдек бериб бориш жоиз.

    Ҳозир 1672 талабамиз пойтахтимиз бўйлаб етмишдан ортиқ корхонага дуал таълим асосидаги амалий дарсларга жалб этилган.

    Жорий йилнинг январь ойида институтимиз делегацияси Туркияда бўлиб, қатор корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатди. Жумладан, нафақат Туркияда, балки бутун дунёда ноёб дизайни ва сифати билан танилган “PUNTO leather and fur” корхонаси билан тўқимачилик институти талабаларининг ёзги таътилда касбий амалиёт ўташи масаласи кўриб чиқилди. Бундан ташқари, “De tasarim” корхонаси ҳамда “LAESTE” ташкилотлари ҳам ўзбек талабалари учун эшиклари ҳамиша очиқлигини таъкидлади. Ушбу корхоналарда ёшларимиз чарм буюмларни конструкциялаш, тикув буюмлари муҳандислиги ва йигирув технологиялари каби йўналишлар бўйича энг етакчи мутахассислардан кўникма орттириши мумкин.

    Институт амалда синаётган дуал таълим тизимининг асосий ўзига хослиги шундаки, аудиторияда юқори малака ва илмий салоҳиятга эга профессор-ўқитувчи томонидан берилган билим амалиётда синалади. Таълим якунигача талаба нафақат корхонада ўз иш ўрни ва вазифаларига, балки карьерасидаги илк юқори лавозимига ҳам эга бўлиши мумкин.

    Масалан, ўтган йил сўнггида институтда таниқли тадбиркорлар ва 500 талаба иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Ёш тадбиркорлар форуми доирасида бўлиб ўтган ушбу учрашувда бўлажак бизнес эгаларига қимматли маслаҳатлар берилди, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан яратилган шароитлар санаб ўтилди. Институтда йўлга қўйилган “Бир тадбиркор+уч ҳамкор” лойиҳаси асосида эса йирик корхона вакиллари келгусида ишончли ходим, етук мутахассис, замонавий тенденцияларидан хабардор, етук билим ва тажрибага эга, истиқболли фикрлай оладиган ҳамкорлар сифатида танлаб олиш мумкин бўлган талабалар билан яқиндан танишди. Ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШнинг USAID жамғармасига тегишли MST – Бозор тизимларини ўзгартириш лойиҳаси вакиллари ҳамкорлик меморандумини имзолашни режалаштирмоқда.

    Дуал таълим соҳасида Германиянинг эллик йиллик бой тажрибасини ўрганиш асносида ҳар қандай талаба корхоналарга амалиёт ўташга қўйилмаслиги аён бўлди. Сабаби, назарий билимни яхши ўзлаштиролмаган ёки соҳага етарлича қизиқиш билдирмаган талаба корхона жиҳозларига шикаст етказиши ёки тенгдошларига халақит бериши мумкин. Шу боис, назарий билимлар мустаҳкамлиги, талабалар соҳанинг энг сўнгги илмий янгиликлари ва инновацияларидан хабардор бўлиши учун жаҳоннинг энг улкан илмий базаси – Scopus билан ҳам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

    Институтимиз делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларига сафари чоғида Амирликдаги Америка университети (AUE) профессори Муҳаммад ал-Ҳусайн билан ҳамкорликда жорий йилнинг октябрь ойида Scopus халқаро илмий анжуманини Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, анжуман доирасида академик соҳа етакчи мутахассислари уч ой давомида институтимиз талабаларига жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган илмий ва илмий-оммабоп мақолалар ёзиш, ахборот ва унинг манбалари билан ишлаш ҳамда факт-чекинг йўналишлари бўйича тренинглар ташкил қилади. Семинарлардан сўнг эса институтимизда чоп этиладиган “Тўқимачилик муаммолари” журнали Scopus базасидан жой олади. Бу эса институтимиз тадқиқотчилари, тажрибали олимлари ҳамда яқинда ташкил этилган, атрофида илм-фанга қизиқадиган ёшларни жамлай олган “Ёшлар академияси”да инновациялар устида бош қотираётган ёшларимизнинг фан соҳасидаги меҳнатларини дунёга танитишга имконият яратиб беради.

    Таълим, кадрлар ҳамда методика соҳасини ислоҳ қилиш билан бирга, институтимизда яқин кунларда рақамлаштириш жараёни ҳам бошланади. Олий таълим муассасаларини рақамлаштириш таълим сифати, шаффофлик ва инсон ресурсларига ижобий таъсир кўрсатувчи кўплаб афзалликларга эгадир.

    Рақамли технологиялар янги ўқитиш усуллари, онлайн курслар, вебинарлар ва электрон таълимнинг бошқа шаклларидан фойдаланишни таъминлаш орқали таълим сифатини оширади. Бу талабаларга кенгроқ билим ва кўникмаларга эга бўлиш, шунингдек, касбий малакасини оширишга ёрдам беради. Айни жараён институт бошқаруви шаффофлигини ошириш ва барча манфаатдор томонлар учун ахборот таъминотини яхшилашга йўл очади.

    Институтни рақамлаштириш учун Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA институтимизга 6 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиши режалаштирилмоқда.

    Дунёнинг етакчи университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик институтни рақамлаштириш ва таълим сифатини оширишда қўлланилиши мумкин бўлган илғор технологиялар ва тажрибалардан фойдаланиш имконини беради. Халқаро алоқалар миллий иқтисодиёт ва меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаша оладиган қўшма ўқув дастурларини яратишга ҳам замин яратади.

    Даврон ВАҲОБОВ,

    Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates