“Чиноркент” темир йўл бекати фойдаланишга топширилди

    Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш, айниқса, Бўстонлиқ туманинг сўлим гўшаларига ташриф буюрувчиларга, сайёҳларга транспорт хизматларидан фойдаланишлари учун қулайлик яратиш борасида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, айни кунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

    Даставвал, 2024 йил декабрь ойида Тошкентдан Хўжакентга янги электропоезд қатнови йўлга қўйилган эди.

    Ушбу тоғли ҳудудни замонавий инфратузилма билан таъминлаш, кўрсатилаётган туризм, меҳмонхона, транспорт ва бошқа хизматлар турлари сифатини ошириш орқали аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш ҳамда халқимизни маънан дам олишлари учун ҳар томонлама замонавий қулай шарт-шароит яратиш, туризмни ривожлантириш, ташриф буюраётган туристларни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу поезд йўлга қўйилди. Ушбу поезд барча қулайликларга эга. Тезкор, хоналари шинам, жуда иссиқ ҳамда ногиронлиги борлар учун ҳам пандуслар ташкил этилган. Поездда энг асосийси табиатни томоша қилиш, гўзалликдан завқланиш ва тоғ ён бағирларига саёҳат қилиш имкони мавжуд.

    “Хўжакент” ва собиқ “Чинор” темир йўл бекатларини боғловчи транспорт алоқасини яратиш лойиҳасига мувофиқ, тажрибали темир йўлчиларнинг саъй-ҳаракати билан Хўжакентдан Чиноркентгача 1,5 километр масофага темир йўл қурилди, шунингдек, “Чиноркент” темир йўл бекати қуриб битказилди ҳамда жорий йил 22 январь куни фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Транспорт прокуратураси, “Тошкент минтақавий темир йўл узели” филиали, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси туризм қўмитаси бошқарма бошлиқлари, фахрийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Тадбир қатнашчилари ушбу темир йўл бекатида йўловчиларга яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар. Қисқа вақт мобайнида бу ерда 150 метр узунликда перрон ҳамда соябон қуриб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, имконияти чекланган йўловчилар учун сирғанишга қарши плиталар ўрнатилди ҳамда йўловчилар учун ер ости туннели барпо этилди.

    Таъкидлаш жоизки, айни кунга қадар ушбу ҳудудга келадиган йўловчилар электропоездда “Хўжакент” станциясигача келиб, ундан буёғига автобилларга ўтириб келишар эди. Бу йўловчиларга ноқулайлик туғдирарди. Эндиликда бундай ноқулайликлар бартараф қилинди. Яъни Тошкентдан йўлга чиққан йўловчилар, сайёҳлар замонавий электропоездда “Чиноркент” темир йўл бекатига етиб келади ҳамда шу ернинг ўзидан бемалол дам олиш масканларига чиқиб кетишлари мумкин.

    Зулхумор АКБАРОВА

    No date selected
    феврал, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    Use cursor keys to navigate calendar dates