Кўрик давомида 6 минг нафарга яқин давлат фуқаролик хизматчилари саломатлиги бўйича дастлабки хулосалар берилиши режалаштирилган.
***
Касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва уларнинг олдини олиш саломатлик учун муҳим. Айниқса, халқ хизматидаги кадрларнинг саломатлигини асраш — олдимизга қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун аҳамиятли. Бу — оилада фаровонлик, давлат хизматида эса самарадорликни таъминлайди.
Шу мақсадда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида давлат фуқаролик хизматчилари дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
— “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда давлат фуқаролик хизматчисига тиббий хизмат кўрсатиш кафолатланган, — дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Шахруз Азимов. — Кўп ҳолларда давлат хизматчилари ўз саломатлигини текширувдан ўтказишга имкон топишолмайди.Бу эса баъзи клиник белгилари кеч кўринадиган касалликларнинг ривожланиб кетишига сабаб бўлади. Мақсадимиз — профилактика. Сабаби, давлат хизматчилари соғлом ва хотиржам бўлсагина, биз халқчил, самарадор давлат хизматини кўрсата оламиз.
Таъкидлаш жоизки, бугун давлат хизматчилари педиатр, терапевт, жарроҳ-ортопед, гинеколог, офтальмолог, дерматолог, невролог, стоматолог, психолог, эндокринолог каби бир неча турдаги мутахассислар кўригидан ўтказишмоқда.
Мутахассислар кадрлар соғлигининг барқарорлигини кўздан кечириб, таҳлиллар олиб бормоқда ва юзма-юз мулоқотлар асосида уларга зарур тиббий маслаҳат, тавсиялар бермоқда. Шунингдек, давлат хизматчиларининг саломатлиги тўғрисидаги хулосалар, баъзи ҳолатларда эса чуқурлаштирилган кўрик ва учун йўлланмалар берилмоқда. Қолаверса, кўрик натижаларига кўра, касаллик аниқланган ходимларга даволаниши учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилади.
Соғ танда — соғлом ақл, деганларидек, ушбу тадбир ташкилотларда корпоратив маданият ҳамда соғлом турмуш-тарзини кенг тарғиб қилишга ҳам ёрдам бермоқда. Энг муҳими, ушбу эътибор ва ғамхўрликдан кейин давлат хизматчилари ҳам халқимизга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширади.
Жараён давом этмоқда.
Гулчеҳра Ашурова,
журналист