Таъкидланганидек, мамлакатимизда статистика маълумотларининг сифати, холислиги ва ишончлилигини ошириш, давлат статистика органларининг мустақиллигини таъминлаш, статистика кўрсаткичларини халқаро стандартларга мослаштириш, ижтимоий-иқтисодий ва демографик соҳаларда статистиканинг замонавий усулларини кенг жорий этиш, миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2021 йил 11 августда “Расмий статистика тўғрисида”ги Қонун ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Давлат статистика қўмитаси томонидан расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларининг статистика услубиятларини халқаро тавсияларга мувофиқлиги юзасидан 2021 йилда Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Марказий банкнинг расмий статистика соҳасидаги статистика услубиятлари аудитдан ўтказилган.
Аудит натижаларига кўра, статистика услубиятларида халқаро тавсияларга номувофиқлик аниқланганлиги сабабли Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларига тақдимномалар киритилган. Шу билан бирга, бир қатор давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар ўз вақтида эълон қилинмаган.
Хусусан, 2022 йил 8 июнь ҳолатига кўра, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси – 20 тадан 16 та, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ – 16 тадан 14 та, “Қишлоқ қурилиш банк” АTБ – 14 тадан 5 та, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги – 8 тадан 5 та, Андижон вилояти ҳокимлиги – 27 тадан 23 та, Жиззах вилояти ҳокимлиги – 27 тадан 10 та очиқ маълумотлар тўпламларини порталга жойлаштирмаган.
Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари томонидан порталга эълон қилиниши лозим бўлган 27 та маълумотларнинг биронтаси жойлаштирилмаган. Бундан ташқари, мажлисда Давлат статистика қўмитаси расмий веб-сайтининг “Расмий статистика” бўлимига жойлаштирилиши белгиланган статистик маълумотларнинг “Расмий статистика тақвими”да белгиланган рўйхат ва муддатларда жойлаштириш ҳамда бошқа бир қатор камчиликлар мавжуд эканлиги қайд этилди. Мажлисда қайд этилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.











