Даромадли соҳанинг истиқболи нималарга боғлиқ

    Ҳозирда биз асаларининг фақат асалидан фойдаланямиз, холос. Ваҳоланки, ундан мум, асалари сути, асалари елими, асалари заҳри каби ноёб маҳсулотлар олиш мумкин.

    Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино қайдларида асал инсон танасига тетиклик бағишлаш, овқат ҳазм қилишни яхшилаш, иштаҳани очиш, хотирани мустаҳкамлаш, эрта қаришнинг олдини олиш хусусиятларига эга эканлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд. Асалнинг ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси, гастрит, жигар хасталиги, буйрак, юрак, асаб, кўз касалликлари, камқонликни даволашда асқотиши фанда яхши маълум. Аммо, ҳозирда биз асаларининг фақат асалидан фойдаланямиз, холос. Ваҳоланки, ундан мум, асалари сути, асалари елими, асалари заҳри каби ноёб маҳсулотлар олиш мумкин.

    Маълумотларга кўра Самарқандда асаларичилик билан фаол шуғулланиш ўтган асрнинг 30 йилларида бошланган. Ўша даврдан буён соҳада турли кўламда ўсиш ва пасайишлар кузатилган.

    — Самарқандда 1930 йилларда ҳозирги Хўжа Дониёр зиёратгоҳи рўпарасида вилоят асаларичилик илмий пункти очилган, 1932 йилда энг катта кўчманчи асаларичилик илмий тажриба станцияси ташкил этилган, — дейди вилоят асаларичилар уюшмаси раиси Ҳайдар Рашидов. — 1936 йилда Самарқанд илмий тажриба станциясида махсус асаларичилик хўжалиги ташкил этилиб, 14 минг асалари оиласи боқилган. Станциянинг Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах вилоятларида ўндан ортиқ бўлимлари бўлган. Ҳар бирида 13 минг оилагача асалари боқилган ва йилига 250-350 тоннагача асал олинган. Ўша пайтларда маҳаллий зотлар боқилган бўлса, 1980 йилларнинг ўрталаридан кейин Самарқандга хориждан янги зотдаги асалари оилалари келтирила бошланди. Лекин шундан кейинги йилларда асаларичиликка эътибор сусайди. Натижада ишлаб чиқариш субъектлари сони сезиларли равишда камайди.

    Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани ривожлантиришнинг янги имкониятларини очди. Бу имкониятлар самарасини вилоятда ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва кўзда тутилаётган лойиҳалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
    Қарорда тармоқни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш масаласи кун тартибига қўйилгани соҳада сезиларли ўзгаришларга омил бўлди. Асаларичилик хўжаликлари фаолиятини такомиллаштириш, асал ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, соҳага илмий ёндашувни кучайтириш белгиланди. Ҳужжат асосида асаларичиликнинг умумиқтисодиётдаги мавқеини мустаҳкамлашга киришилди.

    — Отам 30 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланади, мен уларнинг ишини давом эттиряпман, — дейди Тойлоқ туманидаги “Орзу Олим Дилмурод” асаларичилик наслчилик фермер хўжалиги иш юритувчиси Дилмурод Илёсов. — Яқин йилларгача асалари уялари, керакли воситалар барчаси асосан хориждан келтирилиб, даромаднинг катта қисми харажатга сарфланарди. Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги қарори асосида хўжалигимизга 50 сотих ер майдони ажратилди, 400 миллион сўм имтиёзли кредит олиб асаларичиликда наслчилик мажмуасини ташкил этдик. Ҳозир хўжалигимизда асаларичилик уялари, мўм пардалар, бошқа бир қанча воситаларни ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз. Аввал иқлимимизга мос келадиган асалари зотлари хориждан келтирилган бўлса, ҳозирда “Карпат”, “Карленка”, “Италянка”, “Бакфа” зотларини хўжалигимизда сунъий кўпайтириб, республикамиз 7 та вилоятига тарқатяпмиз.

    Айни пайтда Самарқанд вилоятида асаларичилик билан шуғулланаётган мингдан ортиқ субъект мавжуд. 15 та фермер хўжалиги, 70 та деҳқон хўжалигида 2,5 минга яқин ишчи томонидан 65-67 минг асалари оиласи боқилади. Қарор асосида Тойлоқ туманида асаларичилик наслчилик мажмуаси ташкил этилди. 2021 йилда вилоят миқёсида 1110 тонна асал, 0,5 килограмм асалари заҳри, 5 килограмм она асалари сути олинди. Шартнома асосида Жомбой, Булунғур туманларидаги 5 минг гектардан ортиқ боғ чанглантирилди.

    — Аксарият асаларичилар жойдан-жойга кўчиб фаолият юритиши инобатга олиниб, давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида асалари боқишга рухсат берилган, — дейди вилоят асаларичилар уюшмаси раиси Ҳайдар Рашидов. — Ҳозирда бундай ерларда 19 мингга яқин асалари оиласи боқилади. Бир неча йилдан буён вилоятимизда Канада, Туркия, АҚШ тажрибаси асосида ўсимликларни чанглатиш учун ҳар гектар майдон бошига ўртача 4-5 қутидан асалари жойлаштирилади. Бу усул маҳсулдорликни 25 фоиздан 100 фоизгача кўпайтиради. Бу йил мазкур усул Самарқанд тажрибаси сифатида бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириляпти.

    Асаларичилар билимини ошириш учун Самарқанд ветеринария медицинаси институтида зооветеринария факультети очилиб, 3 йилдан буён талабалар бу йўналишда таҳсил олмоқда. Ветеринария медицинаси техникумида ҳам соҳа бўйича янгиликлар, инновацион ғоялар, маълумотлар бўйича билим берилади. Асаларичилар уюшмаси ва техникум билан ҳамкорликда соҳада малака ошириш маркази ҳам ташкил этилди.

    Асаларичилик билан томорқа майдонларида ҳам шуғулланиб, яхшигина даромад олиш мумкин. Аммо етарли билим, иқлимга мос зотни танлай билмаслик панд беришини унутмаслик лозим. Шу боис бу борада хонадонбай тизими асосида ишлаб, уюшма аъзоларининг малакасига таяниш, тажрибаларини ўргатишга жалб этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

    Умуман, бугун юртимизда, жумладан, вилоятда асаларичиликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос, зарур моддий-техник шароит яратилган. Гап бу имкониятлардан самарали фойдаланиш, қоғоздаги чора-тадбирларнинг амалиётга кўчишини янада жадаллашитриш зарур. Шунда унинг истиқболли ва сердаромад соҳага айланиши ҳам тезлашади.

    Ўктам ХУДОЙҚУЛОВ,

    журналист

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates