Давлат тиббий суғуртаси сифатли тиббий хизмат кўрсатишнинг муҳим омили

    Фикр 7 август 2023 1268

    Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишдан кўзланган мақсад аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини оширишдан иборат. Уни амалиётга жорий этишда тизимдаги самарасиз харажатлар улуши босқичма-босқич қисқартирилади, тиббиёт муассасаларининг молиявий мустақиллиги ошади.

    Янада эътиборли жиҳати, аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам кўрсатилади ва бунга хусусий тиббиёт ташкилотлари ҳам жалб этилади.

    Халқаро тажрибадан маълумки, касалликларнинг қарийб 80 фоизини бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида эрта босқичларда аниқлаш ва даволаш мумкин. Давлат тиббий суғуртаси тизимида ҳам бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш орқали касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ҳамда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада тиббий профилактика ва патронаж тизимининг мутлақо янгича шакли яратилаётир.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги қарорига кўра, Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида давлат тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш ишлари бошланган эди.

    Ўтган йилларда бир қатор натижаларга эришилди. Хусусан, вилоятдаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 412 та тиббий бригада ташкил қилинди. Ҳар бир тиббий бригада 1 нафар оилавий шифокор, 1 нафар амалиётчи ҳамшира, 2 нафар патронаж ҳамшира ва доядан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирига ўртача 2000 дан аҳоли бириктирилган. Шифокорлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационарлар сони 379 тадан 493 тага кўпайиб, даволанганлар сони 76,4 фоизга ошди.

    Шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилиб, амалиётчи ҳамширалар фаолияти йўлга қўйилди. Ҳамшираларнинг беморларни мустақил қабул қилиши ва скрининг текширувлари ўтказиши натижасида оилавий шифокор юкламасини 30–40 фоиз камайтиришга эришилди. Энди оилавий шифокор ахлоқий меъёрларга риоя қилган ҳолда шахсга доир маълумотларни сир сақлаб, ҳар бир бемор билан юзма-юз суҳбатлашиб, касаллик сабабларини аниқлаши мумкин.

    Оилавий шифокор фаолиятининг негизида беморга тўғри ташхис қўйиш, касалликнинг келиб чиқиш сабабларини топиш мақсади ётади. Энди бу вазифани уддалаш учун яна кенгроқ имконият яратилиб, қўшимча вақт берилмоқда. Мисол учун, Сирдарё вилоятидаги туман ва шаҳар шифохоналарига оилавий шифокор йўлланмаси билан мурожаат қилиш ҳолати 85,5 фоизга ошди. Натижада тор соҳа мутахассисларига мурожаат қилиш ҳолати 8 фоиз камайган. Шифохоналарга беморларни асоссиз ётқизиш кўрсаткичи 45 фоиздан 20 фоизгача тушди.

    Патронаж ҳамширалар қисқа ўқув курсларида қайта ўқитилди. Улар ҳомиладорлик, туғуруқдан кейинги даврда аёлларга ҳамда 5 ёшгача бўлган болаларга ўз вақтида сифатли патронаж ёрдами кўрсатиш, хавф омилларини аниқлаш, аниқланган муаммоларни ҳамкорликда ҳал қилишга оид кўникмаларни эгаллади. Беш ёшгача болаларга ўз вақтида патронаж ёрдами кўрсатиш, шифокор олди кўрик хоналарида ўсиш ва ривожланиш бўйича скрининг текширувларини ўтказиш йўлга қўйилган. Скрининг натижаларига кўра болада аниқланган касалликларни самарали даволаш бўйича муолажалар қилинмоқда.

    Вилоят аҳолиси электрон дастур орқали оилавий шифокорларга бириктирилиб, электрон маълумотлар базаси яратилди. 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли скрининг текширувларидан ўтказилиб, хавф омиллари аниқланди. Беморларга бу борада зарурий тавсия ва маслаҳатлар берилиб, назоратга олинди. Ушбу скрининг текширувлари ўтказилмаганда кўпчилик саломатлигида учраётган хавф омилларидан бехабар бўлиб, касаллик кучайган ёки оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди.

    Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактика мактаблари ва соғлом турмуш тарзи хоналари ташкил қилинган. Профилактика мактабларида сурункали касаллиги бўлган беморлар билан машғулотлар ўтиш, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш, касаллик асоратларини камайтиришда турмуш тарзи ва тўғри овқатланишнинг аҳамияти тўғрисида маслаҳат ҳамда тавсиялар берилмоқда.

    Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида хизматлар сифатини яхшилашда рақамлаштириш, беморларни рўйхатга олиш, электрон тиббий карта юритиш, шифокор қабулига онлайн ёзилиш, электрон рецепт ёзиш каби омиллар муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, оилавий шифокор йўлланмаси асосида беморларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби жорий қилинди. Ушбу тартибга риоя этилмаган ҳолларда, шунингдек, кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилади.

    Давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда сурункали касалликлар бўйича диспансер назоратидаги беморларга электрон рецепт асосида дорихонадан 11 турдаги дори-дармон бепул берилмоқда. Амбулатор даволаш жараёнида реимбурсация тизими жорий этилмоқда. Бунда асосан (юрак ишемик касаллиги, юқори қон босими, қандли диабетнинг II тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги) бўлган фуқаролар шифокор ёзадиган электрон рецепт асосида узоққа бормасдан дориларни поликлиниканинг ўзида ёки унга яқин жойлашган дорихонадан олиши мумкин.

    Реимбурсация инглизча сўз бўлиб, “харажатларни қоплаш” маъносини англатади. Бу аҳолини дори воситалари билан таъминлашда алоҳида сурункали касалликларни даволаш учун шифокор тавсия этган дори-дармонлар харажатини мақсадли компенсация қилишни назарда тутади. Даволаш стандартларига кўра, дори-дармонларни истеъмол қилиш ҳар қандай касалликни даволашнинг ажралмас қисми, бироқ сурункали касалликларни амбулатор шароитда узлуксиз даволаш тизими мукаммал эмас. Шу боис, аҳолининг зарур дори-дармондан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида Реимбурсация дастури амалиётга жорий этилди. Мазкур дастур беморга оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида дорихоналар орқали дори-дармонни бепул олиш имконини беради. Харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жамғарма орқали қоплаб берилади.

    Бу каби ишлар юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда. Бунда бирламчи бўғин фаолиятини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бирламчи бўғинда тиббий суғурта тизимининг йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами улуши ошишига, аҳолининг ижтимоий заиф тоифасини сифатли тиббий хизмат билан қамров даражасини оширишга, аҳолининг тиббий ёрдам учун тўғридан-тўғри тўловларини камайтиришга хизмат қилади.

    Фаррух ШАРИПОВ,

    Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси

    ижро этувчи директори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates