Расмий маълумотларга кўра, дунё бўйича 400 миллиондан ортиқ инсон гиёҳвандлик иллатига дучор бўлган бўлиб, ҳар йили бу иллат оқибатида 300 мингга яқин одам ҳаётдан кўз юммоқда.
Шу боис, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш масаласи ҳуқуқ-тартибот идораларининг доимий эътиборида.
Шу муносабат билан, Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Чироқчи туманида тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида 1981 йилда туғилган, муқаддам икки маротаба судланган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, 3 дона синтетик қопда сақланаётган 20 килограмм 658 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Маълум бўлишича, фуқаро ушбу моддани келгусида сотиб, осон йўл билан пул топиш мақсадида етиштирган.
Ҳозирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“Гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп моддаларни ноқонуний ўтказиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қонунга кўра, мазкур моддада назарда тутилган жиноят учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.








