Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот берди.
Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 6,4 фоизга ошганлиги бунинг ёрқин далилидир. Бундай ижобий ўсиш суръатлари иқтисодиётимизнинг барча тармоқ ва соҳалар ривожланишида кузатилди. Яъни, бозор хизматлари 12,9 фоизга, саноат ишлаб чиқариш 7,8 фоизга, қурилиш ишлари 10,1 фоизга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 3,8 фоизга ошди.
Айниқса, асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 229,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,6 фоизга ўсганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Аҳолининг реал даромадлари 8,6 фоизга ошиб инфляция даражасидан (5,2 фоиз) юқори бўлганлиги аҳоли фаравонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижасида ҳамкор давлатлар иқтисодий алоқалар янада мустаҳкамланмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ташқи савдо айланмаси 31,8 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 млрд. долларга ошганлиги бундан далолат бермоқда.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар натижасида фаолият кўрсатаётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари сони ўтган йилга нисбатан қарийб 21,5 мингга ошиб, 833 мингтага етган. Шу ўринда, фойда ва қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,6 фоизга ўсган.
Қайд этилганидек, 2024 йил биринчи ярим йиллигида Давлат буджети даромадлари 121,0 трлн. сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ошиб, деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган. Давлат буджети даромадлари таркибида бевосита солиқлар 33,3 фоизни, билвосита солиқлар 33,1 фоизни, ресурс солиқлари 14,2 фоизни ва бошқа даромадлар 19,5 фоизни ташкил қилган.
Давлат буджетининг харажатлари ҳисобот даврида 149,8 трлн. сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 16,0 фоизга ўсган.
Аҳолини сифатли ижтимоий хизматлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида Давлат буджетидан ажратилган харажатларнинг 49,5 фоизи ушбу соҳани ривожлантиришга йўналтирилган. Ушбу соҳага ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоиз кўп маблағ йўналтирилган.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил биринчи ярим йилликда қўшилган қиймат солиғидан манфий фарқни қоплаш учун солиқ тўловчиларга 14,2 трлн. сўм миқдорида, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 3,4 трлн. сўм кўп қўшилган қиймат солиғи суммалари қайтариб берилган.
Депутатлар маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат буджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари буджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Қизғин савол-жавоблардан сўнг депутатлар Давлат буджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари буджетларининг 2024 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилдилар.